Маълумки, ўзини мусулмон деб билган инсонларнинг Аллоҳга, Унинг Расулига итоат қилишлари фарз бўлгани каби ўз раҳбарларига итоат қилишлари ҳам фарздир. Бу хусусда Қуръони каримда шундай дейилган: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг». (Нисо сураси, 59-ояти). Ўзи яратган махлуқотларга нима фойдали-ю, нима зарарли эканини яхши биладиган буюк зот – Аллоҳ таолонинг мазкур буйруғида раҳбарга итоат қилиш Унинг ўзига ва Расулига итоат қилиш билан бир ўринда зикр қилинмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда у зот: «Гарчи сизларга боши майиздек ҳабаший ҳоким этиб тайинланган бўлса ҳам қулоқ солинглар ва бўйсунинглар!» деганлар. (Бухорий ривояти).
Мазкур оят ва ҳадислар юзасидан ижтиҳод олиб борган буюк уламоларнинг барчалари раҳбарга итоат қилишни Аллоҳ ва Расулига итоат қилиш сингари фарз деб билганлар. Ана шундай уламолардан бири Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ шундай деган: «Имомларимиз ва раҳбарларимиз бизга зулм қилсалар-да, уларга қарши чиқишни ҳақ деб билмаймиз. Улардан ҳеч бирларини қарғаб дуо қилмаймиз. Уларга итоат қилишдан бош тортмаймиз. Модомики, гуноҳ ишга буюрмас эканлар, уларга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилиш ўлароқ фарз деб биламиз. Уларнинг ҳақларига салоҳият, тавфиқ ва саломатлик сўраб дуо қиламиз». (Ақидатут-Таҳовий).
Ҳанафий мазҳабининг йирик фақиҳларидан имом Сарахсий имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг «Ас-сияр ал-кабир» асарини шарҳлашда бошлиққа итоат қилиш лозимлигини, агар гуноҳ ишга буюрса, итоат қилинмаслигини, балки сабр қилиб, унга қарши қурол кўтаришдан тийилиш лозимлигини айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларини далил сифатида келтирган:
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилди: «Кимки амир тарафдан бирор қарорни номаъқул кўрса, бас, сабр қилсин. Чунки, ким подшо қарорларидан бир қарич бўлса-да ташқари чиқса, шубҳасиз жоҳилиятда ўлади». (Бухорий, Муслим, Доримий, Имом Аҳмад).
Буюк ватандошимиз Умар Насафий раҳимаҳуллоҳнинг ушбу сўзлари ҳам юқоридаги фикримизни қувватлайди: «Имом фосиқлиги ва жаври сабаб ишдан четлатилмайди». “Ал-ақоид ан-Насафия”.
Тўғри йўлда яшаб ўтган тўрт халифаларнинг давридан кейин келган раҳбарлару амирлар орасида зулм очиқчасига кенг тарқалган бўлган. Салафлар, яъни исломнинг дастлабки уч асрида яшаб ўтган саҳобалар, тобиъийлар ҳамда улардан кейинги зотлар уларга қарши қўзғолон қилиб чиқиш фикридан узоқ бўлишган. Ислом тарихида мусулмон раҳбарга қарши исён кўтариб чиққан илк тоифа “хаворижлар” бўлиб, улар ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг халифаликларини тан олмай, у кишига қарши чиққанлар. Бугун мўмин-мусулмонларни ўз раҳбарларига қарши исён қилишга даъват қилаётган баъзи бир кимсалар ёки тоифалар айнан мазкур “хаворижлар”нинг маънавий давомчиларидир, деб айта оламиз.
Раҳбарга итоат қилиш керак дегани унинг барча амрларига кўр-кўрона итоат қилиш дегани эмас. Агар у Аллоҳга осийлик бўладиган ишларга буюрадиган бўлса, унга итоат қилинмайди. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга осий бўладиган вазиятларда бандасига итоат қилинмайди. Итоат яхши ишларда бўлади», деганлар. (Бухорий, Муслим ривояти).
Барчамизга маълумки, яқин ўтмишда араб диёрларида содир этилган рангли ва рангсиз инқилоблар ўша юртларнинг фуқароларига улар орзу қилган ҳаётни олиб келмади. Мамлакатнинг табиий бойликлари ва фуқароларнинг пешона терлари эвазига барпо этилган бир-биридан обод ва кўркам шаҳарлар харобаларга айлангани, тараққиётда бир неча ўн йилликларга ортда қолгани қолди, холос.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ўзини Аҳли сунна вал жамоа ақидасида деб билган ҳар бир мўмин-мусулмоннинг барча амаллари динимиз кўрсатмаларига мувофиқ бўлиши керак. Исломнинг энг забардаст уламолари, аввалгилари ҳам, ҳозиргилари ҳам, раҳбарга қарши инқилобларни жоиз деб билмаган эканлар, биз ҳам уларнинг йўлларидан бориб, ўзимизни ислоҳ қилиш, дунё ва охиратимиз учун фойдали бўлган ишлар билан машғул бўлиш, қолаверса, уларга салоҳият, тавфиқ, ҳидоят, омонлик тилаб раҳбарларимиз ҳаққига дуойи хайрлар қилиб юришни афзал билишимиз лозим. Манфаатдор кучлар тарафидан ранг-баранг ва жилвали номлар остида амалга ошириладиган бундай инқилобларга динимизнинг муносабатини билмоқчи бўлсак, интернет тармоқлари ва бошқа номаълум ОАВларда ўтириб олган “шайх”ларнинг нутқларига эмас, бир неча асрлардан буён ўзининг ҳақ ва тўғрилигини исботлаб келаётган буюк алломаларимизнинг асарларига қулоқ соладиган бўлсак, албатта, тўғри иш қилган бўламиз.