Home / МАҚОЛАЛАР / АЖДОДЛАРИМИЗНИНГ САВДО-СОТИҚДАГИ ИБРАТЛИ АХЛОҚИ

АЖДОДЛАРИМИЗНИНГ САВДО-СОТИҚДАГИ ИБРАТЛИ АХЛОҚИ

Буюк ипак йўлида жойлашган Шарқ мамлакатларидан бирига тижорат мақсадида келган чет эллик савдогар шаҳарлик бир баққолнинг дўконидаги матоларни ёқтириб қолади. Уларнинг барчасини сотиб олишни хоҳлайди. Дўкондор матоларнинг ўрамларини тартибга келтираркан, баъзиларини четга ажрата бошлайди. Савдогар қизиқиб, ундан нега бундай қилаётганини сўрайди. Дўкондор шундай жавоб беради:

  • Буларни сизга бера олмайман, улар нуқсонлидир. Савдогар:
  • Бунча молнинг ичида уларнинг айби билинмай кетади. Уларни ҳам қўшиб бераверинг! Дўкондор молларни бермасликка қатъий аҳд қилиб унга:
  • Молимнинг нуқсонли эканлигин айтдим, бундан сиз бохабарсиз. Фақат ўз мамлакатингизда буларни сотганингизда харидорлар менинг бу танбеҳимдан бехабар бўладилар. Бу ҳолда мен харидорларингизга нуқсонли мол сотган бўламан. Натижада бизнинг ғуруримиз, қадр-қимматимиз пучга чиқади. Биз мусулмонларни эса хийлакор деб ўйлашларига сабаб бўлади. Шу боис бу молларни асло сизга беролмайман – деб жавоб беради.

Суюкли Пайғамбаримиз Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 “Тўғри ва ишончли савдогар пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар” – деб марҳамат қилганлар (Термизий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса: “Сўзи ва инсонлар билан муомаласида тўғри (дуруст) бўлган савдогар қиёмат кунида Аршнинг сояси остида бўлади” – деб марҳамат қилинган (Ибн Можа ривояти).

Ҳадисда зикр қилинган сиддиқнинг маъноси – ҳалол ва ишончли бўлиш, ваъдага вафо кўрсатиш демакдир. Ҳалол савдогар Аллоҳнинг амрига мувофиқ бўлган нарсаларга жиддий эътибор қилади ва инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилади. Савдода ўзига нисбатан қилинишини истамаган нарсани бошқага ҳам қилинмаслиги тамойилига амал қилади. Сиддиқ, яъни  тўғрилик, ростгўйликнинг зидди – ёлғончиликдир. Аллоҳ таоло мўминларни бу борада қуйидагича огоҳлантирган:

وَاجْتَنِبُوا قَوْلَ الزُّورِ

“… ва ёлғон сўздан йироқ бўлинг(Ҳаж сураси, 30-оят)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

“Сизларга тўғрилик (рост сўзлаш)ни тавсия қиламан, чунки тўғрилик яхшиликка, яхшилик эса жаннатга бошлайди. Тўғриликни ўзига шиор қилиб олган киши Аллоҳнинг ҳузурида сиддиқ деб ёзилади. Сизни ёлғон (сўзлаш)дан қайтараман, чунки ёлғон гуноҳга, гуноҳ эса жаҳаннамга бошлайди. Кўп ёлғон сўйлаган киши ҳақида Аллоҳнинг ҳузурида каззоб деб ёзилади”. (Имом Бухорий ривояти).

Ишларида тўғрилик ва ишончни асос қилиб олган кишилар инсонларнинг энг юқори табақасини ташкил этувчи пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бир даражада бўладилар.

Тўғриликнинг, айниқса, савдогарлар учун қўлланилиши бу хислатнинг тижоратдаги ажралмас аҳамиятини кўрсатади.

Моддий ва маънавий жиҳатдан фаровонликка эса фақатгина ваъдасига вафо қилувчи, ҳалол савдогарлар орқали эришилади.

Барчамизга маълумки, бугунги кунда COVID-19 – Тожсимон вирус касаллигининг тарқалиши ва унинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар жаҳон ҳамжамиятининг олдида турган асосий ва долзарб муаммога айланди.

Шу муносабат билан бутун дунёга, хусусан, Ўзбекистонга кириб келган коронавирус сабабли юртимизда ҳам карантин ҳолати жорий этилди.

Буни тўғри англаган халқимиз ҳукуматимиз томонидан қилинаётган барча саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаб, саховатпеша фуқароларимиз барчамиз учун энг зарур бўлган тиббий ниқоб ва қўлқопларни, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларини хожатмандларга бепул тарқатиш каби акцияларига бош-қош бўлмоқдалар, кўплаб хайрли ишларга қўл урмоқдалар.

Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан қўшни Қирғизистон ва Афғонистон, ҳатто, Венгрияга инсонпарварлик ёрдами кўрсатилди.

“Гуруч курмаксиз бўлмайди”, деганларидек, халқимиз бошига келиб турган бундай оғир синовли кунларда баъзи бир “уддабурон” тадбиркорлар савдодаги ҳалолликка эътибор бериш, халқни оғирлик ва машаққатга қўядиган тижоратдан тийилиш, имкон қадар сахий бўлиш ва ҳиммат кўрсатиш ўрнига ўз нафсларининг қулига айланиб, бозор ва расталардаги маҳсулотлар нархларини сунъий кўтариб, мўмай даромад ишлаб олиш йўлини қидирдилар.

Статистик маълумотларга мурожаат қиладиган бўлсак, ўтган 15 кун давомида Давлат солиқ қўмитаси томонидан ўтказилган тадбирларда айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан озиқ-овқат, дори-дармон маҳсулотлари ва тиббий буюмлар нархи асоссиз равишда оширилиб, сотиш ҳолатлари аниқланган. 645 ҳолатда жами 1 миллиард 735 миллион сўмлик маҳсулотлар қиммат нархда сотилаётганлиги аниқланиб, 502 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилган.

Бундай ҳолатда биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳалол савдогарларга берган хушхабарларини эсга олишимиз, халқни оғирлик ва машаққатга қўядиган тижоратдан тийилишимиз, имкон қадар қўли очиқ ва саховатли бўлиб, халқимизга ҳиммат кўрсатишимиз ҳар қачонгидан ҳам зарурроқ эканини англаб етмоғимиз зарур.

Ёддан чиқармайликки, бу халқ қанчадан-қанча оғир ва машаққатли кунларни бошдан кечирган, тарихнинг синов ва имтиҳонлари олдида бош эгмай, сабру қаноат ва бардош билан мардонавор турган танти, мард, олижаноб халқдир. Элу юртимиз бу кунлардан ёруғ юз билан ўтади, иншааллоҳ.

Отабек МУҲАММАДИЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …