Кейинги йилларда юртимизда барча соҳалар қатори диний-маърифий соҳада ҳам катта ўзгаришлар ва ислоҳотлар бўляпти. Буни биз сўнги уч ярим йил ичида муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуслари билан ташкил этилган илм-маърифат масканлари мисолида яққол кўришимиз мумкин. Улар қаторига Имом Бухорий ва Имом Термизий илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказларини киритишимиз мумкин.
Бугун ҳам ана шу эзгу ишлар давом этмоқда. Жорий йил 11 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида ташкил этилди. Шунингдек, Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендия таъсис этилди.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
– ақида ва калом илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг улкан илмий, диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилиш;
– ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганиш ва кенг афкор оммага, жумладан, халқаро жамоатчиликка етказиш;
– Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби алломаларнинг калом илми ривожига қўшган ҳиссаси ва унинг тараққиётида тутган ўрнини чуқур тадқиқ этиш, ёш авлодни миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинчлик-тотувлик каби ислом динининг асл қадриятлари руҳида тарбиялаш;
– “жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида ислом динининг илм-маърифат, маънавий поклик, тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва бунёдкорликка чақирувчи ғояларини халқимиз, айниқса, ёшларга етказишдан иборат экани қайд этилди.
Ҳужжатда Марказ ҳамда Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом олами ташкилоти (ICESCO)га аъзо мамлакатлар ва бошқа давлатларнинг махсус муассасалари, университетлари ўртасида самарали халқаро ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантириш бўйича аниқ чоралар белгиланди.
Шунингдек, Қарорда “Эл-юрт умиди” жамғармаси мунтазам равишда Марказ илмий ходим ва тадқиқотчиларининг хорижда амалиёт ўташи ва стажировкасини ташкил этиш бўйича амалий чораларни кўриши қайд этиб ўтилди.
Юртимизда бу каби нуфузли дорулфунуннинг ташкил этилиши орқали Имом Мотуридий ва унинг издошларининг мусулмон оламидаги машҳур асарлари ўзбек тилига таржима қилинади ва халқимизга етказилади. Юртимиз мотуридийшунос олимлари хорижий мамлакатларда ўтказиладиган халқаро конференцияларда иштирок этадилар. Марказ муассислигида “Мотуридийлик” маънавий-маърифий, илмий-адабий журнали нашр этилади.
Келгусида “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзусида конференция ва семинарлар ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, дунё қўлёзма фондларида сақланаётган Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига оид қўлёзма асарлар нусхалари жамланади ҳамда уларнинг каталоги яратилади. Йиғилган малумотлар асосида мотуридийлик таълимотига оид энциклопедия тайёрланади.
Яна қувонарлиси ўзбек ва жаҳон кино ихлосмандлари учун Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби алломаларнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида бадиий ва ҳужжатли фильмлар тайёрланади.
Қайд этиш керакки, бугунги кунда дунёда мавжуд 1,9 млрд мусулмон аҳолининг 38% ёки 726 миллиони мотуридийлик таълимотига амал қилади. Улар Покистон, Ҳиндистон, Туркия, Миср, Россия каби 20 га яқин давлатда истиқомат қилади.
Бир сўз билан айтганда, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг янги босқичи сифатида улуғ аллома аждодларимизнинг ибратли ҳаёти ва бой илми меросини чуқур тадқиқ этиш, халқимиз, хусусан, ёшларимизни эзгу умуминсоний ғоялар, муқаддас динимизнинг илм-маърифат, ҳалол-поклик, юксак ахлоқ ва эзгулик таълимоти асосида тарбиялаш имконини беради.