Home / КИТОБЛАР / МАҚТОВ ВА ТАЪРИФЛАР

МАҚТОВ ВА ТАЪРИФЛАР

Аллоҳ таоло имом Бухорийга катта фазл ва шараф ато қилди. Илм йўлида қилган хизматлари самараси сифатида у кишининг шуҳратларини бутун дунёга тарқатди. Имом Бухорий асрлар оша мўмин-мусулмонлар қалбининг тўридан жой олиб, уларнинг мақтовларига ва улуғлашларига мушарраф бўлиб келмоқдалар. У кишининг мақтовида айтилган ва ёзилган гапларни тўлиқ келтиришнинг иложи йўқ бўлса керак. Биз улардан баъзиларини тақдим этиш ила кифояланамиз.Аҳмад ибн Сайёр Марвазий:
«Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра Бардизбаҳ Жўъфий Абу Абдуллоҳ илм талаб қилди. Одамлар ила мажлис қурди. Ҳадис излаб, сафар қилди ва унда моҳир бўлди. У гўзал маърифатли, яхши ҳофизали эди ва фақиҳлик ҳам қиларди».
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал:
«Хуросон Муҳаммад ибн Исмоилга ўхшаш кишини етиштирмаган».

Мусо ибн Ҳорун Ҳаммол:
«Менимча, аҳли Ислом барчаси жамланиб, Муҳаммад ибн Исмоилга ўхшаш яна бир кишини тайин қилмоқчи бўлса-да, эплай олмайдилар».
«Тарихи Бағдод» китобида имом Бухорийнинг ўзларидан қуйидаги ривоят нақл қилинади:
«Басрага кирганимда Муҳаммад ибн Башшорнинг мажлисига бордим. У ичкаридан чиққанида кўзи менга тушди ва:
«Йигит қаердан?» деди.
«Аҳли Бухородан», дедим.
«Абу Абдуллоҳни қандай ҳолда тарк қилдинг?» деди.
Мен жим қолдим. Асҳоблари унга:
«Аллоҳ сизга раҳм қилсин. Унинг ўзи Абу Абдуллоҳ», дейишди.
У ўрнидан туриб, қўлимдан ушлаб, бўйнимдан қучоқлади ва:
«Хуш келибсан, кўп йиллардан буён фахрланиб юрганим!» деди».
Али ибн Мадинийга Бухорийнинг «Ўзимни ҳеч кимнинг олдида Али ибн Мадиний ҳузуридагичалик кичик ҳис қилмаганман» дегани айтилганида, у:
«Унинг гапини қўйинглар. У ўзи кабини учратмаган», деган.
Бухорий Али ибн Мадинийнинг ўнг тарафида ўтирар эди. Ибн Мадиний ҳадис айтиб туриб, худди қўрққандек, Бухорийга қараб-қараб қўяр эди.

Амр ибн Алининг асҳоблари у билан бир ҳадисни музокара қилдилар. У:
«Бу ҳадисни билмайман», деди. Улар бундан масрур бўлиб, Амр ибн Алининг олдига югурдилар ва унга:
«Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийга бир ҳадис айтган эдик, билмайман, деди», дейишди.
Шунда Амр ибн Али:
«Муҳаммад ибн Исмоил билмайдиган ҳадис ҳадис эмас», деди.
Абу Маъшар Ҳамдавайҳ ибн Хаттоб айтади:
«Муҳаммад ибн Исмоил Ироқдан охирги марта келганда уни жуда кўп одам кутиб олди ва издиҳом катта бўлиб кетди ҳамда унга яхшиликда муболаға қилишди. Унинг ўзига одамларнинг унга икром ва яхшилик кўрсатиши ҳақида айтилганида, «Басрага кирган кунимизни кўрганингизда эди», деди».
Салим ибн Мужоҳид:
«Олтмиш йилдан бери кўзим билан Муҳаммад ибн Исмоилдан кўра фақиҳроқ, парҳезкорроқ ва дунёда зоҳидроқ одамни кўрмадим», деган.
Абу Ийсо Термизий:
«Муҳаммад ибн Исмоил Абдуллоҳ ибн Мунийрнинг ҳузуридан тураётганида, у:
«Эй Абу Абдуллоҳ! Аллоҳ сени ушбу умматнинг зийнати қилсин!» деди.
Аллоҳ унинг дуосини қабул қилди».
Бухорий имом Аҳмад билан видолашиб, Хуросонга кетаётганида у:
«Эй Абу Абдуллоҳ! Илмни ва одамларни тарк қилиб, Хуросонга кетмоқдамисан?!» деган.
Яҳё ибн Жаъфар айтади:
«Агар қудратим етса, Муҳаммад ибн Исмоилнинг умрини зиёда қилар эдим. Менинг ўлимим бир кишининг ўлими бўлади. Муҳаммад ибн Исмоилнинг ўлими илмнинг кетишидир».
Ражо ибн Муражжий Ҳофиз:
«Муҳаммад ибн Исмоилнинг уламолардан афзаллиги эркакларнинг аёллардан фазли кабидир», деди.
«Эй Абу Муҳаммад! Бунинг барчаси бир оғиз сўз билан-а?!» деди бир киши.
«У Аллоҳнинг ер юзида юрган белгиларидан биридир!» деди у.
Абу Амр Аҳмад ибн Наср Хаффоф айтади:
«Ким Муҳаммад ибн Исмоил ҳақида бирор номаъқул нарса айтса, мендан унга минг лаънат бўлсин!»
Абдуллоҳ ибн Ҳаммод Омилий айтади:
«Муҳаммад ибн Исмоилнинг кўксидаги бир тук бўлишни орзу қиламан».

Имом Муслим ибн Ҳажжож дейди:
«Фақат ҳасадгўйгина сени ёқтирмайди. Гувоҳлик бераманки, дунёда сенга ўхшаш йўқ».
Одамлар имом Муслимнинг Бухорийнинг олдида худди шогирд боладек бўлиб савол сўраётганини кўрганлар.
Ҳусайн ибн Муҳаммад айтади:
«Муҳаммад ибн Исмоилга ўхшаганини кўрмаганман. Муслим ҳофиз Муҳаммад ибн Исмоилга ета олмаган. Абу Заръа ва Абу Ҳотимларнинг Муҳаммад ибн Исмоил нима деса эшитиб, ёнбошида ўтирганларини кўрганман».

Унга Муҳаммад ибн Яҳёнинг қиссаси айтилганда:
«У ким-у, Муҳаммад ибн Исмоил ким? Муҳаммад ибн Исмоил умматлардан бири бўлган. У бу нарсада, бу нарсада Муҳаммад ибн Яҳёдан илмли бўлган. Муҳаммад ибн Исмоил ўта диндор ва фозил бўлган. Барча ишларни яхшилаб қилган», деди.
Имом Муслим ибн Ҳажжож Бухорийнинг олдига келиб, икки кўзи орасидан ўпганини ва «Эй устозларнинг устози, муҳаддисларнинг саййиди ва ҳадис иллатларининг табиби! Ижозат беринг! Икки оёғингиздан ўпай!» деганини одамлар кўришган.

Имом Нававий айтадилар:
«Билки, Бухорийнинг олий мақоми ва бу илмда ўз тенгдошлари ва ўхшашларидан пешқадам экани ўтган ва қолган замондаги барчанинг иттифоқидир. Унинг фазли учун уни мақтаган ва яхшиликларини тарқатганларнинг кўпчилиги унинг кўзга кўринган шайхлари ва машҳур шерикларидир.
Унинг фазилатларини санашнинг имкони йўқ. Чунки улар санаш чегарасидан чиққан ва бир неча турларга тақсимлангандир: ёдлаш, англаш, таҳсил ва ривоятдаги ижтиҳод, ибодат ва фойда, зоҳидлик ва парҳезкорлик, тадқиқот ва пухталик, маърифат, ҳолатлар, кароматлар ва бошқалар».
Имом Бухорий ҳақида имом Заҳабий айтадилар:
«У заковатда, илмда, парҳезкорликда ва ибодатда бош эди».
Имом Бухорий ҳақида имом Субкий айтадилар:
«У мусулмонларнинг имоми, муваҳҳидларнинг ўрнаги, мўминларнинг шайхи, Набийлар саййидининг ҳадислари суянчиғи, дин низоми муҳофизи ва «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ»нинг соҳибидир».

Манба:@islomuz_kanal

Check Also

АБУ АБДУЛЛОҲ МУҲАММАД ИБН ИСМОИЛ БУХОРИЙ (810-870)2-қисм

Манбаларда Имом Бухорий ўз ватанида ва хорижий юртларда мингдан ортиқ устозлардан ҳадис ривоят қилгани кўрсатилган. …