Home / ЯНГИЛИКЛАР / Ватанимизнинг асл таърифи

Ватанимизнинг асл таърифи

10 декабрь–Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси қабул қилинган кун

Қатрада қуёш акс этганидек, жонажон Ўзбекистонимизнинг асл сифати, ростмана таърифу тавсифи давлатимиз мадҳиясида намоён. Мадҳиямизга оид қонун 1992 йил 10 декабрда қабул қилинган, ушбу мукаммал бадиий асар Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов ҳамда атоқли санъат арбоби, беназир композитор Мутал Бурҳонов томонидан анча меҳнату машаққат билан яратилган. Мадҳиямиз ҳақида ҳамюртларимизнинг фикрларини келтиришни жоиз билдик.

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Мустафо Бафоевнинг фикрича, устоз бастакор М.Бурҳоновнинг “Кўнгил хазинаси” китобида Ўзбекистон давлат мадҳиясининг яратилиши ҳақида шундай дейилади: “Ватан туйғуси, Ватан мадҳияси… Бу тушунчалар муштарак, бир-бировига уйғунлашиб кетган. Ватанни мадҳ этиш, уни улуғлаш ҳар бир инсон қалбидан ўрин олиши керак… Ўзбекистон мустақилликка эришгач, давлат мадҳияси янгича, истиқлол руҳида кун тартибига қўйилди. Муҳокама ва тортишувлардан кейин мен ёзган мадҳияни ҳам танловга киритишди. Меҳнатлар зое кетмади. Мусиқанинг ярмига келганда олқишлар бошланди”.

– Мен Ўзбекистонда туғилганимдан, шу юртда таълим-тарбия олганимдан ғоят фахрланаман, – деди таэквон-до бўйича Осиё ва жаҳон чемпиони, ҳамюртимиз Дмитрий Шокин. – Хорижий мамлакатлардаги халқаро мусобақаларда ҳам байроғимиз осмон узра ҳилпирайди. Ўзбекистонимиз мадҳияси янграйди. Аксарият спортчиларимиз каби мен ҳам мадҳиямизга жўр бўламан. Шунда қалбимиз чексиз фахру ифтихорга лиммо-лим тўлади.

– Мадҳиямизнинг энг самимий, беғубор ижрочиларидан яна бири болажонлар экани, шубҳасиз, – деди Тошкент шаҳридаги 313-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Наргиза Исломова. – Улар мадҳиямиз матнини ёддан бехато, бенуқсон айтадилар. Мусиқа ҳамоҳанглигида эса астойдил, чин юракдан, эътиқод билан куйлайдилар. Мадҳиямиз ўқувчи-ёшлар онгида ватанпарварлик, юртга муҳаббат ва содиқлик туйғуларини мустаҳкамлашда ўзига хос ўрин тутади. Мадҳиямиз она Ўзбекистоннинг асл, халқчил, энг ҳаққоний таърифидир.

Дарҳақиқат, гарчи ким учундир баландпарвоз туюлса-да, ўзи туғилиб ўсган мўътабар диёрга меҳр, ўз элига бўлган эҳтиромни шакллантиришда мадҳиямизнинг ўрни беқиёс.

Манба: ЎзА

Check Also

ОКСФОРДДАГИ ЎЗБЕКИСТОНГА ОИД ХАЗИНАЛАР

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация аъзолари Буюк Британияда бўлиб ўтаётган ҳақ …