Марказий Осиё – илм-маърифат ўчоғи. У дунё цивилизациясига ҳисса қўшган буюк алломалар бешиги ҳамдир.
Бу заминда азалдан комил инсон тарбиясига устувор аҳамият қаратилган. Бунга ушбу заминда туғилиб вояга етган буюк алломалар ижодию жаҳонгир саркардаларнинг бунёдкорлик фаолияти ёрқин мисол.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида IRCICA–Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш халқаро маркази ҳамда “Ислом тарихи ва манбашунослиги–IRCICA” кафедраси ҳамкорлигида “Марказий Осиё халқлари маданияти, диний анъана ва урф-одатлари” мавзусида ўтган республика илмий-амалий онлайн конференцияда шу ҳақда сўз борди.
Конференцияда Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш халқаро маркази мутасаддилари, тарихчилар, санъатшунослар, шарқшунослар, турли давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳамкор муассасалар раҳбарлари, илмий-тадқиқотчилар, ўқитувчи ва талаба-ёшлари иштирок этди.
Анжуманда Ўзбекистон халқаро ислом академияси диний-маърифий фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича биринчи проректори, профессор Шуҳрат Ёвқочев, “Ислом тарихи ва манбашунослиги–IRCICA” кафедраси мудири, тарих фанлари доктори Неъматулло Муҳамедов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда муқаддас динимизнинг асл тинчлик, бағрикенглик, инсонпарварлик моҳиятини тарғиб қилиш, уни турли хуружлардан асраш, илмий-маданий меросни ўрганиш ва тарғиб қилиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш тамойили асосида кенг қамровли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.Ўтган қисқа вақт ичида Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилгани мазкур соҳага кўрсатилаётган эътибор натижасидир.
IRCICA – Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш халқаро маркази бош директори, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг “Фахрий доктори” Халит Эрен Марказий Осиё халқларининг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси ўзига хос эканини таъкидлади.
– Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида минтақада санъат, маданият ва илм-фан янада ривожланди, – дейди Халит Эрен. – Минтақа турли хил эътиқод ва маданий ўзига хос халқларни қабул қилди ва кўп маданиятли ҳаёт тажрибасига эга бўлиб келмоқда. Марказий Осиёда камолга етган алломалар бугунги замонавий фанлар – архитектура, илоҳиёт, астрономия, тиббиёт, фалсафа, геометрия, география, ҳуқуқшунослик, тасаввуф фанлари ривожига катта ҳисса қўшди.
Дарҳақиқат, ўша даврда ҳудудда кўплаб кутубхоналар, расадхоналар қурилди. Хусусан, Юсуф Хос Ҳожибнинг Марказий Осиё халқлари учун беқиёс аҳамиятга эга, адолатли бошқарув ҳақидаги “Қутадғу билиг” китоби ёзилди. Ал-Фарғонийнинг астрономияга оид китоби кўп йиллар мобайнида Европа таълим муассасаларида асосий манба бўлиб хизмат қилди. Форобий Аристотелдан сўнг “Иккинчи муаллим” сифатида эътироф этилди. Ибн Сино тиббиёт илмини, ал-Хоразмий алгебра фанини янги босқичга олиб чиқди. Форобий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби сиймолар жаҳонга танилди.
Қувонарлиси, бугун ҳам мазкур жараён давом этмоқда. IRCICA – Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш халқаро маркази барқарор ривожланиб боряпти.
Конференция турли мавзуларда маърузалар тингланди. Шунингдек, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров “Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициясининг таркибий тузилиши” мавзусида маъруза қилди.
– Президентимизнинг 2017 йил 23 июндаги қарорига мувофиқ, мамлакатимиз асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган илмий-тарихий концепция ишлаб чиқилди, – дейди Шоазим Миноваров. – Марказ учун Тошкент шаҳрида маҳобатли иншоот қурилиши бошланган бўлиб, шаклан ва мазмунан тенги йўқ мазкур мажмуада юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осор-атиқалар, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида намойиш этиладиган “Ислом санъати музейи”, улкан фондга эга кутубхона, йирик илмий тадқиқотлар маркази, энг замонавий усулларда реставрация қилиш, тиклаш ва кўпайтириш бўлимлари, нашриёт ҳамда замонавий конференция зали ташкил этиш режалаштирилган.
Конференцияда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов “Марказий Осиё маданияти тарихига оид манбаларда кутубхоналар ҳақида маълумотлар” мавзусида батафсил маълумот берди.
– Ўрта асрларда минтақа шаҳарларида кўплаб кутубхоналар фаолият кўрсатган, – дейди Ш. Зиёдов. – Кутубхоналар асос эътибори билан уч хил – сарой, масжид ва мадрасалар ҳамда сулолавий-хусусий кутубхоналарга ажратилган. Ушбу зиё даргоҳларида китоблар уйга берилган ёки кутубхонанинг ўзида фойдаланилган. Китобларни бошқа шаҳарга олиб чиқиш ёки сотиш қатъиян ман қилинган. Кутубхоналарда сақланаётган Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино каби кўплаб алломаларнинг қўлёзма асарлари минтақа халқларининг илм олиши, маданияти шаклланишига катта таъсир кўрсатган.
Марказий Осиё минтақаси жаҳон цивилизацияси марказларидан бири саналади. Минтақа халқлари тарихи, маданияти, диний анъана ва урф-одатлари, аллома ва олимлар ҳаёт йўлларини ўрганиш, уларнинг меросини тадқиқ этиш долзарб масалага айланган.
Конференцияда Марказий Осиё халқлари тарихи ва маданияти ҳамда ёзма ёдгорликлари ва илмий меросига оид мавзулар ҳам муҳокама қилинди.
Қизғин мунозара, савол-жавоблар остида ўтган онлайн-анжуман йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Ҳамкор ташкилотлар билан илмий-амалий алоқаларни янада давом эттиришга келишиб олинди.