Хабарингиз бор, жорий йилнинг 11 август куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан «Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди.
Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг улкан илмий, диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш, уларни келгуси авлод ва халқаро жамоатчиликка етказилишида ҳуқуқий манба бўлиб хизмат қилувчи ушбу қарор юзасидан Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров қуйидагиларни баён этди.
“Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорининг қабул қилиниши соҳада олиб борилаётган тизимли ишларнинг яна бир янги босқичи, деб айтишимиз мумкин.
Айнан Имом Мотуридийнинг ватани бўлган ҳозирги Ўзбекистонда бу ишларнинг амалга оширилиши бутун ислом дунёсини ҳамда бу борада иш олиб бораётган тадқиқотчиларни хурсанд қиладиган қувонарли янгилик деб айтишимиз мумкин. Ушбу марказнинг ташкил этилишидан ҳозирги кунда долзарб бўлиб турган қатор муаммоли масалаларнинг ечими топилишига умид қиламиз.
Қарор билан тасдиқланган «Йўл харитаси»да Имом Мотуридий ва Мотуридийлик таълимоти мероси, Имом Мотуридий, Имом Насафий ва бошқа буюк мутафаккир алломаларимизнинг китобларини ҳозирги замонавий тилларга таржима қилиш, уларнинг қўлёзмаларини чуқур тадқиқ этиш борасида халқаро ҳамкорликни ташкиллаштириш вазифалари кўрсатилган. Жумладан, етакчи ислом марказлари билан биргаликда Халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро марказлари билан ҳамкорликда амалга ошириладиган илмий-тадқиқот ишлари ҳам мана шу «Йўл харитаси»дан ўрин олган.»