Жорий йилнинг 15 март куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва бошқа соҳага алоқадор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Самарқандда “Имом Бухорий меросининг ўзига хос хусусиятлари ва бугунги кундаги тарбиявий аҳамияти” мавзусида халқаро конференция ўтказилади. Унда Ўзбекистон, Афғонистон ва Тожикистондаги диний соҳа раҳбарлари, етук уламолар, мутахассис ва мутасадди вакиллар иштирок этади.
Анжуманда «Имом Бухорий меросининг ўзига хос хусусиятлари ва афзалликлари», «Имом Бухорий меросининг бугунги кундаги аҳамияти ва миллатлараро тотувликни таъминлашдаги ўрни», «Марказий Осиё давлатларида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик, яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик, диний-миллий қадриятларни асраб-авайлаш» мавзуларида маърузалар тингланади. Халқаро конференцияда шунингдек, Ўзбекистонда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ижобий янгиланишлар ва ўзгаришларни халқаро миқёсда тарғиб қилиш мақсад қилинган.