Home / ЯНГИЛИКЛАР / Шукроналик шукуҳи

Шукроналик шукуҳи

Умримнинг энг гўзал, энг жўшқин палласининг беш йили озодликдан маҳрумликда ўтганидан ниҳоятда афсусдаман.
 
Бу – диний билимимнинг йўқлиги, нотўғри йўлга кириб қолганим учун тўлаган катта бадалим. Бугина эмас, менинг ғам-андуҳимни кўтаролмай отам оламдан ўтди. Бу туганмас армон, ўкинч бўлиб қолди.
 
Президентимиздан ниҳоятда миннатдорман. У кишига афв сўраб мурожаат қилган эдим, шукрки, шу йил 27 август куни озодликка чиқдим.
 
Онажонимнинг бағрига бошимни қўйган бахтли кунимни умрим охиригача унутмайман. Уйимни, ака-опаларимни, маҳалламни, қадрдон юртдошларимни соғинган эдим, улар очиқ чеҳра билан мени кутиб олдилар. Келганимдан буён бири қўйиб, бири хабар олади. Ҳокимлик, маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, имом-хатиблар келиб, ҳол-аҳвол сўрашяпти, ишга жойлашишим учун таклифлар айтишяпти. 
 
Ҳатто ижтимоий муҳофаза қилиш маркази томонидан моддий ёрдам ҳам кўрсатилди. Президентимиз биз каби адашганларни ўз фарзандидай кўриб, жамиятда ўрнимизни топиб олишимга кўмаклашмоқда, бу ишончни энди оқлаш учун бутун куч-қувватим билан ҳаракат қиламан. Қурувчиман, яхшигина ошпазман. Қўлимдан кўп иш келади. Ҳалол меҳнатим билан элимизга хизмат қилиш ниятидаман. Тадбиркорлик қилиш ҳам режамда бор. Аҳду паймон қилган қизим бор, оила қуриб, Ватан корига ярайдиган фарзандлар ўстиришни дилимга тукканман.
 
Менга берилган имконият – ҳаётимни яна янгидан бошлаш имконияти учун Президентимизга раҳмат айтаман. Бундан кейинги ҳаётимни тўғри йўлдан оғишмаган ҳолда яшамоқчиман. Токи фарзандларим мендан уялишмасин. Бошлари эгилмасин. Шу ўринда онамдан узр сўрайман, берган азоб-уқубатларим, хатоларим учун. Эрта эгилган қадди, юзига тушган ажинлар, юрагидаги оғриқлар учун мени кечирсин. Дадамнинг жойи жаннатда бўлсин. Дуоларим доимо сиз билан, отажон.
 
Тенгдошларимга мурожаатим: жаннатмакон юртимизда эмин-эркин билим олиб, касбли, ҳунарли бўлиб, оилангиз бағрида яйраб яшанг. Ёшлик бебаҳо неъмат, унинг қадрига етинг, Ватаннинг яхши кунларига яранг, ёруғ юз билан эл орасида ўз ўрнингизни топишга интилинг.
 
Ҳусанбой Тешабоев,
Андижон вилояти, Қўрғонтепа тумани
Манба: ЎзА

Check Also

ОКСФОРДДАГИ ЎЗБЕКИСТОНГА ОИД ХАЗИНАЛАР

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация аъзолари Буюк Британияда бўлиб ўтаётган ҳақ …