Home / ЯНГИЛИКЛАР / Илм-маърифат ва бағрикенглик маркази

Илм-маърифат ва бағрикенглик маркази

Мамлакатимизда виждон эркинлиги, диний бағрикенглик тамойилларини таъминлаш, уларнинг қонуний асосларини яратиш ва ривожлантириш масалаларига устувор аҳамият берилмоқда.

Сўнгги йилларда Президент Ш.Мирзиёев ташаббуси билан диний соҳада бир қатор ислоҳотлар ва кўплаб ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Турли конфессиялар вакиллари учун бир хил шароитлар яратилиб, виждон эркинлиги барча учун кафолатланган. Сифатли диний таълим олиш имкониятлари кенгаймоқда.

Жумладан, Ислом цивилизацияси маркази ҳамда вилоятларда калом, ҳадис, фиқҳ, ақида, тасаввуф илмларини ўрганишга ихтисослашган 5 та илмий мактаблар ўз фаолиятларини бошлади. Юртимизнинг деярли барча ҳудудларида 10 дан ортиқ исломий таълим муассасалари очилган. 

Миллий-диний қадриятларни асраб-авайлаш, ислом динининг асл-моҳиятини тўғри тушунтириш, ислом цивилизациясига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг илмий асарларини ўрганиш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш йўлида Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ўз фаолиятларини олиб бормоқда.

Президент Ш.Мирзиёев шу йилнинг январ ойида парламентга йўллаган мурожаатида “жаҳолатга қарши – маърифат” деган эзгу ғоя асосида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб мақсадларга хизмат қилишини мамлакатимизда тарғиб этиш лозимлигига тўхталганди.

Бу йўналишда миллий урф-одат ва қадриятларимизни тиклаш, ислом дини уламоларимизнинг бой меросини теран ўрганиш, уларнинг қадамжоларини обод қилиш, тарихий обидаларни асраш каби ишларни амалга ошириш белгиланганди. Жумладан, калом илми асосчиси Абу Мансур Мотуридий ва унинг давомчиларининг ҳаёти ҳамда илмий меросларини ўрганишга аълоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, 2020 йил 11 августдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори мотуридия таълимоти асосчиси Имом Абу Мансур Мотуридий ва унинг шогирдлари бўлган алломаларнинг улкан илмий, диний-маънавий меросини ҳамда уларнинг ислом дини равнақига қўшган ҳиссасини ўрганишда беқиёс аҳамиятга эгадир.

Шу билан бирга Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги ташаббусларини ҳаётга татбиқ этилаётганидан далолат беради. Хусусан, ана шундай ташаббуслардан бири бўлган ва 2018 йилда қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясида ҳам мазкур жиҳатларга алоҳида эътибор берилади. Унда маърифатпарварлик ғоясини илгари суриш қайд этилиб, сайёрамизда хавфсизлик ва тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги интеграция, ўзаро ҳурмат, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, муроса ва ўзаро англашувнинг нечоғли муҳимлиги эътироф этилади.

Аҳамиятли жиҳати, Мотуридия ақидаси Қуръон, ҳадис ва ақл-идрок, мантиқ ва ҳақиқатга яқин экани билан бошқа таълимотлардан ажралиб туради. Абу Мансур Мотуридий ўз таълимотида исломда ўта муҳим бўлган бағрикенглик, мўътадиллик ва инсонийликни тарғиб қилади. Ислом оламидаги юксак хизматлари учун Имом Абу Мансур Мотуридийга мусулмонлар томонидан олий унвонлар берилган.

Жумладан, ўрта асрларда турли фирқа ва тоифалар ўзларининг бузғунчилик ҳаракатлари билан аҳли сунна вал жамоа мазҳабига таҳдид солганида Имом Абу Мансур Мотуридий унинг ҳимоясига тургани учун “Мусаҳҳиҳу ақийдата аҳлис-сунна”, яъни “аҳли сунна ақидасини тўғриловчи” унвон берилган. Бундан ташқари, Мотуридийни улуғлаб “Имом ал-ҳуда” ва “Имом ал-мутакаллимин”, “Ҳидоят йўли имоми ва мутакаллимлар имоми” каби номлар билан ҳам атаганлар. Дарҳақиқат, Имом Мотуридий нафақат Марказий Осиёда, балки бутун ислом оламида ўз муносиб ўрнига эга бўлган диний арбоблардан ҳисобланади.

Шу боис, жорий йилнинг 3-5 март кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро конференцияда 20 яқин давлатдан ташриф буюрган диний уламолар, ислом оламининг етук олим ва мутахассисслари мотуридия таълимотини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш бугунги кун учун ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида эътироф этишган эди.

Афсуски, Абу Мансур Мотуридийнинг кўп асарлари бизгача етиб келмаган, етиб келганлари ҳам хориждаги кутубхона ва қўлёзма фондларида сақланмоқда. Шунинг учун Президентнинг мазкур қарори янги ташкил этилаётган Марказ олдига хорижий давлатларнинг кутубхоналарида сақланаётган буюк алломамизнинг ислом дунёси учун муҳим илмий аҳамиятга эга бўлган меросларини Ўзбекистонда тўплаш ва келажак авлодга етказиш учун тизимли илмий-тадқиқотларни ташкил этиш вазифаси қўйилганлиги ҳам бежизга эмас.

Шунингдек, Президент қарорида таъсис этилган Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендияси мотуридий таълимоти билан боғлиқ ўрганишларни амалга оширувчи хорижий тадқиқотчи ва изланувчилар учун жуда муҳим рағбатлантирувчи куч бўлиб хизмат қилади.

Умуман олганда, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши бевосита Имом Мотуридий ва унинг издошларининг илмий меросини тиклаш, ўрганиш, ўзбек тилига таржима қилиш ҳамда тарғиб қилишда муҳим қадам бўлди.

Келгусида Марказ фаолияти “жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида ислом динининг илм-маърифат, маънавий поклик, тинчлик-осойишталик, бағрикенглик, тараққиёт ва бунёдкорликка чақирувчи ғояларини халққа, айниқса, ёшларга етказиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, ёш авлодни эзгу умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялашда, ҳамда ислом оламида мутаассиблик ва ақидапарастлик ғояларини тарқалишининг олдини олишда ўз ўрнига эга бўлади.

Самариддин Сатторов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бош илмий ходими
Манба: religions.uz

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …