Home / ЯНГИЛИКЛАР / РАМАЗОН САХОВАТ, САБР ВА ДУО ОЙИДИР

РАМАЗОН САХОВАТ, САБР ВА ДУО ОЙИДИР

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу. Аллоҳ таборака ва таолога беадад ҳамду санолар, Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб салавоту саломлар бўлсин!

Бутун дунё мўмин-мусулмонлари интиқиб кутадиган Рамазони шариф ойи ҳам кириб келмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва ўз номимдан, Сиз, азизларни фазилатли Рамазон ойи билан чин қалбдан, самимий муборакбод этамиз.

Ҳар йили юртдошларимиз ушбу ойни кўтаринки кайфият, ўзгача шукуҳ ва алоҳида тайёргарлик ила қарши оладилар. Аллоҳга шукрки, бу йил юртимиз масжидларида таровеҳ намозларини ўқиймиз, 1 370 дан ортиқ жомеларда хатми Қуръонлар қиламиз, Рамазон ойи шарофати билан бутун дунёга ташвиш бўлиб турган коронавирус касаллиги бартараф бўлишини Ҳақ таборака ва таолодан сўраймиз.

Шу ўринда барчамиз яхши тушунишимиз керакки, бутун дунёда коронавирус хасталиги авж оляпти. Ҳукуматимиз томонидан халқимиз соғлиғини асраш йўлида жиддий саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Биз ҳам таровеҳ намозларида тиббий ниқоб тақиш, оралиқ масофани сақлаш, қўл бериб кўришмаслик каби карантин тартиб-қоидаларига қатъий риоя қилишимиз зарур бўлади. Кимки ўзида касаллик аломатларини сезса, таровеҳ намозини адо этиш учун жамоатга қатнашмаслигини сўраймиз. Зеро, динимизда ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зарар бериш йўқ.

Моҳи Раҳмонда адо этиладиган солиҳ амаллар эвазига мўмин-мусулмонлар жуда катта ажр-савобларга эришадилар. Рамазон ойида Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфирати бўлади, ибодатлар ва савобли амаллар кўпайтирилади. Саховатпеша, қўли очиқ инсонларимиз ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган кишилар ҳамда кам таъминланган оилаларга меҳр-мурувват улашадилар. Беморлар ҳолидан хабар олиб, кўнгилларини кўтарадилар.

Рамазон — Қуръон ойидир. Аллоҳ таолонинг каломи айнан шу ойда нозил бўлган. Ҳақ таоло Ўзининг муқаддас китобида бундай дейди: “Рамазон ойи — одамлар учун ҳидоят манбаи ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир” (“Бақара” сураси, 185-оят).

Рамазон — саховат ойидир. Бу ойда қилинган хайру эҳсонларга Аллоҳ таоло улкан ажр-савобларни беради. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу муборак ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлиб кетардилар. Шунинг учун ҳам қадимдан мусулмонлар Рамазон кирганда саховатлироқ бўлишга одатланганлар. Давлатманд кишилар закотларини айнан Рамазонда адо этишган. Бу ойнинг баракасидан ҳар бир уй баҳраманд бўлиб, мўминлар қалбига шодлик киради.

Шу сабабли бу муборак ойда ҳар биримиз ён-атрофимизда ёрдамга муҳтож кишилар бўлса, қўлимиздан келганча уларга яхшилик қилиб қолсак, айни муддао бўлади.

Рамазон — сабр ойидир. Бу йил ҳам сабримизни икки ҳисса оширишга тўғри келади. Бири рўза тутиш билан боғлиқ машаққат бўлса, иккинчиси пандемия сабаб юзага келган мушкулотлардир. Бу билан Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Сабрнинг мукофоти — жаннатдир”, деган башоратларига дохил бўламиз, инша Аллоҳ.

Рамазон — дуо ойидир. Ҳар бир мусулмон дуолар ижобат бўладиган мана шу кунларда кўп-кўп дуо қилиши керак. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўзадорнинг дуоси қайтарилмайди»”, деганлар.

Биз нуроний отахону онахонларимиздан сўраймизки, ушбу муборак кунларда юртимизга тинчлик-осойишталик, дастурхонимизга қут-барака тилаб, Аллоҳ таолога дуо қилсинлар. Расули Акрам алайҳиссалом Рамазон ойида мўмин кишининг ризқи зиёда бўлиши, хонадони файзу баракага тўлиши ҳақида: «”Бу ойда Аллоҳ мўминнинг ризқини кўпайтиради”, деб марҳамат қилганлар.

Мана шундай фазилатли ойда рўзаларимиз қабул, ибодатларимиз мақбул ва дуо-ю илтижоларимиз мустажоб бўлишини Ҳақ таборака ва таолодан сўраймиз.

Куни кеча муҳтарам Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унда халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат ва шукроналик туйғуларини янада юксалтиришга алоҳида урғу берилди.

Аллоҳга шукрки, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар, янгидан очилаётган масжид-мадрасалар, қайта чирой очаётган қадамжолар мўмин-мусулмонларни чексиз мамнун этмоқда.

Ўтган қисқа вақт ичида Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро марказлари, Халқаро ислом академияси, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасасининг ташкил этилгани нафақат юртдошларимизни, балки хорижлик биродарларимизни ҳам чексиз мамнун этди.

Бутун дунё Ўзбекистонда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг катта самара беришига, бу азиз диёрнинг яна илм-маърифат маркази бўлишига кўз тикмоқда. Таъкидлаш жоизки, барча ислоҳотлардан кўзланган мақсад — Ватанимизни янада обод этиш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, тинчлик-осойишталикни асраш ва ёшларни комил инсон этиб тарбиялашдир.

Мана шундай улуғвор мақсадлар йўлида барчамиз бир тану бир жон бўлиб, Президентимиз атрофида бирлашиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз керак. Халқимиз, айниқса, ёшларни бугунги кун таҳдидларидан, турли ёт ғоя ва қарашлардан асрашимиз лозимдир.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлаши Аллоҳга тасбеҳ, қилган амалининг савоби кўпайтириб берилади, дуолари ижобат ва гуноҳлари кечирилади”, деб марҳамат қилганлар. Мўътабар манбаларда Рамазон ойида қилинган эзгу ва хайрли ишларнинг савоби етмиш даража кўтарилиши баён этилган.

Ушбу ҳадиси шарифда рўзадорнинг дуоси ижобат, дейилди. Шунинг учун ҳам бу қутлуғ ойда чин қалбдан, астойдил дунё ва охират саодатини сўраб дуолар қилишимиз керак бўлади.

Биз Парвардигори оламнинг раҳмат ва мағфирати жўш уриб, ер юзига илоҳий нурлар ёғиладиган ой арафасида турибмиз. Ушбу ойни ғанимат билиб, юртимиз тинчлиги, ризқимиз тўкинлиги, коронавирус касаллигига чалинганлар тезроқ шифо топишларини Ҳақ таолодан сўрайлик.

Аллоҳ таборака ва таоло эзгу мақсадларимиз, яхши ният ва улкан режаларимизни рўёбга чиқарсин!

Она Ватанимиз янада обод, халқимиз ҳаёти ҳамиша фаровон бўлсин!

Барчамизга фазилатли Рамазон ойи муборак бўлсин!

Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раиси, муфтий
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 10 апрель, №72 (328)

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …