Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Инноватсион ривожланиш вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, “Ипотека-банк” АТИБ, ЎзМТРК Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан ҳамкорликда “Учинчи ренессанс – ёшлар нигоҳида” номли республика танлови ташкил қилинмоқда, дейилади www.edu.uz сайтида.
Танловда 40 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикасидаги барча олий таълим муассасаларининг талабалари, магистратура ва докторантура тадқиқотчилари қуйидаги йўналишларда иштирок этишлари мумкин:
- аждодлар меросини ўрганиш ва тарғиб қилишда инноватсион ёндашув;
- олий таълимда сифатли билим олишдан талабаларнинг манфаатдорлигини ошириш учун ўқув жараёни ва методикасини ўзгартириш йўллари;
- ёшларни илм-фан ва инноватсияларга қизиқтиришнинг ноанъанавий усуллари.
Танлов йилига икки маротаба, январ-март ва сентябр-ноябр ойлари давомида тўрт босқичда ўтказилади:
1 – босқич – факултет босқичи (20-январ ва 20-сентябрга қадар);
2 – босқич – ОТМ босқичи (20-феврал ва 20-октябрга қадар);
3 – босқич – ҳудудий босқич (5-март ва 5-ноябрга қадар);
4 – босқич – республика якуний босқичи (20-март ва 20-ноябрга қадар) ўтказилади.
Танлов иштирокчилари тайёрлаган мақола, видеоролик кўринишидаги ижодий ишларини онлайн платформа орқали тақдим этадилар.
Ижодий ишлар @vuz24bot манзилига, иштирокчининг исм-фамилияси ва ўқиш жойи ёзилган ҳолда юборилади. Барча қабул қилинган ижодий ишлар @talaba_vuz саҳифасига жойланиб борилади.
Танлов иштирокчиларининг тақдим этган лойиҳалари ҳар бир йўналиш бўйича мутахассислардан тузилган Ҳакамлар ҳайъати томонидан 100 баллик тизимда баҳоланади.
Танлов ғолиблари диплом ҳамда пул мукофоти билан тақдирланадилар.