Home / ЯНГИЛИКЛАР / «Ислом энциклопедияси» – илм аҳли учун ноёб туҳфа

«Ислом энциклопедияси» – илм аҳли учун ноёб туҳфа

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Ислом энциклопедияси” китобининг биринчи жилди тақдимоти ва бошқа жилдларини яратиш масалаларига қаратилган онлайн тадбир ташкил этилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда ўтказилган учрашувда профессор-ўқитувчилар, исломшунос олимлар, турли давлат ва жамоат ташкилотлари ва ҳамкор таълим муассасалари вакиллари, илмий-тадқиқотчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Тақдимотни Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий ишлар ва инноватсиялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов кириш сўзи билан очиб, кенг қамровли ва кўп жилдли “Ислом энциклопедияси” ҳақида маълумот берди.

– Президентимизнинг 2018-йил 16-апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан юртимизнинг ислом сивилизатсияси ривожидаги юксак ўрни ва аҳамиятини илмий асосда чуқур ўрганиш ҳамда халқимизга етказиш мақсадида кўп жилдли “Ислом энсиклопедияси” тайёрланмоқда, – дейди Зоҳиджон Исломов. – Зеро, бундай энсиклопедия юртимизда аввал яратилмаган эди. Бу бўйича академияда “Ислом энсиклопедияси” бўлими очилди. Унга таниқли олим, профессор Нурислом Тўхлиев раҳбарлик қилмоқда. Салкам уч йил давомида биринчи жилдни яратиш устида иш олиб борилди. Энсиклопедияни яратишда юртимиз алломалари ва улар яратган меросга алоҳида ўрин берилган. Энсиклопедия жаҳон андозалари талабига тўла жавоб беради.

Шундан сўнг, Ҳадис илми мактаби ректори Олимхон Юсупов, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Жаҳонгир Мелиқўзиев, “Жўйбори Калон” давлат таълим муассасаси директори Азизхўжа Иноятов сўзга чиқиб, мазкур энсиклопедиянинг ислом олами тарихидаги аҳамияти, кейинги жилдларни яратишда нималарга эътибор бериш кераклиги тўғрисида сўз юритишди.

– Ушбу нашр юртимизда ислом илмига бўлган эътиборнинг юксак намунасидир, – дейди Жаҳонгир Мелиқўзиев. – Биринчидан, дунёда жуда кўп ислом энсиклопедиялари бўлса-да, ўзбек тилидаги энциклопедия йўқ эди. Ушбу китобнинг чоп этилиши эса катта воқелик бўлди. Бундан ташқари, мазкур энсиклопедиянинг бошқа китоблардан айрим ибораларнинг илк бор муомалага киритилгани, юртимизда таваллуд топган алломалар ҳақида маълумотлар берилгани билан ажралиб туради. Яна бир жиҳат: Ислом таълими, фан ва маданият ташкилоти (ИCЕСCО) томонидан 2020-йил – Бухоро шаҳри Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинганди. Айнан шу йилда ислом энсиклопедиясининг чоп этилиши муносиб туҳфа бўлди деб ўйлайман. Нашр ишларида 200 нафардан зиёд хориж ва ўзимизнинг филолог, исломшунос олимларининг иштирок этгани энсиклопедиянинг илмий савиясини янада юқори поғонага кўтаришига аминман.

Тадбирда иқтисод фанлари доктори, профессор Нурислом Тўхлиев энсиклопедияни яратиш ишлари, навбатдаги жилдларни тайёрлаш жараёнларига тўхталди.

– “Ислом энсиклопедияси” йирик ва ўта масъулиятли илмий-маърифий лойиҳа бўлиб, унинг чоп этилиши юртимиз ижтимоий-маънавий ва илмий-маданий ҳаётида катта воқеа бўлиши шубҳасиз, – дейди профессор Нурислом Тўхлиев. – Янги “Ислом энсиклопедияси” камида 20 жилддан иборат бўлиб, 60 мингдан зиёд мақолани ўз ичига олиши мўлжалланмоқда. Энсиклопедиянинг аввал ўзбек тилида чоп этилиши, кейинчалик бошқа тилларга ўгирилиши режалаштирилмоқда. Энсиклопедиядан дунёга машҳур йирик исломшунослар, жумладан, Гʻарб олимларининг тадқиқотлари, ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақидаги маълумотлар ҳам жой олади. Шу билан бирга, аввал номи ва фаолияти кенг жамоатчиликка маълум бўлмаган шахсларга доир қимматли маълумотлар илмий муомалага киритилади. Шунингдек, Ислом дунёсидаги барча ҳуқуқий мактаб ва мазҳабларга ҳурмат одобига риоя қилинган ҳолда ёндашилди. Мақолаларнинг ёзилишида бирламчи манбаларга таяниш, илмийлик ва холислик асосий мезон этиб олинади. Бунинг учун юртимиздаги профессор-ўқитувчилар, исломшунос олимларни мазкур хайрли ва буюк ишга Ислом оламида деярли ўрганилмаган, янги, ноёб манбалар, шахслар ҳақида қизиқарли мақолалар билан қатнашишларини сўраймиз.

Тақдимот якунида тўпламдан ўрин эгаллаган маълумот ва манбалар, уларнинг мазмун-моҳияти борасида иштирокчилар томонидан берилган саволларга соҳа мутахассислари атрофлича жавоб беришди.

Мухтасар айтганда, янги “Ислом энсиклопедияси”нинг асосий мақсади – ислом дини, мусулмон маданияти, аждодларимизнинг маънавий-маърифий меросини халқимиз, айниқса, ёшларга етказиш, уларнинг дунёқараши, илм олишга бўлган интилишини оширишга қаратилган.

Манба: iiau.uz

Check Also

ИСЛОМГАЧА БЎЛГАН ДАВРДА СЎҒД ВА МОВАРОУННАҲРНИНГ ИЛК ИСЛОМ ДАВРИДА ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ ВА КАМОНЧИЛИК АНЪАНАСИ

📢 ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅ Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка …