Мустақилликка эришгач, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан давлат мустақиллигини абадий сақлаб қолиш йўлидаги асосий тадрижий масалалардан бири, тарихга назар, Яъни аждодларнинг муқаддас хотиралари ҳамда бебаҳо меросларини қайта тиклаш ва таълимга бўлган эътиборни юксалтиришдан иборат деб белгиладилар. Шу жумладан, 1992-1994 ва 1997 йиллар давомида Таълим тўғрисидаги қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури жорий қилинди.
Мустақиллик йилларида Биринчи Президент Ислом Каримов раҳнамолигида буюк аждодларимиз ҳаётини ўрганиш ва улар қолдирган бой маънавий меросни тиклаш ва авайлаб асрашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шулар жумласидан, мустақиллик йилларида Самарқанд вилояти ва Оқдарё тумани ҳокимиятларининг раҳнамолиги ҳамда моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашлари туфайли Ҳазрат Махдуми Аъзам даҳмалари ва ул зот номидаги муҳташам масжид қайта таъмирланиб, обод зиёратгоҳга айлантирилди [3: 3].
Ҳазрат Махдуми Аъзам кўпгина давлат арбоблари, олим-у, уламолари ва мутасаввиф шайхларни мукаммал инсон, ўз соҳасининг етук намояндаси бўлиб етишишига салмоқли ҳисса қўшган буюк зот, мутафаккир аллома, меҳрибон мураббий, сиёсий арбоб ва нуфузли тасаввуф шайхи бўлган.
Ривоят қилишларича, Махдуми Аъзам Косоний яшаб ижод қилган Самарқанддаги Даҳбед қишлоғини, маҳаллий халқ буюк алломага бўлган ҳурматлари юзасидан “Ҳазрати Даҳбед” деб тилга олишади. Алломани эъзозлаб, от-аравада келаётган йўловчилар қишлоққа 400-500 метр қолганда уловдан тушиб пиёда ўтишган.
Баҳоуддин Нақшбанд тариқатининг давомчиларидан бири бўлмиш Махдуми Аъзам Косонийнинг “Рисолаи миръоти сафо” асарида диний ва ахлоқий қарашлари қуйидагича қайд этилган: “Худо сабабсиздир. Худо ўз маскани учун инсон дилини ихтиёр этиб, унинг дили орқали ўзини, ўз жилвасини кўриш ниятида шу ишни қилган экан. Агар қайси киши ўзининг юрак ойнасида Худонинг жилва қилишини хоҳласа, у ойна юзини беркитган пардани олиб ташлаши, яъни гуноҳлардан пок-ланиши керак. Гуноҳлардан фақат поклик, тоат-ибодат, худо зикрида бўлиш билангина қутулиш мумкин. Демак, киши Худонинг жамолини кўришга қатъийроқ ҳаракат қилиши, ҳақиқий ошиқ бўлиб ишқида куйиши, ёниши керак экан ва оқибатда бундай киши ҳақиқатга етиб, ҳақ висолини кўришга муяссар бўлар экан” [1: 88].
Биринчи Президент Ислом Каримов ҳам ўтмишда ушбу авлиё таъкидлаган инсондаги ботиний дунёқарашларни ҳозирги давр талаби ила қуйидагича таърифлайдилар: “Бу дунёда табиатда ҳам, жамиятда ҳам бўшлиқ бўлмайди. Қаердадир бўшлиқ пайдо бўлдими, ҳеч шубҳасиз, уни албатта кимдир тўлдиришга ҳаракат қилади. Ҳозирги кунда ким кўп ана шундай маънавий бўшлиқни тўлдиришга уринадиган, шунинг ҳисобидан ўзининг ғаразли мақсадларини амалга оширишни ўйлаб юрганлар кўп” [1: 46].
“Аллоҳ Ўз назаргоҳини, – дейди Махдуми Аъзам инсон қалбидан ихтиёр этган экан, бу қалб ойнасини ҳар хил ғуборлардан тоза тутиш лозим. Хўш, ғуборнинг ўзи нима? У одамга чирмашиб олган ёмон хулқ, ёмон одат – дилозорлик, манманлик, кибр, адоват, кек сақлаш, ҳаромхўрлик, ўғирлик, каззоблик, ёлғончилик, қиморбозлик, фоҳишабозлик ва бошқа рафторларки, ҳаммаси биргаликда гуноҳ. Сўфийлар тилида “ойна ғубори” дейилади. Модомики, Худо шу нарсаларга қарши экан, ҳар бир муслим киши ҳаракат қилиб, шу ғуборлардан ўзини пок этиши керак:
Жамолим у билан саҳрода ҳамон” [1: 67].
Шу маънода Биринчи Президент Ислом Каримов таъкидлаганидек, “Маънавий таҳдид деганда, аввало, тили, дини, эътиқодидан қатъий назар, ҳар қайси одамнинг том маънодаги эркин инсон бўлиб яшашига қарши қаратилган, унинг айнан руҳий дунёсини издан чиқариш мақсадини кўзда тутадиган мафкуравий, ғоявий ва информацион хуружларни назарда тутиш лозим, деб ўйлайман” [1: 73].
Ҳазрат Махдуми Аъзамнинг бизгача турли мавзуларда ёзилган жуда бой илмий мероси етиб келган. Махдуми Аъзамнинг асарлари кейинги беш аср давомида халқимиз томонидан севиб мутолаа қилинган ва кишилар маънавий савиясининг янада баланд бўлишига муайян таъсир кўрсатган. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида Махдуми Аъзам Косоний қаламига мансуб юздан кўпроқ нусхалари сақланиши фикримиз исботидир. Ҳазрат Махдуми Аъзам қаламига мансуб асарларида асосан инсон ва худо орасидаги муносабатлар, жисм ва руҳ, ахлоқ-одоб, ишқ, ҳақиқат, гўзаллик, адабиёт ва санъат каби йўналишларидаги мавзулар ёритилган.
Махдуми Аъзам инсонийлик, одобу ахлоқ, пок-лик, тозалик тўғрисида айтиб ўтилган рисолаларнинг ҳаммасида кўп ва хўп айтиб кетган, унинг фалсафаси-ю, таълимоти ҳам фақат одоб-у ахлоқ нуқтаи назаридан яратилган.
Бунга унинг қуйидаги байти мисол бўлади:
Қарилик пайтида ижоб эрур.
“Рисолаи Батихия”да таъкидланишича, одам фарзандини йўлга солувчи устод керакки, уни яхши йўлга бошқарсин. Бунда устодлар аввало албатта ота-оналардир. Улар ўз гўдакларига, фарзандларига қандай ибрат кўрсатсалар, яъни юқорида айтилганидек, унинг тушунчасига, қалбига қандай уруғ сепсалар, ўшандай ҳосилга эга бўладилар [2: 12].
Хуллас, Махдуми Аъзам ўз мухлисларини, соликларни ва умуман инсон фарзандини хайрихоҳликка, одамийликка, раҳмдилликка, инсонпарварликка, ҳамжиҳатликка даъват қилади. Буларнинг ҳаммасининг асоси эса имондир.
Косонийнинг “Рисолаи меърож ал-ошиқин” (Ошиқлар меърожи) номли рисоласида ҳукмдорлар покликка, адлу шафқатга, халқ учун керакли бўлган иншоотлар бино қилишга, яъни ободончиликни йўлга қўйишга, илму маърифатни ривожлантиришга аҳамият беришлари кераклиги даъват қилинади [2: 13-14].
Худо инсон қалбида Ўз руҳини жойлаштирган экан, у пок кишилар қалбидагина жилваланар, ана шу сабабдан ҳам гуноҳдан холи бўлган покиза кишилар чиройли кўринар эканлар, аслида эса бу гўзаллик Худонинг жилваси экан, чунки ҳаммадан ҳам гўзалроқ, зот Худодир, дейди.
Ўзликни унутмаган ҳолда, дунёвий билимларни эгаллаб юрт шарафини ҳимоя қила оладиган баркамол авлодни тарбиялаш учун нафақат дунёвий билимлар беришимиз, балки диний таълимотни ҳам ўргатмоғимиз керак. Токи, юртимиз фарзандлари тўғри йўлдан ҳеч бир иккиланишларсиз, бировлар таъсирига тушиб қолмай давом этсинлар. Шу ўринда ҳар қандай бўҳронларга муносиб жавоб бера оладиган даражада билимга эга бўлишлари лозимдир. Ҳар бир инсон юксак маънавият – енгилмас куч эканлигини ёдда тутмоғи даркор. Зеро, бақувват ирода, энг аввало, мақсадга эришишга бўлган ишончнинг таянчидир.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
- Илёсхон Ғозий. Махдуми Аъзам Имом ал-Косоний. – Т.: Ўзбекистон, 1996.
- Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Т.: Манавият, 2008.
- Нуриддинов А. Махдуми Аъзам Косоний. – Т.: Фан, 2008.