Айни кунларда расмий ташриф билан юртимизда меҳмон бўлиб турган Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд бошчилигидаги делегация аъзолари 3 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига келди.
Ташриф доирасида мартабали меҳмонлар дастлаб Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди. Муҳаддислар султони ҳаққига Қуръон тиловат қилинди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан танишув асносида директор Ш.Зиёдов меҳмонларга мазкур илмий муассасанинг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, халқаро ҳамкорлик, илмий-тадқиқот йўналишида амалга оширилаётган ишлар, эришилган ютуқлар ҳақида сўзлаб берди.
Абдул Раззоқ Довуд Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, диний-маърифий ва бошқа соҳаларда ғоят кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаб, юртимизда алломаларга ҳурмат ва илм аҳлига қаратилаётган эътиборни юқори баҳолади.