Инсон жамият аъзоси сифатида бошқалар билан муносабатга киришар экан, бу жараёнда иш, ўқиш, кундалик ҳаёт ва бошқа жабҳаларда ҳар хил одам билан муомала қилади. Кимдир ҳамкасб, кимдир ўртоқ, кимдир таниш ё ҳамроҳ бўлади. Булар ичида энг яхшиси дўстдир.
Агар сиз одамни одамдан фарқламоқчи бўлсангиз, дўстларингиз, биродарларингиз ва яқин кўрганларингизнинг исмларини ёзинг ва ўзингизга “у ўзи яхши инсонми ёки аксинчами”, “унинг дўстлиги самимийми ёки ўз манфаатидан бошқасини ўйламайдими”, “у самимий суҳбат қурадими ёки иккиюзламачидек муносабатда бўладими”, каби саволларни беринг.
Баъзилари хулқи яхши, муомаласи чиройли, тили ширин, ўзига доғ туширмаган, лекин ҳеч кимга нафи тегмайди, бировнинг кўнглини олмайди. Чанқоқдан ёнаётганингизда дарёда бўлса ҳам, бир пиёла сув бермайди.
Баъзиларни ёмонларнинг ошнолиги йўлдан оздиради, ҳолатини ўзгартириб, ҳаётини издан чиқариб юборади. Баъзи ярамаслар эса, солиҳлар суҳбати сабабли ўзини ўнглаб олади.
Яна баъзилар дўзах йўлида юрган дўстини жаннат сари буради. Аллоҳни эслатадиган дўст Уни унуттирадиган ошно билан баробар эмас. Фисқу-фужур ўчоғига олиб борадиган ўртоқ ибодатга, масжидга етаклайдиган дўст каби бўлмас. Ўқиган китобини сиз ҳам мутолаа қилишингиз учун гапириб берадиган дўст бефойда нарсаларни сизга тарғиб қилган шерик каби бўлмайди.
Мутахассислар дўстларни беш турга бўлади.
Баъзи дўстлар ҳавога ўхшайди – уларга доим муҳтож бўласиз.
Айримлари овқатга ўхшайди – тириклик, яшаш у билан. Лекин баъзида у бемаза ёки ҳазми қийин бўлиши мумкин.
Дори-дармонга ўхшаган дўст ҳам бўлади. Аччиқ, лекин баъзида унга эҳтиёж бор.
Яна бири шаробга ўшайди. Ичган одам лаззатланади, лекин саломатлиги ва шараф-обрўйи кетади.
Шунингдек, балога ўхшаган дўст ҳам бўлади.
Ҳавога ўхшаган дўст, у имонингизга фойда, дунёнгизга манфаат келтиради. Унинг дўстлигидан завқланасиз, суҳбатидан фойда оласиз.
Овқатга ўхшаган дўстга келсак, у сизнинг бу дунёю диёнатингизга фойда келтиради. Лекин баъзан қўполлиги, ёмон хулқи ё ўжарлиги билан ғашингизга тегади.
Дори-дармонга ўхшаган дўст бўлса, сиз эҳтиёжингиз тушганда мурожаат қиласиз ва фойдаси тегади. Лекин унинг имон-эътиқоддаги нуқсони сизга хуш келмайди ва ўзаро алоқалар чин кўнгилдан, дўстона бўлмайди.
Шаробга ўхшаган дўст сизни лаззатлар дунёсига етаклайди, нафсингиз истакларини муҳайё қилади. Лекин хулқингизни бузади, икки дунёнгизни барбод қилади.
Балога ўхшаган кимса на имонингизга, на дунёнгизга манфаат келтиради. Унинг дўстлигидан ҳам, суҳбатидан ҳам фойда йўқ.
Демак, имон-эътиқодни мезон қилиб олишингиз даркор. Кимнинг шунда фойдаси бўлса уни маҳкам ушланг.
Кимнинг сизга зарари етса, ундан воз кечинг, йироқлашинг. Мулоқот ва муомалага мажбур бўлсангиз, зарурат доирасидагина ҳамроҳ бўлинг.
Имон-эътиқодингизга зарар қилмайдиган ва дунёнгизга фойда келтирмайдиган, лекин ёқимли ва завқли кишига келсак, бу дўстлик зиммангиздаги амалларни бажаришингизга тўсқинлик қилмаслиги, бефойда ва гуноҳга олиб бормаслиги шарти билан унинг суҳбатидан баҳраманд бўлиш билан кифояланишингиз лозим.
Эркин Воҳидовнинг мана бу сатрларини ҳаммамиз яхши биламиз:
Дўст билан обод уйинг,
Гар бўлса у вайрона ҳам.
Дўст қадам қўймас эса,
Вайронадир кошона ҳам.
Дўстлик вайронани кошона қиладиган куч экан, бу йўлда ҳеч биримиз адашмайлик.