Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / “Саҳиҳул Бухорий” ижодкорларни ҳам илҳомлантирмоқда

“Саҳиҳул Бухорий” ижодкорларни ҳам илҳомлантирмоқда

Ўзбекистоннинг маданий ва тарихий мероси, ислом динининг инсонпарварлик тамойилларини тарғиб этиш мақсадида 3 март куни Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асари асосида “Ислом санъати” халқаро онлайн кўргазмаси бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчихонаси кўмагида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий ҳалқаро илмий-тадқиқот маркази, Буюк Британиянинг Лестер университети ва Dacore IT масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил қилинди.

Унда қатор халқаро кўргазма ва фестивалларда қатнашган юртимизнинг таниқли уста рассомлари билан бирга ёш ижодкорлар ўз ижод намуналари билан иштирок этишди.

Кўргазма иштирокчилари орасида таниқли миниатюрачи, китобат санъати бўйича тажрибали рассом, хаттот, графикачи рассом ва фотосуратчи каби ёш истеъдод эгалари бор.

Халқаро миқёсда эътибор қозонган «Сўғдиёна» миллий чолғу-асбоблари камер оркестри жамоаси кўргазма учун махсус ижод қилинган «Зикр» номли композициясини тақдим этди.

Имом Бухорийнинг ҳадис тўплаш йўлидаги меҳнати ва илмий изланишларини акс эттирувчи ушбу кўргазма қатор ижодкорларни бир жойга тўплади. Яъни, ушбу тадбир учун яратилган барча санъат асарлари “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидан илҳомланган санъат усталарининг ижод маҳсуллари ҳисобланади. Уларни бир хайрли мақсад – ўз асарлари орқали ислом динининг ақл-заковат, адолат, тинчлик, ва бағрикенгликни мужассам этган эзгу ғояларини ҳалқаро миқёсда санъат мухлисларига тарғиб этиш нияти бирлаштириб турибди.

Кўргазмада Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов бундай тадбирлар бизнинг заминда етишиб чиққан улуғ алломалар меросини жаҳон оммасига тарғиб этиш баробарида халқлар ўртасидаги илмий ва маърифий алоқаларни ривожлантиришга ҳам хизмат қилишини таъкидлади. Марказда аждодларимизнинг асарларини тадқиқ қилиш, халқаро ҳамкорлик йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Муассаса томонидан ўтган давр мобайнида бажарилган ишлар ва эришилган ютуқлар акс эттирилган видеоролик намойиш этилди.

– Исломда энг муҳим ва бирламчи омиллардан бири – бу инсоннинг нафақат ташқи, балки ички ҳолатига ҳам таъсир кўрсатувчи покликдир. Ушбу кўргазмада намойиш этилаётган ижод намуналари одамларни жисм, тафаккур, қалб, руҳ ва ҳаёт мавзуларида чуқурроқ мушоҳадага ундайди. Эътиборлиси, кўргазмада намойиш этилаётган асарларнинг тавсифи ва талқини ҳадислар орқали ифодаланади. Бу эса, унга ташриф буюрувчилар учун исломнинг асосий манбалари билан яхшироқ танишишга ёрдам беради, – Ш.Зиёдов.

Кўргазма сўнгида мавзу юзасидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …