Исломнинг рукнлари бешта экани ҳаммага маълум ва машҳур. Ушбу беш рукн фарзи айнлардир. Яъни, ҳар бир шахсга алоҳида фарздир. Мусулмонман, деган одам бу ибодатларни шахсан ўзи адо қилиши фарз. Бу ибодатларни биров адо қилса, бошқадан соқит бўлмайди. Ушбу беш рукннинг энг биринчиси имон келтиришдир. Имон – тил билан иқрор бўлиш ва қалб ила тасдиқ қилишдир. Имон келтириш вожиб бўлган нарсалар қуйидагилар: Имон Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Набийларига, охират кунига, қадарнинг яхши-ёмони Аллоҳ таолодан эканилигига ва ўлгандан кейин қайта тирилишга бўлади.
1. Аллоҳга имон келтириш. “Аллоҳнинг борлигига ишонаман”, дейиш билан иш битмайди. Аллоҳга имон келтиришни тафсилоти билан билиш лозим. Аллоҳ таоло Ўзи айтганидек, У зотнинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам васф этганларидек имон келтирмоқ лозим.
2. Фаришталарга имон келтириш. Фаришталарга ишониш имон арконларидан бўлиб, инсон уларга имон келтирмагунча мўмин бўлмайди. Фаришталарга ишониш ақидамиз арконларидан биридир. Аллоҳнинг фаришталарига имон келтириш фақат уларнинг борликларига имон келтириш билан тўла бўлмайди. Уларга бўлган имон келтириш Аллоҳ ва унинг расули айтганидек бўлиши керак. Уларнинг васфларига, хизматларига ва хусусиятларига имон келтириш лозим.
Уларнинг сифатлари ҳақида ҳадисда шундай дейилади: Имом Муслим Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фаришталар нурдан яратилгандир. Жинлар оловнинг тутунидан яратилгандир. Одам сизга васф қилинган нарсадан яратилгандир”, деганлар. Фаришталарга имон келтиришга Аллоҳ буюрган, чунки, У зот инсонни яратган ва унинг табиатида ғайб нарсаларга қизиқиш борлигини билганидан, ушбу ғайбий нарсага яъни, фаришталарга имон келтиришга буюрган. Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган нарсалардан бири ҳам ғайбий нарсаларга ишонишидир.
3. Китобларига имон келтириш. Илоҳий китобларга имон келтириш Ислом ақидаси арконларидан биридир. Бунинг маъноси, ўша китобларнинг барчаси Аллоҳнинг каломидан иборат эканига ишонмоқликдир. Бунга далил Бақара сурасининг охирги ояти: “Расул ва мўминлар унга Роббисидан нозил қилинган нарсага имон келтирдилар. Барча, Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига имон келтирди” (Бақара сураси, 285 оят).
Пайғамбарларга нозил қилинган илоҳий китоблар тўртта. Булардан биринчиси Забур Довуд алайҳиссаломга. Иккинчиси Таврот Мусо алайҳиссаломга. Учинчиси Инжил Исо алайҳиссаломга. Тўртинчиси Қуръон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган.
Булардан ташқари, Иброҳим айлайҳиссаломга туширилган ваҳийлар тўплами “Саҳифалар” дейилган, уламоларимизнинг айтишларича, улар маълум варақлар бўлиб, китоб даражасига етмаган. Бу ҳақида Аъла сурасида: “Албатта, бу аввалги саҳифаларда бордир. Иброҳим ва Мусо саҳифаларидадир”, деган (Аъла сураси, 18-19 оятлар). Ислом ақидаси бўйича илоҳий китобларга имон келтириб, Қуръони каримни инкор этган киши кофир ҳисобланади. Шунингдек, Қуръони каримга имон келтириб, бошқа илоҳий китоблардан бирини инкор қилувчи киши ҳам кофир бўлади. Қуръони каримдан бошқа илоҳий китоблар дейилганда, уларнинг ўзгартирилмаган асл нусхалари назарда тутилаяпди.
4. Набий ва расулларига имон келтириш. Бизларга Аллоҳ таоло Ўз китобида номларини зикр қилган пайғамбарларга ва уларнинг исмларини ва ададларини фақат Ўзи биладиган набий ва расулларни юборганига ҳам имон келтирмоғимиз вожибдир. Аллоҳ таоло инсонларни ичидан Ўзига пайғамбар танлаб олишининг ўзи, инсоният учун улкан шарафдир. Аллоҳ таоло инсонларни ҳақ йўлга чақирувчи элчи расулни фариштадан эмас балки одам фарзандидан бўлишини ирода қилди. Аллоҳнинг пайғамбарига имон келтириш ҳам Аллоҳнинг Ўзига бўлган имондан келиб чиқадиган имондир. Чунки, Пайғамбарларга имон келтиришга Аллоҳ таолонинг Ўзи буюрган. Аллоҳга ишонган Пайғамбарига ҳам ишониш керак. Қуръони каримда зикрлари келган пайғамбар алайҳиссаломлардан бирортасини инкор қилган одамнинг мусулмонлиги қолмайди. Пайғамбарлар гуноҳдан маъсумдирлар. Пайғамбарлар омонатли бўладилар. Пайғамбарлар эр кишидан бўлади.
5. Охиратга имон келтириш. Ақоид илмида “ғайбиёт” номини олган масалалар инсон зоти учун бутунлай ғойиб бўлган, уни хеч ким кўрмаган ва бошқа нарсага солиштириб ҳам билиб бўлмайдиган, уни билиш учун фақатгина ўта ишончли хабарга, Аллоҳ таолодан ва Пайғамбар алайҳиссаломдан содиқ масдарлар орқали дақиқ илмий ва омонатли йўл билан нақл қилинган хабарга суяниладиган масаладир. Юқорида зикр қилинган масалаларнинг ҳаммасини ақл билан тадаббур билан солиштириш йўли билан топиб олса бўлади. Аммо ғайбиётга оид ҳар бир нарсани фақатгина Қуръони карим ёки ҳадиси шарифда келган ишончли хабар орқалигина билишимиз мумкин. Ақоид уламоларидан баъзилари бу масалаларни “самъиёт” эшитиш йўли билан билинадиган нарсалар деб атайдилар.
6. Қадарнинг яхши-ёмони Аллоҳ таолодан эканилигига имон келтириш. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов ила яратдик”, деган (Қамар сураси, 49 оят). Ўзбек тилида “ўлчов” деб таржима қилинган сўз оятда “қадар” лафзи бўлиб келди. Ислом ақидасига кўра “қадар” Аллоҳ таоло азалда Ўз илми ва иродаси ила ҳар бир нарсани ўлчовли қилиб қўйганига эътиқод қилишни билдиради. Аммо ушбу оддий тушунчанинг бузиб кўрсатилиши оқибатида қазо ва қадар ақидасига турли нотўғри тушунчалар аралашиб кетган.
Уламоларимиз “қазо” ва “қадар”ни қуйидагича таърифлайдилар: “Қазо Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсаларнинг келажакда қандай бўлишини азалдан билишидир”. “Қадар ўша нарсаларнинг Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келишидир”. Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига биноан, балоғатга етган мусулмонга Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳамма ишини, махлуқотларга боғлиқ нарсаларни аввалдан билишига имон келтириш вожиб бўлади. Ўтган уламоларимиздан Имом Хаттобий қуйидагиларни айтадилар: “Кўпчилик одамлар қазо ва қадарни “Банданинг Аллоҳ таоло томонидан Ўзи тақдир қилиб қўйган ишларга қаҳр билан мажбур қилиниши”, деб ҳисоблайдилар. Уларнинг бу фикрлари нотўғридир. Қазо ва қадарнинг маъноси бандаларнинг келажакда бўладиган ишларини Аллоҳ томонидан муқаддам билиб турилишидир”. Шу ерда табиий “Илмга боғлиқ бўлса, тушунарли, аммо ҳамма нарса Аллоҳнинг иродаси билан бўладику? У ҳолда бандага нима қолади?”, деган савол пайдо бўлади.
Бу саволнинг жавоби икки қисмга бўлинади. Биринчи қисм – дунёдаги инсоннинг дахли йўқ нарсалар. Фақат Аллоҳ таолонинг қудрати билан бўлади. Мисол учун, инсон ақлининг ўткир ёки ўтмаслиги, гавдасининг турлича, ҳуснининг чиройли ёки ҳунуклиги, туғилиш вақти ва жойи, эркак ёки аёллиги ва шунга ўхшаш бир қанча ишлар борки, уларга инсоннинг ҳеч қандай дахли йўқ. Инсон бу нарсалардан “Нега қоматинг узун, ёки пакана”? ёки “Нима учун фалон куни туғилдинг, фалон куни ўлдинг”?, деб сўроқ қилинмайди. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳдан. Бу турдаги қадарга имон келтириш ҳар бир мўмин мусулмонга вожибдир. Иккинчи қисм – инсон томонидан содир этилган иш ва амалларга боғлиқ. Буларда инсоннинг дахли бор, у бу ишларда ўзининг хоҳиши, ихтиёри ва ҳаракати билан иштирок этади. Масаланинг нозик жойи ҳам шу ерда.
Мусулмончиликнинг соф ақидаси эса Аҳли сунна вал жамоа мазҳабида ўз аксини топган. Бу ақидага биноан, инсоннинг ихтиёрий амаллари Аллоҳ халқ қилган нарсалар жумласидандир. Чунки, дунёда Аллоҳ халқ қилган, яратган нарсалардан бошқа нарса бўлиши мумкин эмас. Лекин бу инсон ўз ишини мажбур бўлиб қилади, яъни ҳар қандай ишни бажариб туриб: “Аллоҳ шуни хоҳлабдида шунинг учун қилдим, менда айб йўқ”, дегани эмас. Чунки, инсоннинг масъул бўлиб сўраладиган ишлари ҳам мана шу каби ўзининг амалига боғлиқ бўлган масалалардадир. Чунки, инсон бир ишни амалга оширадиган бўлса, ўша ишни амалга ошириш учун икки нарсага боғлиқ бўлади. Биринчиси, уни амалга ошириш учун зарур бўлган омиллар. Иккинчиси, инсоннинг ўша ишни амалга ошириш учун йўналганлиги туфайли хоҳиш эгаси ҳисобланади. Ҳамда ана шу ихтиёри туфайли амалга оширган ишидан жавобгар бўлиб сўралади.
7. Ўлгандан сўнг қайта тирилишга имон келтириш. Қиёмат куни амалларнинг жазо ва мукофоти берилишига, ҳисоб-китоб қилинишга, китобни ўқишга, савоб ва иқобга, сирот ва мезонга имон келтирилади.