Имом-хатибларни юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, яратувчилик ва бунёдкорлик ишларидан яқиндан хабардор этиш мақсадида ташкил этилаётган танишув дарслари, ўқув-семинарлар давом этмоқда.
Жорий йилнинг 27 октябрь куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ташкил қилинган маърифий тадбирнинг навбатдаги иштирокчилари андижонлик имом-хатиблар бўлди.
Диний соҳа ходимлари дастлаб, илмий муассаса фаолияти билан яқиндан танишди. Марказ директори Ш.Зиёдов ушбу илм масканининг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, халқаро ҳамкорлик, илмий-тадқиқот йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди. Меҳмонлар шунингдек, янги нашр этилган китоб ва рисолалар билан танишдилар.
Марказ илмий ходимлари томонидан Абу Мансур Мотуридий илмий мероси ва унинг ҳозирги кундаги аҳамияти, мовароуннаҳрлик алломаларнинг калом илми ривожига қўшган ҳиссаси, Имом Бухорийнинг ҳадис илмида тутган ўрни ва унинг ҳозирги кундаги аҳамияти мавзуларида маърузалар қилинди.
Тадбир доирасида меҳмонлар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) ташкилоти томонидан ҳадя этилган хаттотлик намуналарини томоша қилишди.