Home / АЛЛОМАЛАР / Абу Али Ибн Синонинг ҳаёти ва тафсир илмига қўшган ҳиссаси

Абу Али Ибн Синонинг ҳаёти ва тафсир илмига қўшган ҳиссаси

Абу Али ибн Сино юртимиз ва халқимиз номига буюк шараф келтирган энг улуғ бобокалонларимиздан биридир. У милодий 980 йили Бухоро вилоятининг ҳозирги Пешку туманига қарашли Афшона қишлоғида амалдор оиласида туғилди. Асл исми – Ҳусайн. Отаси – Абдуллоҳ Афғонистоннинг Балх – (ҳозирги Мазори Шариф шаҳрига яқин ерда) шаҳридан, онаси – Ситора эса шу қишлоқлик эди.

 Ҳусайн беш ёшга кирганида бу оила мамлакат пойтахти Бухоро шаҳрига кўчиб ўтади. Бўлажак олим шу шаҳарда таълим олади. Ёшлигидан Қуръони карим, тафсир, ҳадис, калом, араб тили, балоғат илмларини пухта ўзлаштириб, ўзининг истеъдодини намоён эта бошлади. Буни сезган отаси уни эл орасида ҳаким ва файласуф сифатида донг таратган Абу Абдуллоҳ Нотилий деган олимга шогирдликка берди. Унинг қўлида мантиқ, ҳандаса (геометрия), фалсафа, фалакиёт (астрономия) фанларини ўрганди[1].

 Ибн Сино илм соҳасидаги дастлабки устози Абу Абдуллоҳ Нотилий бўлган. У Нотилий қўлида мантиқ, Ҳандаса (Геометрия) ва фалакиётни ўрганади ва баъзи фалсафий масалаларда устозидан ҳам ўзиб кетади. Устози унинг илмига юқори баҳо бериб, янада чуқурроқ илм олишни тайинлайди.

 Ибн Синонинг тиб илмида юксак маҳоратга эришишида Бухоролик табиб Абу Мансур ал-Хасан ибн Нуҳ ал-Қумрийнинг хизмати катта бўлган. Ибн Сино ундан табобат дарсини олиб, бу илмнинг кўп сирларини ўрганади[2].

 Унинг ёшлиги, йигитлик чоғлари сомонийлар ҳукмронлигининг сўнгги йилларига, хусусан, Нуҳ II ибн Мансур Сомоний ҳукмронлиги даври (976-997)га тўғри келади[3].

Ибн Сино тиришқоқ, хотираси кучли, зеҳни ўткир бўлганлигидан ўз даврида маълум бўлган илмларни тезда эгаллай бошлади. 10 ёшидаёқ Қуръони каримни тўлиқ ёд олган эди. 13 ёшларидан бошланғич математика, мантиқ, фиқҳ, фалсафа ва илмлари билан шуғуллана бошлайди[4]. Юқорида кўрсатилган илмлар қатори тафсир илмига ҳам ўз ҳиссасини қўшганлигини ушбу асарда билсак бўлади.

Ибн Сино зарурий билимларнинг барчасини Бухорода олади. Ибн Сино жуда эрта ёшидаёқ асарлар ёзишга киришган. Алломанинг илмий ижоди 18 ёшдан бошланган. Аввало, у бу ишни ўзига яқин бўлган кишиларнинг илтимоси билан бажаради. Ёш бўлишига қарамай Нуҳ ибн Мансурга атаб нафсоний қувватлар ҳақида рисола, “Уржуза” тиббий шеърий асари ва ўз қўшниси ва дўсти Абулҳусайн ал-Арузийнинг илтимосига биноан, кўп фанларни ўз ичига олган “Ал-Ҳикмати-л-арузий” (“Арузий ҳикмати”) асарини тасниф этади[5].

Ибн Сино тиббиётга оид араб ва форс тилларида бир нечта асарлар ёзилганлиги аниқланиб бизларга баъзи асарлари етиб келган. Асарларидан энг машҳурлари тиббиётга оид “Тиб қонунлари” номли китоби ҳисобланади. Алломанинг фалсафа, илоҳиёт, одоб илми ва табобатга оид асарлари ҳозирги давргача олимлар томонидан ўрганилиб келинмоқда.

Ибн Сино ўзининг кўп тармоқли маҳсулдор ижоди, бой мероси билан жаҳон маданияти тараққиётида катта роль ўйнади. Ўз ижоди, илмий фаолиятида ибн Сино Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларидаги юқори маданий кўтаринкилик, маданий “уйғониш”нинг маънавий ютуқларини мужассамлаштира олди, бу билан бутун Шарқ ва Оврўподаги маърифат, маданият тараққиётига катта таъсир кўрсатди. У ўз даврида Шарқ ва Оврўпода “Шайх ур-раис”, “Олимлар бошлиғи”, “Табиблар подшоҳи” каби энг буюк номларга сазовор бўлди[6].

 Ибн Сино Шарқда “Шайхур-Раис”, Ғарбда эса “Авиценна” номи билан машҳур. Унинг насрий асарлари араб тилида ёзилган[7].

Ибн Сино тиббиётга оид асарлар ёзибгина қолмай, Қуръони карим сураларидан бири бўлган “Ихлос” сурасини бошидан охиригача араб тилида таржима (тафсир) қилгани уни муфассир олим эканлиги маълум бўлади.

Ибн Синонинг ушбу араб тилида ёзилган қўлёзма асари настаълиқ ёзувида ёзилган. Ушбу асарда “Ихлос” сурасининг бошидан охиригача мантиқий усулда оятлардан баъзи калималарни алоҳида ажратиб олинган ҳолида тафсир қилинган бўлиб, мазкур тафсир 2816 рақам остида Саудия Арабистонидаги “Мактабату-л-ҳарами-л-маккий” кутубхонасида сақланиб келинмоқда. Тафсирнинг Шайх Аҳмад Шаҳир Бир Рубоий ушбу асарга ҳошия ёзган. Тафсир жами 12 варақдан иборат. Бошланғич сахифасида асар ҳақида маълумотлар келтирилган ва варақ тикланган ҳолида сақланган[8].

Қуръони каримнинг охирги сураларидан бири бўлган Ихлос сурасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари, яъни ҳадислардан мисоллар келтириб тафсир китобини бизларга ёзиб қолдирган. Бундан маълум бўладики, Ибн Сино Қуръон илми, Ҳадис, грамматика ва араб тилини мустаҳкам ўрганган.

Ибн Сино 1037 йил 57 ёшида Ҳамадонда вафот этади.

Ҳозирги вақтда буюк юртдошимиз бўлган Ибн Синонинг бизларга мерос бўлиб қолган кўпгина асарларидан юртдошларимиз тиббиёт илмини ўрганиб, унинг ривожлантиришга ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда ва шулар қатори тафсир илмига оид асарларидан ҳам фойдаланиб келишмоқда.

Ўрта асрларда яшаб ижод этган, илм-фаннинг барча йўналишлари, хусусан, табобат назарияси ва амалиёти ривожига юксак ҳисса қўшган Абу Али ибн Сино ана шундай аждодларимиздан биридир.

А. Рахимов
Имом Бухорий халқари илмий-тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси илмий ходими

[1] https://postda.uz/xabarlar/626

[2] Мутафаккирлар. Ибн Сино. – Т.: TAFAKKUR, 2011. – Б. 6.

[3] http://shosh.uz/mutafakkirlar-abu-ali-ibn-sino-980-1037/

[4] http://e-tarix.uz/shaxslar/140-ibn-sina.html

[5] Мутафаккирлар. Ибн Сино. – Т.: TAFAKKUR, 2011. – Б. 9.

[6] http://e-tarix.uz/shaxslar/140-ibn-sina.html

[7]www.ziyouz.uz

[8] Ибн Абдулло ибн ал-Хасан ибн Синонинг “Мактабату-л-ҳарами-л-маккий”. Номли кутубхонада сақланаётган қўл ёзма асари. №2816

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …