Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Халқаро иқтисодий ва сиёсий тадқиқотлар маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Шерзод Абдуллаев «Дунё» АА мухбирига Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган БМТ ҳузурида Афғонистон бўйича доимий қўмита ташкил этиш ташаббуси ҳақида фикр билдирди.
– Ҳозирги кунда дунёнинг барча давлатлари аъзо бўлган ягона универсал ташкилот – БМТда ушбу тузилмани ташкил этиш ташаббуси стратегик ва концептуал хусусият касб этади. Афғонистондаги вазиятни ҳал қилишнинг муҳим масалалари бўйича минтақавий ва халқаро муросани кучайтиради.
Амалиёт ҳеч қандай тўғридан-тўғри, айниқса ҳарбий аралашув Афғонистонда тинчлик ва миллий келишувни таъминлашга қодир эмаслигини кўрсатди.
Афғонлараро тинчлик музокаралари бошланиши ва коалиция кучларининг қисқартирилиши жараёнида донор давлатлар ва халқаро институтлар Афғонистонга мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазият ва аҳоли турмуш даражасини реал яхшилашга қаратилган ёрдам кўрсатиш бўйича ўз мажбуриятларини яна бир бор тасдиқлашлари ўта муҳимдир.
Бугун Афғонистонда амалдаги давлат сиёсий моделини тизимли равишда ўзгартириш жараёни бошланди. Бунда сўнгги 20 йилда оддий ҳол сифатида қабул қилинган кўплаб сиёсий стереотиплар, алоқа ва иттифоқлар муқаррар равишда қайта кўриб чиқилади. Бундай шароитда мамлакатда бўшлиқ пайдо бўлишининг олдини олиш, Афғонистон ҳукуматининг аҳоли олдидаги ижтимоий мажбуриятларини бажариш қобилиятини сақлаб қолиш, фуқароларнинг барқарорлик ва хавфсизликка бўлган шошилинч эҳтиёжини қондириш зарурдир.
Шу билан бирга, БМТнинг доимий иш олиб борадиган қўмитасининг тузилиши ташкилот ичида Афғонистон инқирозини ҳал этишга устувор аҳамият беришга имкон беради, халқаро ҳамжамиятнинг ушбу йўналишдаги ишида изчиллик ва самарадорликни оширади. Доимий комиссия меъёрий ҳужжатга биноан ихтисослашган муассасалар билан ўзаро алоқада бўлади.
Доимий қўмита Афғонистонни минтақавий ҳамкорлик майдонига айлантиришга ёрдам беради ва геосиёсий рақобатнинг асосий йўналиши сифатида қабул қилинмайди. Афғонистонни барқарорлаштиришда қўшни мамлакатлар, шу жумладан Марказий Осиё давлатлари ҳал қилувчи роль ўйнаши керак. Бу масалада кечикиш ва келишмовчилик минтақавий давлатларнинг манфаатларига зиддир. Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон бўйича тутуми нуфузли ташқи иштирокчиларнинг ташқи сиёсий тузилмалари доирасида эмас, балки минтақада шаклланиши керак. Доимий комиссия доирасидаги мулоқот Афғонистондаги вазиятни ҳал қилишда иштирок этувчи етакчи минтақавий давлатлар ва жаҳоннинг ушбу жараёндаги иштирокчи кучларининг тутумларини бирлаштиради, шунингдек, Афғонистон йўналишида умумий алоқа нуқталари топилади.
Бундан ташқари, бу терроризм ва экстремизмга қарши кураш самарадорлигини сезиларли даражада оширади. Бугунги кунда Афғонистонда 20 та минтақавий ва халқаро террористик гуруҳ фаолият юритмоқда. Ушбу гуруҳлар фаолиятида Марказий Осиё давлатлари фуқаролари ҳам бор. Шу нуқтаи назардан, БМТ ҳузурида доимий қўмитанинг ташкил этилиши тезкор маълумот алмашиш, экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг илғор тажрибаларини ўрганиш учун қўшимча майдон яратади.
БМТ қошида доимий комиссиянинг ташкил этилиши Афғонистонда узоқ муддатли ва барқарор тинчликни таъминлаш учун мустаҳкам пойдевор яратадиган инфратузилма ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун халқаро ҳамжамият маблағларини жалб қилишга имкон беради.
Афғонистон бой табиий ресурсларга ва қулай транспорт ҳамда транзит имкониятларига эга бўлишига қарамай, молиявий манбаларнинг етишмаслиги мамлакатнинг фойдаланилмаган имкониятларини тўлиқ ишга солишга имкон бермайди. Афғонистонда ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар доимий равишда амалга оширилса, бу уруш учун муқобил имкониятлар яратади.
Буларнинг барчаси, шубҳасиз, Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишини таъминлашга катта таъсир кўрсатади. Афғонистондаги тинчлик ва барқарорлик Марказий Осиё давлатларининг Ҳинд океани ва Форс кўрфази портларига энг қисқа вақт ичида киришини таъминлайдиган, Жанубий Осиёни Европа ва Хитой бозорлари билан боғлайдиган трансминтақавий транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга оширишга кучли туртки бериши мумкин.
Ўзаро боғлиқликнинг кучайиши билан Марказий ва Жанубий Осиёда барқарор ривожланишнинг истиқболли «ҳаракатлантирувчиси» га айланиши мумкин бўлган энергетика, савдо ва иқтисодий соҳадаги кенг кўламли минтақавий лойиҳаларни бошлаш ва амалга ошириш учун қулай ички ҳамда ташқи заруриятлар ҳам шаклланади.
Халқаро ҳамжамият бугун шаклланиб қолган геосиёсий қарашлардан воз кечиб, Афғонистондаги вазиятни фақат «терроризм ўчоғи» ва бутун дунёга таҳдид сифатида кўриб, доимий равишда фожиавий талқин қилишни тўхтатиши, бу мамлакатни дўст ва бошқа давлатлар билан тенг ҳуқуқли, деб билишининг вақти келди.