Туркиянинг Анқара университети профессори, таниқли мотуридийшунос олим Сонмез Қутлу шу кунларда Имом Мотуридий илмий мероси ҳақида онлайн шаклда машғулотлар ўтяпти, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Вебинар шаклида ташкил этилган мазкур дарсларда илмий тадқиқот мавзусини танлаш, маълумотларни тўплаш ва таҳрир қилиш, адабиётлардан ҳамда манбалардан фойдаланиш, Америка, Ўзбекистон, Туркия ва бошқа мамлакатларнинг мотуридийшуносликдаги тажрибалари, таълим тизимидаги ўзига хосликлар ва бошқа жиҳатлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, таниқли олим бир неча ой давомида Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари учун ҳам дарс ўтган. Унда олимнинг “Мотуридий ақидаси ва таълими” мавзусидаги дарсларидан ўзбекистонлик талабалар қаторида ёш тадқиқотчи олимлар ҳамда профессор-ўқитувчилар ҳам баҳраманд бўлди. Дунёга машҳур аллома Мотуридийнинг бой маънавий меросини тадқиқ қилиш бўйича ўзаро фикр ва тажриба алмашилди.
Вебинар доирасида С.Қутлу ўзининг Ўзбекистондаги изланишларини илиқ таассурот билан ёдга олди, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади. Шарқнинг буюк алломалари меросини тиклаш, соф ислом ғояларини ёйиш, шу жумладан Имом Мотуридий ҳаёти ва ижодини тўғри талқин қилишда Ўзбекистон ҳиссасини юқори баҳолади.
Тадбирда Самарқандда Имом Мотуридийга бағишлаб ўтказилган халқаро анжуман ва унинг натижалари, шунингдек, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган Мотуридий тадқиқот маркази фаолияти алоҳида эътироф этилди.
Туркиялик олимнинг таъкидлашича, Мотуридия таълимотига оид мумтоз манбаларни замон нуқтаи назаридан ўрганиш давр талаби ҳисобланади. Чунки дин ниқобидаги экстремистик оқимларга қарши курашишда ушбу таълимот муҳим аҳамиятга эга.
С.Қутлунинг билдиришича, ислом динининг асл инсонпарварлик тамойилларини очиб беришда Абу Мансур Мотуридий ҳаёти ва илмий-маънавий меросининг ўрни беқиёс.