Марказ биносига кириш қисмидаги пештоқида Қуръони каримдаги “Ар-роҳман” сурасининг 39 та ояти битилган бўлиб, ушбу сурада Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ва биз умматларига Қуръонни ўргатгани ва Аллоҳ таоло инсонни яратиб, у дилидаги мақсадини баён эта олиши учун нутқни таълим берганлиги ҳамда Аллоҳнинг бандаларига берган улуғ неъматлари, нафақат бу дунёдаги неъматлари, балки солиҳ бандалари учун тайёрлаб қўйилган жаннатдаги турли хил неъматлари ҳақида ҳам баён қилинган.
Пештоқнинг иккинчи қаторида эса, Қуръони карим “Бақара” сурасининг 269-ояти битилган:
يُؤْتِي الْحِكْمَةَ مَنْ يَشَاءُ وَمَنْ يُؤْتَ الْحِكْمَةَ فَقَدْ أُوتِيَ خَيْرًا كَثِيرًا
“У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илмини) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди”.
Марказ биносига кириш эшигининг юқори қисмида Пайғамбаримизнинг қуйидаги ҳадиси битилган:
عن معاوية رضي الله عنه قال ( قال رسول الله صلى الله عليه وسلم): من يرد الله به خيرا يفقه في الدين
(أخرجه البخاري و مسلم)
Муовия розияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло кимга яхшилик қилмоқчи бўлса, уни динда билимдон қилиб қуяди”.
(Имом Бухорий ривояти)