Адибларимизнинг асарларида инсониятга панд насиҳатлар берилиб, келажакни бугундан бошлаб ўзгартириш кераклиги ҳақида маслаҳатлар берилган. Дарҳақиқат, келажак бугундан бошланади. Мустақиллигини қўлга киритган ёш давлатимиз ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини демократлаштириш жараёнини янада чуқурлаштириш, янги маъно-мазмун билан бойитиш, унинг изчиллиги ва самарасини таъминлаш йўлида борар экан, маънавий ҳаётимизни тўғирлаб олиш олдимизда турган энг долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Ёвузлик, очкўзлик, ахлоқсизлик, бойликка ҳирс қўйиш каби иллатлар ҳозирги замон иллатларига айланмоқда. Кишиларнинг бир-бирларига нисбатан шафқатсизликлари, иродасизликлари натижасида нафс ва ҳиссиётларга берилиб ўзларининг иштаҳаларини ақл бовар қилмас даражада тиёлмаслиги жамият тараққиётига салбий оқибатлар келтириши мумкин.
Чингиз Айтматов таъкидлаганидек: – “Одам ўзидаги Азозилга ҳай бериши, ҳар қандай шароитда ҳам инсон бўлиб қолмоғи керак. Шундагина у инсон деган улуғ номга муносиб бўлади. Наҳотки, фан-техника ва иқтисодиётнинг мислсиз ривожланиши имонсизлик, виждонсизлик, шафқатсизликнинг беқиёс авж олишига тўғри мутаносиб бўлса? Одамлар бутун ҳокимиятни жаноб долларнинг қўлига ишониб топшириб қўйишгандан кейин бошқача бўлиши мумкин ҳам эмасмикин?”[1]
Халқимиз томонидан кўплаб ҳикматлар яратилганки, уларда ҳар бир инсон ўзини бу сиртмоқдан ҳимоялашга чорлайди. Мисол учун: – Бойликка ҳирс қўйиш-жодунинг сиртмоғига тушиб қолиш билан баробар. Бу жоду бир тарафига хитойча, иккинчи томонига ажамча хат битилган бир парча қоғоздир. Шунингдек, – Муҳаббатнинг заволи дирҳам билан динорда деб таъкидлаганлар.
Абдураҳмон Жомийнинг ҳикматларида қуйидаги ҳикмат битилган: “Уч тоифага 3 хил иш ярашмайди: подшоҳга-тезлик, донишмандга молу дунёга ҳирс қўйиш; давлатмандга-бахиллик“[2]. Ушбу ҳикматдан ҳар биримиз хулоса чиқариб олсак арзийди деб уйлайман.
Қуръонда: “Осмонлар ва ернинг мулки Аллоҳникидир ва қайтиш ҳам фақат Аллоҳгадир”[3] деб оят келтирилган. Бас шундай экан, нима учун бандалари бойлик учун бунчалик уз жонларини хатарга қўйиб узоқ ўлкаларга шошиладилар?
“Мансабдор мол тўплайди, оқил-фазилат” – деб бежиз таъкидланмаган. Биз бу ишора билан ҳар бир кишини аввал муқаддас деб таъкидланган оила, фарзанд, она-заминни асраб авайлашга чақирмоқчимиз.
Мустақил юртимиз заминининг шу жиҳатдан бениҳоя муқаддаслиги ҳақида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қуйидагиларни таъкидлаб айтган эдилар: “Бутун умрини иймон ва эътиқод, ватанпарварлик, поклик ва ҳалоллик, илм ва маърифат, адолат ва диёнат йўлида фидо этган зотларнинг мўътабар хоклари макон топган замингина муқаддасдир. Агар шундай инсонлар бўлмаса улар даҳосининг нафаси сезилиб турмаса, ҳар қандай замин оддий тупроқ бўлиб қолаверади”.1
Маълумки, диёнат, иймон-эътиқод ижтимоий адолат худди Ватанга муҳаббат каби сўз санъатининг қадимий ва боқий мавзу муаммоларидан. Ҳар битта давр уни янгича қўяди, ўзгача мезонлар билан баҳолашни тақозо этади.
Ҳар биримиз Аллоҳнинг берган неъматига шукрона айтиб яшашимиз ва ортиқча нафс балосидан тийилишимиз керак. Зеро, Яҳё ибн Убайдуллоҳдан ривоят қилинади: “Мен отамдан, отам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан, у киши эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сизлардан бирларингизга Аллоҳ таолонинг неъмати қанча миқдорда берилганлигини билишни хоҳласа, бас, у ўзидан пастдаги одамларга қарасин, ўзидан юқоридагиларга эмас”, – дедилар”. (Марфуъ ҳадис)
Хулоса қилиб шуни таъкидламоқчимизки, биз инсонлар очкўзлик, ахлоқсизлик, бойликка ҳирс қўйиб ўзлигимизни унутмайлик.
[1] Чингиз Айтматов “Охирзамон нишонлари”
[2] “Аждодлар ўгити” Т-1991 йил. 95-бет
[3] “Нур” сураси 42-оят
1 Karimov I. A. Biz kelajagimizni o`z qo`limiz bilan qurqamiz. T.; Asarlar , 7-jild,“O`zbekiston”, 1999,184-b.