Аввал хабар бериб ўтганимиздек, Самарқандда ташкил этилган халқаро конференцияга ташриф буюрган Афғонистон делегация вакиллари юртимизда амалий ташриф билан бўлиб турибди.
Жорий йил 17 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва Афғонистон Ислом Республикаси Иршод, ҳаж ва вақф ишлари вазири Муҳаммад Қосим Ҳалимий ўртасида мулоқот бўлиб ўтди.
Унда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Ўзбекистон, Тожикистон ва Афғонистон уламоларининг доимий ҳамкорликда иш тутишлари давлатлар ўртасидаги ижобий алоқалар ҳамда дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, А.Аҳмедов ўз нутқида томонлар ўртасида зиёрат туризми йўналишидаги алоқаларни йўлга қўйиш, мазкур давлатларнинг фатво идоралари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш кабиларга алоҳида урғу берди. Суҳбат давомида замонавий таҳдидлар ва хуружлар, жумладан, экстремизм ва терроризмга қарши курашда мунтазам ҳамкорлик қилиш, халқлар ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик йўлида биргаликда ишларни ташкил этиш каби масалалар ҳам қайд этилди.
Ўз навбатида вазир Муҳаммад Қосим Ҳалимий Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида, шу жумладан, диний жабҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар уни ҳайратга солганини эътироф этди. Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” мажмуасида жойлашган обидалар, хусусан Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши ҳамда ушбу марказ қурилиши жараёнларига юқори баҳо берди. Меҳмон Самарқандда ташкил этилган халқаро анжуман ҳамда афғон делегациясига кўрсатилган юқори даражадаги меҳмондўстлик учун Ўзбекистон томонига самимий миннатдорлигини изҳор этди. Учрашувда халқаро конференцияда имзоланган баёнот уч мамлакат учун ҳам ижобий самаралар бериши маълум қилинди.
Мулоқот якунида меҳмонларга эсдалик совғалари улашилди.