Home / ЯНГИЛИКЛАР / МАРКАЗИЙ ОСИЁ ҚЎЛЁЗМА МАНБАЛАРИНИ ЎРГАНИШДА МУҲРЛАРНИНГ АҲАМИЯТИ

МАРКАЗИЙ ОСИЁ ҚЎЛЁЗМА МАНБАЛАРИНИ ЎРГАНИШДА МУҲРЛАРНИНГ АҲАМИЯТИ

Аввал хабар қилинганидек, жорий йил 8 октябрь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Аҳмад Яссавий номидаги халқаро Қозоқ-Турк университети билан ҳамкорликда “Марказий Осиё қўлёзма манбаларини ўрганишда муҳрларнинг аҳамияти” мавзуида онлайн-семинар бўлиб ўтди.

Семинарда Марказ илмий ходимлари, юртимизда диний-маърифий йўналишда фаолият кўрсатаётган ташкилот ва муассасаларнинг ёш олим ва тадқиқотчилари, шунингдек илмий доиралар вакиллари иштирок этди.

Мазкур онлайн-семинар кўп сонли тадқиқотчиларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари номзоди, доцент Шовосил Зиёдовнинг ЮНЕСКО ҳамкорлигида нашр этилган “Ўрта Осиё сфрагистикасига оид материаллар. (Муҳрлар каталоги)” номли илмий монографияси ҳамда Марказий Осиё қўлёзма манбаларида муҳрларнинг аҳамиятини тадқиқ этиш ва ундаги материаллар тарғиботига бағишланди.

Олим ўз маърузасида Ўрта Осиё муҳршунослигига оид тадқиқот иши давомида тўплаган маълумотлари ва дуч келган манбалари тўғрисида сўзлаб берди. Шунингдек, ушбу жамланган манбалар Ўрта Осиё тарихига қизиққан мутахассислар, хусусан, тарих, манбашунослик, шарқшунослик йўналишида тадқиқот олиб бораётган олимлар учун жуда фойдали эканлигини таъкидлади. Улар томонидан олиб борилаётган илмий ишларда ушбу муҳрлар тарихи муҳим манба вазифасини бажариши мумкинлигини айтиб ўтди.

Очиқ ва самимий руҳда ўтган тадбирда иштирокчиларнинг қизиқтирган саволларига жавоблар берилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …