Home / МАҚОЛАЛАР / ИЛК ФИҚҲ МАКТАБЛАРИ: МАККА ВА МАДИНА МАКТАБИ

ИЛК ФИҚҲ МАКТАБЛАРИ: МАККА ВА МАДИНА МАКТАБИ

Фиқҳ мактаблари, уларнинг шаклланиш тарихи, дастлабки даврдаги фақиҳлар тўғрисида баён қилишдан олдин фиқҳ илми ҳақида қисқача маълумот бериб ўтамиз.

Шариат истилоҳида “фиқҳ” – “Аллоҳ таоло ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали нозил қилган шариатни теран фаҳмламоқ” маъносини билдиради. Баъзи адабиётларда фиқҳга: “Ал-фиқҳ (чуқур билим, тушуниш) ‒ мусулмон илоҳиётчилигининг ажралмас қисмидир. Ҳар қандай фиқҳий (ҳуқуқий) ғоя ёки тамойил, албатта, Қуръон, Сунна билан асосланиб берилиши шарт”[1: 186], деб таъриф берилади.

Фиқҳ илмида ибодат ва муомалот (ижтимоий) масалаларида учрайдиган ҳар қандай саволларга ечим топишда Қуръон ва Суннага таянилади. Бундай асос ҳақиқатлиги ижмога эга бўлиши керак. Бу борада Расулуллоҳдан қуйидаги ҳадис ворид бўлган: “Ҳазрати Али Расулуллоҳдан “Қуръони карим ва ҳадиси шарифда ҳукми бўлмаган бирон иш содир бўлса нима қиламиз?” деб сўраганларида у зот: “Мўминлардан бўлган олимларни тўплаб, ўзаро маслаҳат қилинглар, бундай ишда бир кишининг фикри билан ҳукм чиқарманглар”, деб жавоб берганлар. Кейинги навбатда қиёсга таянилади. Қиёс ‒ ҳукми ворид бўлмаган масалани Қуръон ва ҳадисда шунга ўхшаш ва ҳукми келган нарсага қиёслаб фатво чиқаришдир. Ана шу тўрт нарса фиқҳнинг асосини ташкил қилади.

Ислом дининг дастлабки даврларида фиқҳ илми алоҳида илм сифатида бўлмаган. Фиқҳий ҳукмларни чиқариб олишда зарур бўладиган қонун-қоидалар ҳам тўлиқ шаклланмаган. Кейинчалик ислом кенгая бошлагач у алоҳида илм сифатида шаклланган.

Аммо, саҳобалар даврининг охирларида ушбу илмнинг пойдевори бўлган илк фиқҳий мактаблар ривожлана бошлаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг турли ҳудудлардаги олим саҳобалар уммат ичида юзага келган турли масалаларга Қуръон ва суннатга таянган ҳолда жавоб берганлар. Ислом уммати ўзларига маъқул бўлган кишиларга эргаша бошлаганлар. Аста-секин уммат эргашган олим саҳобалар атрофида алоҳида фиқҳий мактаблар юзага кела бошлайди. Шундай мактабларнинг дастлабкилари Макка ва Мадина фиқҳ мактаблари эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳ этилганидан сўнг унинг аҳлига диндан сабоқ бериш учун фақиҳ саҳобалардан Муоз ибн Жабални тайинлади. У одамларга Қуръонни, суннатни, ҳалол ва ҳаромни ўргата бошлади. Шу тариқа Маккада илк фиқҳ мактаби яратилди.

Ушбу мактабнинг ривожланишига Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг хизматлари катта бўлган. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида улғайиб илм ўрганган. Ҳатто, Пайғамбар алайҳиссалом унинг ҳаққига дуо қилиб: “Аллоҳим, уни динда фақиҳ қилгин ва унга Қуръон таъвилини ўргатгин” , деб айтганлар. Шу сабабли у саҳобалар орасида фақиҳроғи ва Қуръон таъвилида олимроғи бўлиб етишган.

Абдулҳамид Кешийнинг “Муснад” асарида Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагича келади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ йили рамазонда йўлга чиқдилар. У зот рўза тутдилар. Қачонки, Кудийдга етганида оғзи очиқ юрдилар. Албатта, у зотнинг ишларидан энг янгиси олинади. Охиргиси биринчисини бекор қилади”.

Келтирилган ҳадисдан у кишининг чуқур билим ва тафаккурга эга фақиҳ эканлиги намоён бўлади. Эътибор бериладиган яна бир асосий жиҳат шундаки, ҳадисда масалаларни ечишга доир фиқҳий усул ёритилган бўлиб, ҳукм чиқаришда Пайғамбаримизнинг энг охирги айтган гаплари, қилган ишлари асос қилиб олиниши баён этилган.

Маккада фиқҳ мактабини ривожлантиришда Абдуллоҳ ибн Аббосдан сўнг у кишининг шогирдлари Икрима, Ато ибн Абу Рабоҳ, Товус ва Саид ибн Жубайрлар катта хизмат қилганлар.

Икрима розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Аббоснинг озод қилган қули бўлган. У фиқҳ илмини ўз хожасидан ўрганган. Товус розияллоҳу анҳу эса Абдуллоҳ ибн Аббоснинг яхши кўрган шогирдларидан бўлиб, Макка фақиҳларининг етакчиси ва муфтийсига айланган.

Кейинги даврда Амр ибн Динор, Ибн Журайж, Абдуллоҳ ибн Динорлар Макка фиқҳ мактабини ривожлантирганлар.

Фиқҳ мактаблари ичида Мадина фиқҳ мактаби алоҳида ўрин тутади. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асосий фаолиятлари Мадина билан боғлиқ бўлган. Бундан ташқари айнан Мадинада кўплаб фиқҳий оятлар нозил бўлган ва ислом шариати тўлиқ шаклланган.

Мадина фиқҳ мактабининг асосчиларидан бири Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудир. У киши ёшлик чоғидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида илм ўргандилар ва у зотнинг ваҳий котиблари бўлдилар.

Зайд ибн Собит фароиз илмида саҳобалар ичида энг олимроғи эдилар. Умар розияллоҳу анҳу: “Ким меросдан сўрамоқчи бўлса, Зайд ибн Собитнинг олдига келсин”, деб таъкидлаганлар.

Одамлар кўплаб фиқҳий масалалар ечимини Зайд ибн Собитдан топишган. Муттолиб ибн Абдуллоҳ ибн Ҳантобдан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагича келади:

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан пешин ва аср намозларидаги қироат ҳақида сўралди. Шунда у киши: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмни узун қилиб, (махфий ўқиладиган) намозда (ҳам) икки лабларини қимирлатиб (махфий) қироат қилардилар”, деб жавоб бердилар.

Юқоридаги мисоллардан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг Мадинада фиқҳнинг ривожига катта ҳисса қўшганлиги ва у кишига кўплаб фиқҳий масалалар юзасидан мурожаат қилинганлиги маълум бўлади.

Ибн Саъд Солим ибн Абдуллоҳдан ривоят қилади:

“Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу вафот қилган куни Абдуллоҳ ибн Умар билан бирга эдик.

Мен: “Бугун одамларнинг олими вафот қилди”, дедим.

У: “Аллоҳ уни бугун раҳмат қилсин! У Умарнинг халифалигида одамларнинг олими ва илм денгизи эди. Умар уларни турли юртларга юборди ва ўз фикрларидан фатво айтишдан ман қилди. Зайд ибн Собит Мадинада ўтириб аҳли Мадинага ва келганларга фатво берар эди”, ‒ деди”[2: 73].

Бундан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Мадинада фиқҳий мактабнинг ривожига хизмат қилган катта фақиҳлардан эканлиги маълум бўлади.

Зайд ибн Собитдан сўнг ушбу фиқҳий мактабнинг ривожига Абдуллоҳ ибн Умар, Хорижа ибн Зайд, Қосим ибн Муҳаммад, Саид ибн Мусайяб ва Урва ибн Зубайрлар катта хизмат қилдилар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу фиқҳий масалалар кўп сўраладиган олим саҳобалардан эди. У ҳақида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса онамизга: “Уканг солиҳ одамдир”, деб айтганлар.

Товус розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагича келади: “Абдуллоҳ ибн Умардан шом намозидан олдин икки ракат намоз ўқилиши ҳақида сўралди. Шунда Ибн Умар: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида ҳеч бир кишини шом намозидан олдин икки ракат намоз ўқиганларини кўрмадим”, деди”[3: 317].

Бошқа бир ҳадисда Абдураҳмон ибн Зайд ибн Асламнинг отаси Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бизга иккита ўлимтик ва икки нарсанинг қони ҳалол қилинди. Ўлимтиклардан балиқ ва чигиртка, қонлардан жигар ва талоқнинг қонлари ҳалол қилинди”, дедилар”.

Бу мисоллардан Абдуллоҳ ибн Умарнинг фиқҳий масалаларда чуқур илмга эга фақиҳ эканлиги маълум бўлади.

Кейинги даврларда Мадина фиқҳ мактаби Муҳаммад ибн Муслим Зуҳрий ва Моликий мазҳабининг асосчиси Имом Молик ибн Анасларнинг кенг илмий фаолиятлари билан ривожланиб борди.

Шу тариқа саҳобалар даврининг иккинчи ярмида Макка, Мадина, Басра ва Куфада дастлабки фиқҳий мактаблар шаклланди ва ундан кейинги даврларда ривожланиш босқичларига ўтди. Айниқса, тобиъийн ва табаъа тобиъийнлар даврида ушбу мактаблар асосида турли мазҳаблар юзага келди.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. А.Ҳасанов, Н.Комилов, У.Уватов, А.Азимов, Д.Раҳимжонов, Қ.Зоҳидов. Ислом тарихи. Тошкент – 2007.
  2. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Фиқҳий юналишглар ва китоблар. ‒Т.: SHARQ нашриёти, 2011.
  3. Абд ибн Ҳумайд Кеший. Ал-Мунтахаб мин Муснади Абд ибн Ҳумайд / Абдуллоҳ Аҳмад ибн Иброҳим Абу Айнайни тахрижи. – Ироқ: Мактаба Ибн Аббос, 2009. 2 жилд.
Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …