Жорий йилнинг 7-11 ноябрь кунлари Буюк Британияда бўлиб ўтаётган ижтимоий фанлар халқаро фестивали доирасида Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси кўмагида Буюк Британиянинг Лестер университети, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий ҳалқаро илмий-тадқиқот маркази ва Dacore IT масъулияти чекланган жамияти томонидан ўзбекистоннинг маданий ва тарихий меросини тарғиб қилиш, ислом динининг инсонпарварлик тамойилларини очиб бериш мақсадида ҳадис илмининг султони Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ ул – Бухорий” асари асосида “Бухорий: ислом санъати халқаро онлайн кўргазмаси” ташкил қилинди.
Кўргазмада таниқли уста рассомлар билан бир қаторда халқаро кўргазма ва фестивалларда қатнашган ёш рассомлар ўз ижод намуналари билан иштирок этишди.
Кўргазма иштирокчилари орасида таниқли миниатюрачи Давлат Тошев, китобот санъати иллюминацияларни ёритиб бериш бўйича тажрибали рассом Камолиддин Aбдуллаев, ёш ва истеъдодли рассомлар: хаттот Шейха Aбдуллаева, графика бўйича рассом Ёқуб Бекназаров ва фотосуратчи Мухиддин Aли каби таниқли ижодкорлар ҳам бор. Халқаро миқёсда тан олинган “Сўғдиёна” миллий чолғу-асбоблари камер оркестри кўргазма учун махсус янги “Зикр” номли композицияни яратди.
Имом Бухорийнинг фақат саҳиҳ ҳадисларни тўплаш ва илмий изланишлари ҳақида фикр юритган ҳолда, ушбу кўргазма бир қатор ижодкорларни ўзида бирлаштирди. Мазкур кўргазмадан ижодкорлар ўзларининг ижодий материаллари орқали тинчлик, донолик ва бағрикенгликни ўзида мужассам этган эзгу дин-ислом ғояларини ҳалқаро даражадаги санъат мухлисларига бўлишишни мақсад қилган. Кўргазма учун яратилган барча санъат асарлари “Саҳиҳ ул-Бухорий” ҳадислар тўпламидан илҳомланган ижод маҳсуллари ҳисобланади.
– Ислом таълимоти шунчалик кенг қамровлики, уни битта кўргазмада намойиш этиш қийин. Бироқ, энг муҳим ва бирламчи омиллардан бири бу – нафақат ташқи, балки инсоннинг ички ҳолатига таъсир кўрсатувчи покликдир. Шу сабабли, ушбу кўргазмада намойиш этилаётган ижодий ишлар бизни жисм, тафаккур, қалб, руҳ ва хаёт мавзуларини англашга ундайди. Эътиборлиси, кўргазмада намойиш этилаётган асарларнинг тавсифи ва талқини ҳадис орқали ифодаланади. Бу эса, унга ташриф буюрувчилар учун исломнинг асосий манбалари билан яхшироқ танишишга ёрдам беради,– деди кўргазма ташкилотчиларидан бири, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов.
Кўргазма ўрин олган санъат асарлари ва мутахассислар фикрлари билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин. (http://islamicart.imamalbukhari.org/).