Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Ҳиндистонлик олим: “БМТда ўзбек тилининг янграши биз учун ҳам фахрлидир”

Ҳиндистонлик олим: “БМТда ўзбек тилининг янграши биз учун ҳам фахрлидир”

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларда иштирок этиши ва мустақил Ўзбекистон тарихида БМТ минбаридан биринчи марта ўзбек тилида нутқ сўзлаши кутилаётгани қалбимизда фахр туйғуларини уйғотди”, – деди Жамия Миллия Исломия университети ўзбек тили ўқитувчиси профессор Шаҳид Таслим “Дунё” АА мухбирига берган интервьюсида.

–  Мен ҳаётини ўзбек тилини ўрганиш ва уни ҳинд талаба ёшларига ўргатишга бағишлаган Ҳиндистон олими сифатида шуни қайд этишни истардимки, яқин ўтмишда бундай катта минбардан туриб ўзбек тилида сўзлашни тасаввур қилиш мушкул эди, – дея сўзида давом этди суҳбатдош.

Ш.Таслим ўзбек халқининг бой маънавий мероси ҳақида тўхталиб, ўзбек заминида Амир Темур, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Имом Бухорий, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби кўплаб буюк шахслар ва алломалар туғилиб, вояга етиб, фаолият юритганига урғу берди.

– Ушбу алломалар ўз даврида дунё сиёсатига катта таъсир кўрсатган бўлса, ҳозирги кунда Ўзбекистон раҳбарининг оқилона ташаббуслари дунё ҳамжамияти томонидан муносиб кутиб олинмоқда, – дейди ҳиндистонлик олим. – Фикримнинг тасдиғи сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари ўтказишни йўлга қўйиш, БМТнинг «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюциясини қабул қилиш, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенциясини ишлаб чиқиш, Оролбўйи муаммосига эътиборни ошириш ва Афғонистон муаммосини ҳал этиш каби масалаларга оид бешта таклифининг барчаси тўлиқ амалга ошганлигини таъкидлаш кифоядир.

Ўзбекистон Президентининг навбатдаги маърузасида ҳам халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик қатор масалалар юзасидан муҳим ташаббуслар янграшига ва аҳамияти жиҳатидан улар ҳам жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлишига аминман.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …