Эл орасида баъзан “фалончи жуда ҳам етишган фолбин экан, йўқолган нарсани топиб берди”, ёки “жуда ҳам илмли экан, душманларимга қарши дуо ёздириб олдим” деган гапларни эшитиб қоламиз. Шундай фитна ишларни қилиб, одамларни ўз ёлғонларига ишонтириб пулини шилаётган товламачилар эса ўзларини тақводор, шариатдан хабари бор, ёзиб бераётган нарсаларини ҳам Қуръондан олаётгандек кўрсатишади. Бу улар ўзларини “реклама” қилиш учун, одамлар уларни худонинг “суйган бандаси”деб ҳисоблашлари учун бир ниқобдир холос. Ахир ким ҳам гуноҳларни очиқча қилувчи икки гапининг бири сўкиш бўлган ва бошқа салбий хислатларга эга одамдан кўмак сўраб борарди. Шу нуқсонларни яширишнинг энг яхши йўли бу ўзини диндор қилиб кўрсатишидир.
Хўш динимизда “азайимхонлик”, “фолбинлик”, “сеҳр-жоду”, “иссиқ-совуқ” қилишликнинг ҳукми қандай?.
Юқорида санаб ўтилган ишларнинг барчаси динимизда ман қилинган ишлардан бўлиб, бу ишлар билан шуғулланиш мутлақо ҳаромдир. Нафақат шуғулланиш, шу ишларни қилувчилар олдига бориб ҳожатини сўрашлик ҳам ман қилингандир. Ҳатто диний манбаларда шундай ишлар билан шуғулланадиганларнинг уйини бировга кўрсатиб юборувчи ҳам уларнинг гуноҳига шерикдир дейилган. Пайғамбаримиз(с.а.в) ўз ҳадисларида: “Фолбиннинг олдига бориш ҳаромдир, унинг гапини тасдиқлаш куфрдир”деб марҳамат қилганлар. Динимиз ман қилган ишларни қилиб, яна ўзларини эътиқодли, тақводор қилиб кўрсатишда мантиқ борми?.
Динимиз манбаларида ёзилишича кимки билиб-билмай фолбинга борса Аллоҳ унинг тақдирида яхшиликни, дардига шифони ёки ишларига барака ёзиб қўйган бўлса, ўз тақдирига ризо бўлмай боргани учун барча яхшиликларни кечиктириб қўяр ёки зое қилар экан. Агар кузатсангиз фолбинга тез-тез бордиган кишиларни ҳеч иши олдинга юрмайди, топганида барака йўқ.
Худди шунингдек сеҳр ҳам, “иссиқ-совуқ” қилишлар ҳам катта гуноҳдир. Сеҳр инсонни мушрикка айлантириши, Аллоҳнинг изни бўлмаса ҳеч кимга зарари тегмаслиги Қуръонда ёзилган. Шунингдек “Тоҳо”сурасида “Сеҳр қилувчи ҳеч қачон нажот топмагай” дейилган. Али ибни Абу Толиб айтадилар: “Фолбин сеҳргардир, сеҳргар эса кофирдир”.
Яратган инсонга ўз инон-ихтиёрини ўзига бериб қўйибди. Ҳалол меҳнат қилиб касб қилганларнинг ризқи кенг баракали бўлади. Ўз соғлигига эътиборли бўлганлар эса соғлом бўлишади. Аксинча, нопок ҳаром йўлларга юрганларнинг ризқи қирқилади, танидан саломатлик кетади, уйида ҳаловат бўлмайди. Ўз тақдирига ўзи сабабчи бўлиб айбни бошқалардан қидиради ва фолбинга югуради. Фолбин ҳам одамларимизни соддалигидан фойдаланади. Олдига келганларни ўрганавериб “психолог” бўлиб кетгани учун “мижоз”ининг кўнглидаги, яъни эшитмоқчи бўлиб келган гапни ўзига айтади: “сизга кўз теккан”, “сизга ёмон дуо қилишибди”, “уйингизни остонасига қабристон тупроғини сепишибди” ва ҳ.к. Табиийки шулардан ўзи халос қилишини ҳам айтиб ўтади.
Жамиятимизда фолбин ва сеҳргарларнинг гапига ишониб бир-бирини ўғрига чиқараётган қариндошлар, бир-бирини иссиқ-совуқ қилишда айблаётган қайнона келинлар, юз кўрмас бўлаётган қудалар йўқ эмас. Мантиқли савол туғилади “Нима учун ўзимизга ўхшаган инсоннинг кўрмаган, эшитмаган гапига ишонишимиз керак?”. Демак бундай инсонлар жамиятимиз учун ҳам хавфли экан. Баъзан бирор фолбин ёки сеҳргарни тўсатдан бир касаллик билан вафот этганини ёки фарзанди автоҳалокатга учраганини эшитиб қоламиз. Соғлом фикрли инсон мулоҳаза қилади: “Наҳотки шунчалик ҳамма ҳақида ҳамма нарсани биладиган одам ўзини касалини билмаган, фарзандини автоҳалокатдан олиб қололмаган бўлса, қизиқ”.