Хабар берилганидек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Туркиянинг Карабук университети билан ҳамкорликда “Ҳанафий мазҳабининг Мовароуннаҳрга кириб келиши” мавзуида онлайн семинар ташкил этилди.
Унда Марказ илмий ходимлари ва юртимизда диний-маърифий йўналишда фаолият кўрсатаётган ташкилот ва муассасаларнинг ёш олим ва тадқиқотчилари ҳамда таниқли олим, Туркиянинг Карабук университети Илоҳиёт факультети профессори, фиқхшунос олим Мурат Шимшек иштирок этди.
Zоом видеоконференция дастури орқали ташкил этилган семинарда туркиялик олим ислом оламида ҳанафий мазҳабининг ёйилиши юзасидан ўзининг илмий фаолияти давомида тўплаган тадқиқот материаллари билан ўртоқлашди.
Олим шунингдек, семинар давомида Имом Абу Ҳанифа ва ҳанафийлик, ҳанафийликнинг ёйилишига сабаб бўлган омиллар, фиқҳнинг амалий соҳага кўра ҳалол ҳаёт, ҳалол озиқ-овқат, ҳалол иқтисодиёт ва ҳалол туризм мавзуларида маълумотлар бериб ўтди.
– Ҳанафийлик мазҳабининг илк кўринишлари Мовароуннаҳр диёрига дастлаб, Бухоро, Самарқанд ва Хоразм ҳудудларига кириб келган ва унинг янада кенг ёйилишида ушбу ҳудудлардан етишиб чиққан алломаларнинг хизматлари беқиёс бўлган, деди – профессор Мурат Шимшек.
Самимий мулоқот тарзида ўтган семинарда иштирокчиларнинг саволларига олим томонидан атрофлича жавоблар қайтарилди. Ҳамкорликда келгусида ҳам илмий семинарлар ташкил этиш бўйича келишиб олинди.