Home / ЯНГИЛИКЛАР / Она тили – миллатнинг руҳи, ор-номусидир

Она тили – миллатнинг руҳи, ор-номусидир

Инсон учун Ватани, ота-онаси, оиласи қанчалик муқаддас бўлса, она тили ҳам шунчалик азиздир. Ҳаттоки, гўдак ҳам дунёни она тили орқали англайди. 
 
Шунинг учун доим тил, миллат, Ватан тушунчалари ёнма-ён юради. Тилсиз жамият ривожланмайди, тараққий топмайди. Она тили – миллат руҳи, ор-номуси.
 
Маълумки, бугунги кунда инглиз тили халқаро мулоқот тилларининг асосийларидан бири ҳисобланади. У ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасига кириб борган ва сиёсий ҳамда иқтисодий масалаларни ҳал этишни осонлаштиради, десак адашмаган бўламиз. Бироқ ҳар бир мамлакат ўз тилини сақлаб қолишга ҳаракат қилиши керак, чунки айнан тил уни ўзига хос қилади ва бошқа мамлакатлардан ажратиб туради.
 
Давлатимиз раҳбари “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонунининг 30 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида “Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадрият”, эканини алоҳида таъкидлаб ўтганди. Дарҳақиқат, тил –миллат тафаккурининг бебаҳо маҳзани, улкан бойлиги сифатида ижтимоий ҳаётимизда муҳим аҳамият касб этади.
 
Дунё тилларини сақлаб қолиш, маданий, интеллектуал мероснинг йўқ бўлиб кетиш хавфининг олдини олиш мақсадида БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) томонидан 1999 йил ноябрда “21 февраль – Халқаро она тили куни”, деб эълон қилинган. Мазкур сана дунёда тилларга бўлган эътибор ва ҳурматнинг рамзий маъносини ифодалаб келади.
 
Қувонарлиси, юртимизда давлат тилига бўлган эътибор ҳар қачонгиданда кучайди. Бугун она тилимизни улуғлаш, унинг бой хазинаси, таровати ва нафосатини ёш авлодга етказиш мақсадида юртимизда атоқли шоир ва адибларимиз номларидаги ижод мактаблари ташкил этилди. Муҳаммад Ризо Огаҳий, Исҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабларида сабоқ олган ёшлар ўзбек тили ва адабиёти, бадиий ижод сирларини чуқур ўрганиши сир эмас. Бунинг учун барча шароитлар яратилмоқда.
 
Тарихга юзланадиган бўлсак, таассуфки, мустабид тузум даврида миллат руҳи, ғурури бўлмиш ўзбек тилининг мавқеини пасайтиришга уринишлар кўп бўлди. Миллат ойдини, маърифатпарвар адиб Абдулла Қодирий “Ўзбек тили камбағал тил эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар”, деган хитоби билан ўтмишнинг аччиқ ситамларини намоён этди. Собиқ иттифоқ даврида она тилига бўлган беписандликка қарамай, халқимиз ўз миллий тилини сақлаб қолди. 1989 йил 21 октябрь куни қабул қилинган “Давлат тили тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, ўзбек тили давлат тили, деб эълон қилинди.
 
Мазкур тарихий санадан ўттиз йил ўтиб, она тилимизни эъзозлаш янги босқичга кўтарилди. Президентимизнинг 2019 йил 4 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ҳамда 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бунинг ёрқин далилидир. Фармонга биноан 21 октябрь юртимизда “Ўзбек тили байрами куни”, деб эълон қилинди. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти тузилмасининг ташкил этилгани ўзбек тилининг нуфузини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши, соҳага оид муаммоларни таҳлил этиб, бу борада ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш учун хизмат қилиши шубҳасиз.
 
Бундан ташқари, она тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш, уни илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш ва қўлланиш доирасини кенгайтириш, филолог кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларни янги поғонага кўтариш мақсадида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилди. Бу эса аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо маънавий меросни келажак авлодга етказиш, уни асраб-авайлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
 
Яна бир жиҳатга тўхталиб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади. Фан-техника ривожланиб, илмий атамалар кўпайгани сари миллий тилимизнинг софлигини сақлаш, унинг луғат бойлигини ошириш, турли соҳаларда замонавий атамаларнинг ўзбекча муқобилини яратиш, уларнинг бир хил қўлланишини таъминлаш долзарб вазифага айланди. Шу мақсадда Президентимиз томонидан қабул қилинган юқоридаги фармонга мувофиқ, янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш борасидаги ишларни тартибга соладиган Атамалар комиссиясини тузиш масаласи кун тартибига қўйилди.
 
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир. Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин”, деб ўзбек тилининг аҳамияти ва жозибасини янада улуғлади.
 
Жорий йилнинг 10 апрелида “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг имзоланиши эса мана шу хайрли ишларнинг узвий давоми бўлди.
 
Айниқса, Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илк марта ўзбек тилида нутқ сўзлаши она тилимизнинг нуфузи ва мавқеини янада оширди. Халқаро ҳамжамият томонидан “Навоий тили” деб эътироф этиладиган она тилимизнинг жаҳонда эътироф этилиши ниҳоятда катта ва муҳим тарихий воқелик бўлди. Бу ҳар бир юртдошимиз кўнглида ғурур-ифтихор туйғусини янада оширди.
 
Шу ўринда маърифатпарвар бобомиз Алихонтўра Соғунийнинг қуйидаги фикрлари эътиборга молик: “Қайси бир миллатнинг она тили ўз ҳожатини ўтаёлмай, бошқа ёт тиллар олдида мағлубиятга учраб тиз букар экан, ундай миллат кўп узоқламай, инсоний туйғуларидан ажраган ҳолда ҳаёт дафтари устига инқироз қалами чекилиши шубҳасиздир. Ундай миллатлар ёлғизгина Ватанларидан эмас, балки бутун борлиғи билан тарих юзидан йўқолишга мажбур бўлади”.
 
Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, “Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим”.
 
Чунки йиллар ўтиб, қайси юртнинг фарзандлари ўз она тилларида ўқишни тўхтатса, ўша тил йўқлик қаърига сингиб кетади. Шу сабабли ҳам тилнинг ёт таъсирлардан сақлаш халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Она тили халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, анъаналарини сақлайди. Шундай экан, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашимиз керак. Зеро, тил бор экан, миллат барҳаётдир.
 
Шавкат МАВЛОНОВ,
Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори(PhD),
Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори.
Манба: ЎзА

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …