Хабар берилганидек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари номзоди, доцент Ш.Зиёдов 8 апрель куни Туризмни ривожлантириш институти ва Халқаро ислом академияси ҳамкорлигида ўтказилаётган “Зиёрат – туризм: тарих, фактлар, шахслар” номли халқаро онлайн семинарда иштирок этиб, маъруза қилди.
Ш.Зиёдов дастлаб юртимизда сўнгги йилларда зиёрат туризмини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот бериб, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиётини Самарқанддаги муқаддас қадамжолар, хусусан, Имом Бухорий мажмуаси мисолида атрофлича ёритиб берди.
Анжуманда олим юртимизда туризм миллий иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири сифатида баҳоланиб, кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилаётгани, мамлакатимизга келаётган сайёҳлар сони охирги уч йил мобайнида сезиларли даражада ошгани, бу борада Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги муқаддас қадамжолар, диққатга сазовор тарихий масканлар алоҳида аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
– Самарқанд зиёрат туризми йўналишида улкан салоҳиятга эга бўлган ҳудудлардан ҳисобланади. Тарихда ҳам бу диёр турли ўлкалардан келган сайёҳларни ўзига ром этиб келган. Ҳар йили бу шаҳарга хорижий мамлакатлардан минглаб сайёҳлар келади. Вилоятда ҳозирги кунда 1851 та моддий-маданий мерос объекти мавжуд бўлиб, улар орасида зиёрат қилиниши мумкин бўлган қадамжолар жуда кўп. Бунга сабаб Самарқандда кўплаб мадраса ва масжид, ислом билимлари ва илм-фаннинг турли соҳалари ривожига муносиб ҳисса қўшган буюк алломалар ҳоки абадий қўним топган мақбаралар мавжуд. Шоҳи Зинда, Руҳобод, Имом Бухорий, Имом Доримий, Имом Мотурудий, Махдуми Аъзам Даҳбедий, Хожа Аҳрор Валий, Шайх Худойдоди Валий ва бошқа кўплаб зиёратгоҳлар шулар жумласидандир,– деди Ш.Зиёдов.
Семинар давомида иштирокчиларга муҳаддислар султони Имом Бухорийнинг ҳаёти ва бой илмий-маънавий мероси ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Ушбу меросни ўрганиш ва келажак авлодга етказиш мақсадида олиб борилаётган тадқиқот ишлари ҳақида сўз юритди.
Олим зиёрат туризми тараққиётида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг ўрни ва аҳамияти қандай бўлиши ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек, ушбу соҳани тараққий эттиришга хизмат қилувчи айрим таклифларини айтди.
– Энг аввало, вилоятдаги муқаддас қадамжоларнинг туристик харитасини ишлаб чиқиш ва замон талаблари даражасида реконструкция қилиш, у ерларда аёллар учун қулайликлар яратиш, турли тилларда буклет ва тарқатма материаллар тайёрлаш, тарғибот ишларини мунтазам йўлга қўйиш, транспорт ва бошқа хизмат кўрсатиш тизимларини яхшилаш, мобил иловалар ишлаб чиқиш, “Ҳалол” халқаро стандартларига мувофиқ ошхона ва овқатланиш шахобчаларини ташкил этиш, тезкор интернет тармоғи билан таъминлаш ва гид-таржимонларни тайёрлаш масаласига эътиборни кучайтириш долзарб аҳамият касб этади, – деди Ш.Зиёдов.