Аввал хабар берилганидек, имом-хатибларни юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, яратувчилик ва бунёдкорлик ишларидан яқиндан хабардор этиш мақсадида ташкил қилинган танишув дарслари, ўқув-семинарлар давом этмоқда.
Жорий йил 10 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ўтказилган навбатдаги ўқув-семинарда хоразмлик имом-хатиблар иштирок этди.
Диний соҳа ходимлари дастлаб, илмий муассаса фаолияти билан яқиндан танишди. Марказ директори Ш.Зиёдов ушбу илм масканининг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, халқаро ҳамкорлик, илмий-тадқиқот йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди. Меҳмонлар шунингдек, янги нашр этилган китоб ва рисолалар билан танишди.
Марказ илмий ходимлари томонидан Абу Мансур Мотуридий илмий мероси ва унинг ҳозирги кундаги аҳамияти, мовароуннаҳрлик алломаларнинг калом илми ривожига қўшган ҳиссаси, Имом Бухорийнинг ҳадис илмида тутган ўрни ва унинг ҳозирги кундаги аҳамияти мавзуларида маърузалар қилинди.
Тадбир доирасида меҳмонлар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази томонидан ҳадя этилган хаттотлик намуналарини томоша қилишди.
Диний соҳа ходимлари шунингдек, Ҳадис илми мактабида бўлиб, бу ерда талаба ёшлар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди.
Тадбирлар давом этмоқда.