Home / ЯНГИЛИКЛАР / МУҲАДДИСЛАР ПЕШВОСИГА ЮКСАК ЭҲТИРОМ

МУҲАДДИСЛАР ПЕШВОСИГА ЮКСАК ЭҲТИРОМ

Юртимиздан дунё илм-фани ва маданияти ривожига катта ҳисса қўшган минглаб алломалар етишиб чиққан. Манбаларга таянадиган бўлсак, биргина ҳадис илми бўйича уч мингдан зиёд олимнинг номини санаб ўтиш мумкин. Дунё ҳадис илми устозлари саналган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Абдулҳамид Кеший, Ибн Ҳиббон каби муҳаддисларнинг буюк хизматлари туфайли юртимиз “Улуғ муҳаддислар юрти” деб эътироф этилиб, уларнинг ноёб асарлари тарихнинг барча даврларида кенг ўрганилган. Буюк алломаларимизнинг бизгача етиб келган асарлари ҳозирги кунда ҳам улкан маънавий куч-қувват манбаидир.

Ҳадис илми ривожида, аввало, Имом Бухорий ҳазратларининг хизмати беқиёс. Шу боис, аллома ҳаёти ва илмий-маънавий меросини кенг тадқиқ этиш юзасидан нафақат юртимиз, балки бутун мусулмон оламида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан икки йил муқаддам ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бугунги кунда нафақат муҳаддислар султони, балки Мовароуннаҳр ҳудудидан етишиб чиққан кўплаб бошқа аллома ва мутафаккирларнинг илмий-меросини тўплаш ва тадқиқ этиш билан шуғулланмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2019 йили Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини кенгайтириш зарурлигини таъкидлаб, “Бу жой Имом Бухорий бобомизнинг илми ва ислом оламидаги мақомига муносиб бўлиши керак. Мамлакатимизда зиёрат туризмининг асоси аслида шу ердир”, деган эди. Шунга мувофиқ, мажмуанинг янги лойиҳаси ишлаб чиқилди. Президентимиз ҳузурида бир неча бор тақдимоти ўтказилиб, такомиллаштирилди.

Куни кеча давлатимиз раҳбарининг Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида ушбу зиёратгоҳ қурилиши бошланди. Шу муносабат билан табаррук қадамжода нуронийлар ва зиёлилар билан учрашув бўлди. Президентимиз халқимизни қутлуғ айём билан муборакбод этаркан: “Рамазон — эзгу ниятлар ижобат бўладиган муқаддас ой. Бу қурилишни шу ойда бошлаётганимиз хайрли, хосиятли бўлади. Бу соҳада қилаётган ишларимиздан мақсад эътиқодимизни, аллома боболаримизга ҳурматимизни илм билан, эзгу амаллар билан билдиришдир. Аждодларимизга муносиб бўлиш биз учун жуда катта бурч”, деди.

Таомилга биноан, улкан хайрли иш олдидан Қуръон тиловат қилиниб, Тангри таолодан барча эзгу ниятларнинг ижобати сўралди.

Янги мажмуада катта масжид, тўртта симметрик минора, баланд айвонлар, йўлдан кириб келишда хиёбон бўлади. Кўп сонли зиёратчилар учун замонавий қулайликлар яратилади. Жумладан, еттита меҳмонхона, учта автотураргоҳ ва автобекат, супермаркет, бозорча барпо этилади. Шунингдек, ошхоналар, ҳунармандлик буюмлари растаси каби ёндош шохобчалар қурилиши белгиланган.

Қад ростлайдиган янги мажмуа бу ердаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби билан мутаносибликда ўзаро уйғунлашган улкан ансамблни ҳосил қилади.

Ўтган йили пандемия туфайли рамазон ойида юртдошларимиз диний амалларни уйда бажарди. Бу йил, Яратганга шукрки, масжидларимиз очиқ, мўмин-мусулмонлар карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда, барча ибодатларни тўла-тўкис адо этмоқда. Кексалар, ногирон ва ёрдамга муҳтож инсонлар, кам таъминлаган оилаларга беғараз ёрдам бериляпти. Бутун дунё қайтадан локдаунга чўкаётган, оғир инқирозни бошдан кечираётган ҳозирги мураккаб шароитда бу жуда муҳим аҳамият касб этади.

Шовосил ЗИЁДОВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 17 апрель, №77 (333)

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …