Имом Бухорий “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарини қайси шаҳарда ёзганлиги тўғрисида ҳам кўплаб фикрлар келтирилган. Жумладан, муҳаддиснинг ўзидан ривоят қилинган манбаларда, муаррих Тожиддин Субкий “Табақот” асарида: Имом Бухорийнинг “Мен Басрада беш йил турдим, “Саҳиҳ” китобим ўзим билан бирга эди. Ҳар йили ҳаж ибодатига бориб яна Басрага қайтиб келдим ва шу ерда китобимни ёздим. Ҳар борганимда Аллоҳ таолодан бу китобларимни мусулмонлар учун баракали қилишини умид қилдим” деган маълумотни келтиради. Муҳаммад ибн Бужайрнинг Имом Бухорийдан: “Мен “Жомиъ” асаримни масжид ал-Ҳарамда ёздим. Асарга ҳар бир ҳадисни киритишдан олдин икки ракаат намоз ўқиб, Аллоҳдан хайрлисини сўрадим” деган фикрни келтирган[1]. Абу Фазл ибн Тоҳир эса муҳаддис асарни Бухоро шаҳрида ёзганлигини келтиради: “Саҳиҳ маълумот шуки, Имом Бухорий “Саҳиҳ” асарини Бухорода ёзган” деди[2]. Имом Бухорий илм сафарида бир жойни лозим тутмаган, табиийки, у киши турли ўлкаларни кезган илм-маърифат марказларига бориб, улуғ муҳаддислар ҳузурида бўлган. Муҳаммад ибн Абу Хотамдан: Имом Бухорий айтади: “Мен ҳадис ёзиб олган устозларнинг фақат ҳадис илмида етук бўлганларининг ўзи саксон минг киши эди” деди[3].
Муҳаддис ўз асарини қайси маконда ёзмасин, албатта унинг таснифига катта эътибор қаратган. Унинг одати ҳар бир асарини уч мартадан ёзганлиги, аввал асарнинг қораламаси, кейин саралаб оққа кўчириш ва таҳрир қилишдан иборат бўлган. Бу ҳақда унинг шогирди ва котиби Муҳаммад ибн Абу Ҳотам шундай деди: Мен Имом Бухорийдан эшитдим у киши “Мен барча китобларимни уч мартадан ёздим” деган эди[4]. Ҳофиз Абу Фазл ибн Тоҳир айтади: “Имом Бухорий “Саҳиҳ” асаридан олдин “Мабсут” номли асар ёзган ва барча ҳадисларни унга тўплаган. Кейин диққат билан ҳадисларни санади, матни, ровийсини текшириб энг саҳиҳларини танлаб “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асарини ёзган” деди. Бу фикрдан келиб чиқиб, муҳаддиснинг “Мабсут” номли асари ҳам бўлганлиги ва ундан шоҳ асари “Саҳиҳ”ни ажратиб олганлиги маълум бўлади[5].
Имом Бухорий мазкур асарини Мадинада Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қабрлари ёнида ёзганлиги тўғрисида ҳам манбаларда баён этилган. Абу Аҳмад ибн Аъдий: “Кўплаб машойихлар шундай дедилар: “Имом Бухорий “Саҳиҳ” асарини Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қабрлари ва муборак минбарлари ўртасида туриб таълиф этган. Ҳар бир ҳадисни ёзишда Пайғамбар (с.а.в.)нинг ҳақларига саловат айтиб, Аллоҳ таолога икки ракаат намоз ўқиган” деди[6].
Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарини ёзиши ва унинг қайси маконда бўлганлиги тўғрисида турли манбаларда ҳар хил қарашлар келтирилди. Муҳаддис ва муаррихларнинг маълумотига асосан, асар Макка, Мадина, Басра ва Бухорода ёзилган. Маълумки, муҳаддис ўзининг кўп йиллик илмий сафарида бир жойда муқим туриб яшамаган. У жуда кўплаб илм маърифат маркази бўлган шаҳарларда Бухоро, Балх, Марв, Макка, Мадина, Боғдод, Басра, Куфа, Найсабур, Рай, Асқалон, Фустот, Восит, Кеш, Самарқанд каби шаҳарларда илм талабида бўлган[7]. Имом Нававий айтадики: “Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” асарини Макка, Мадина, Басра ва Бухорода ёзилганлиги тўғрисида келган барча хабарлар саҳиҳ ва ҳақиқат бўлиши мумкин. Чунки, муҳаддис асарни ўн олти йил давомида ёзган ва бу вақт орасида бу шаҳарларда бўлган” деди.
Ҳажар Асқалоний ўзининг “Ҳадйи-с-Сорий” асарида “Саҳиҳ” асарини ёзилиши тўғрисида шундай маълумотни келтириб: “Имом Бухорий Маккада “Саҳиҳ” асарини мундарижаси, тартиби ва унинг бобларини тузиб чиқиб, шу муборак шаҳарда бошлаган. Асарни ёзилиши ўн олти йил давом этиб, Мадина, Басра ва Бухоро шаҳарларида ҳам бўлган бўлиши ҳақиқатга яқиндир”[8]деди.
Имом Бухорий “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарини узоқ йиллар давомида ёзиб бўлгач, устозлари ва ўз даврнинг буюк муҳаддислари саналган Али ибн Маданий(в.й.234/847), Яҳё ибн Муйин(в.й.233/843) ва Аҳмад ибн Ҳанбал(в.й.241/854)ларга кўрсатиб олган. Бу муҳаддислар асарни кўриб чиқиб: Имом Бухорийга “Китобингизда келган ҳадисларнинг барчаси саҳиҳ” деб эътироф этишган. Яна бир бошқа манбада: “Китобингизда келган ҳадисларнинг барчаси саҳиҳ фақат тўртта ҳадиснинг саҳиҳлиги тўғрисида ихтилоф бор” дейишган. Имом Бухорий бу ҳадисларни ҳам саҳиҳлигига ҳужжат келтирганлиги манбаларда баён этилади[9].
Ўзининг буюк салоҳияти, кучли ҳифзи, илм йўлидаги шижоати билан тарих саҳифасида “Имом Бухорий ердаги Аллоҳнинг мўъжизаси”, “У соҳилсиз денгиз”, “Муҳаддислар Имоми”, “Ҳадис илмининг султони” деб эътироф этилди.
Хулоса ўрнида, Имом Бухорийнинг ибратли ҳаёти ва шоҳ асари “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарини ёзилиш тарихига эътибор қаратсак, у кишининг илм-маърифат йўлидаги буюк хизматлари бизларга, айниқса, илм йўлида юрган ёшларга ибрат намунаси бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, “Имом Бухорий буюклигининг сири нимада?” деган саволга ҳам жавобни муҳаддиснинг илм йўлида қилган қуйидаги меҳнатларида кўришимиз мумкин бўлади:
- Илм олишда бардавомлик, холислик ва покиза ниятли бўлиш;
- Устозлар ўгити ва уларнинг маслаҳатини олиш;
- Ҳар қандай машаққатга сабр ва бардошли бўлиш;
- Аввал илмни ҳосил қилиб, кейин сарфлаш (китоб ёзиш ва шогирдларга ўргатиш);
- Илм йўлида сафар қилиш, кўплаб олимларнинг суҳбати ва илм мажлисларида иштирок этиш;
- Ҳар бир ёзилган китобни уч марта қайта кўриб таҳрир қилиш ва тайёр бўлгандан кейин уни ўзидан устун кишиларга кўрсатиб олиш;
- Ўрганган илм билан холис илм-маърифат учун хизмат қилишни орзу қилиш ва унинг барокатини сўраб дуода бўлиш;
- Соф эътиқод, чиройли ахлоқ ва одоб соҳиби бўлиш;
- Дунё роҳати ва ҳар хил беҳуда амаллардан узоқлашиш.
Албатта инсоннинг юксак даража ва мақом топиши ўзининг тинимсиз меҳнати ва холис ниятига қараб бўлади. Имом Бухорийнинг ибратли ҳаёти ва маънавий меросини ўрганиш, ёшларимизда илм-маърифатга бўлган қизиқишни юксалтириб, уларни юксак маънавиятга тарғиб этади. Буюк аждодларга хос ворис бўлиб вояга етишларида илмий-амалий манба бўлиб хизмат қилади.