Китоб муаллифлари: Шовосил Зиёдов, Иргаш Даминов, Отабек Муҳаммадиев, Тоҳир Ибодуллаев.
Китоб ҳажми: 272 бет.
Китобнинг қисқача мазмуни: Ушбу рисолада мотуридийлик таълимотининг асосчиси, «Рушду ҳидоятга бошловчи имом», «Мусулмонлар ақидасини ислоҳ этувчи» каби юксак унвонларга сазовор бўлган буюк аждодимиз Абу Мансур Мотуридий ва мотуридийлик таълимотининг Мовароуннаҳр диёрида кенг ёйилишига хизмат қилган издошлари ҳаёти ва илмий мероси ҳақида сўз юритилган.
Шунингдек, Мовароуннаҳр ҳудудида яшаб, ўзининг калом мактабига асос солган буюк аждодимиз ҳаёти ва илмий мероси ҳақида сўз юритилган.
Китобда Абу Мансур Мотуридий ва унинг издошлари бўлмиш Абу Муин Насафий, Иброҳим Саффор Бухорий ва Алоуддин Усмандий Самарқандийнинг ҳаёти, илмий фаолияти, устозлари ва шогирдлари, асарларининг жаҳон кутубхона фондларида сақланаётган қўлёзма нусхалари ҳақидаги маълумотлар берилган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек:
“Алломаларимиз нафақат дунёвий фанлар соҳасида, балки эътиқод ва диний илмлар соҳасида ҳам минг йиллар мобайнида дунё мусулмонларига устозлик қилишган. Бу ҳақда буюк исломшунослар “Ислом дини Арабистонда шаклланган бўлса, Мовароуннаҳрда камолга етган” деган фикрни айтишади. Ҳақиқатдан ҳам, ҳадис илмида пешқадам бўлган алломалар Имом Бухорий, Имом Доримий, Имом Термизий, калом илмида Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий, Абу Лайс Самарқандий каби етук уламолар ислом дини тараққиётида, бу диндаги бағрикенглик, инсонпарварлик, илмпарварлик ғояларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб, ислом динининг маърифий йўналиши равнақида салмоқли ўрин эгаллашган”.
Мотуридия калом мактаби Шарқ мамлакатларида бундай катта шуҳрат топишининг сабаби шундаки, унда илгари сурилган ғоялар ислом динимизнинг асосини тўғрилик, эзгулик ва инсонийликдан иборат деб биладиган жамики мўмин-мусулмонларнинг қараш ва интилишлари билан ҳамоҳанг эди.
“Мовароуннаҳрда мотуридия калом илми мактаби” деб номланган ушбу китобнинг биринчи бобида ҳанафий-мотуридий калом мактаби тарихи, уларнинг маънавий ҳаётда тутган мавқеи ҳақида маълумот олиш мумкин бўлади.
Check Also
Ислоҳотлар – соҳа ривожининг асоси
Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида 17 май куни ислом динининг Ҳанафий-Мотуридий талқинига бағишланган халқаро симпозиум бошланди. …