Оламларнинг Рабби Аллоҳ таолога ҳамд, борлиқларнинг энг яхшиси, Аллоҳнинг қули ва расули Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот, у зотнинг асҳоби киромлари ва барча мўъминларга саломлар бўлсин!
Парвардигоримиз ва мавломиз инсонни юксак мақомда яратди. Уни коинотнинг сабабчиси, моҳияти қилиб, унга халифалик тожини кийдирди. Инсонга берилган бу юксак мақомдан ташқари, пайғамбарлар юборди, китоблар нозил қилди ва унинг бошқа мавжудотлардан устун яратилишига муносиб бўлган йўлга эргашишга буюрди.
Инсоният босиб ўтадиган йўл уни Ҳаққа етаклайдиган даражада қийматлидир. Муқаддас динимиз бизга эътиқод ва ахлоқда бўлгани каби муомалаларда ҳам ўзгармас ўлчовни берди. Шу жиҳатдан қараганда, ислом низоми молиявий, тижорий ва иқтисодий масалаларда дунё ва охират саодатини бир жойга жамловчи ноёб чора-тадбирларга эга ягона бир низом ҳисобланади.
Даромадини ҳалол савдо орқали қўлга киритган киши Аллоҳ ва унинг Расули томонидан мақталган, охиратда эса пайғамбарлар билан бирга бўлишдек юксак бир мақомга эришиши ҳақида башорат қилинган.
Савдо-сотиқ – бу фойда олиш ва бойлик орттиришдан иборатдир. Аллоҳ таоло тижоратни, савдо-сотиқни ҳалол, рибони эса ҳаром қилиб, инсонларни ҳалол меҳнат қилишга чақирган. Бу ҳақда Бақара сурасининг 275-оятида шундай марҳамат қилинади:
وَأَحَلَّ اللَّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا
“Ва ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол, рибони ҳаром қилган”.
Инсоннинг савдо фаолияти кўтарилиш ва пасайишлардан иборатдир. Ҳалолдан топиш инсонга ҳузур ва роҳат берса, йўқотиш қайғуга сабаб бўлади. Савдонинг бу тузилиши мусулмон киши учун охират саодати жиҳатидан жуда ҳам ибратлидир.
Тижоратдан қўлга киритилган даромад кишига катта қувонч, янада кўпроқ харид қобилиятини ошириш, турмуш даражасининг ошиши каби имкониятларни беради. Моддий жиҳатдан қозонишдаги бу ҳолат бир мўъминга маънавий қозонишнинг жаннатда қанчалик катта бир имкониятларга эга бўлиши мумкинлигига тирик мисол бўла олади. Худди шундай ютқазиш ҳам жаҳаннамдаги умидсизлик азоби ва қандай улуғ неъматларни қўлдан бой берганлигига мисолдир. Савдога шу нуқтаи назардан қарайдиганлар ҳар икки ҳолда ҳам ибрат олиб, ҳақиқий бахт-саодатга элтувчи тижоратда Жаноби Ҳақнинг ёнидан ўз ўринларини эгаллашга муваффақ бўладилар.
Аллоҳ таолонинг бир исми ҳам “Ар-Раззоқ” – Ризқ берувчидир. Ризқ-рўзни мақсад қилиб, бир умр уни қозониш учун ҳаракат қилган киши эмас, балки ризқнинг Ягона Раззоқ томонидан берилишига ишонган киши қозонади. Ризқ қозонишни бир ибодат ҳолига келтирганлар нақадар бахтли кишилардир! Улар ҳам рўзғорларини ҳалол йўлдан таъминлаш, ҳам Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилишга ҳаракат қиладилар.
Демак, савдони икки хил – моддий ва маънавий тижорат кўринишида тушунишимиз керак экан. Савдо-сотиққа доир оятларда ўзаро икки томоннинг розилиги асос бўлиши, молнинг ноҳақ ёки ҳаром ейилмаслиги, битимларнинг адолат асосида қилиниши, қарз олиш ҳолатида ёзилиши тавсия этилган.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 29-31 оятларида шундай марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُم بَيْنَكُم بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَن تَكُونَ تِجَارَةً عَن تَرَاضٍ مِّنكُمْ ۚ وَلَا تَقْتُلُوا أَنفُسَكُمْ ۚ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا
وَمَن يَفْعَلْ ذَٰلِكَ عُدْوَانًا وَظُلْمًا فَسَوْفَ نُصْلِيهِ نَارًا ۚ وَكَانَ ذَٰلِكَ عَلَى اللَّهِ يَسِيرًا
إِن تَجْتَنِبُوا كَبَائِرَ مَا تُنْهَوْنَ عَنْهُ نُكَفِّرْ عَنكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَنُدْخِلْكُم مُّدْخَلًا كَرِيمًا
Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли. Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир.
Ким ўшани тажовузкорлик ва зулм ила қилса, албатта, уни дўзахга киритамиз. Бу эса, Аллоҳга осондир.
(Оятдаги «ўшани» бир-бирининг молини ботил йўл ила еб, ўзини-ўзи ҳалокатга дучор қилишга ишорадир. Демак, ким мазкур ишни тажовузкорлик (яъни, ҳаромлигини билиб туриб) ва зулм ила (яъни, қилишдан тап тортмай) қилса, охиратда дўзахга киритилади. Яъни, ботил йўл билан мол еганларни дўзахга киритиш Аллоҳ учун осондир, xеч ким қочиб, ҳийла қилиб қутула олмайди.)
Агар қайтарилган нарсаларнинг катталаридан четда бўлсангиз, гуноҳларингизни кечирамиз ва сизни яхши жойга киритамиз.
(Бу ояти кариманинг маъноси, катта гуноҳлардан четда бўлсангиз, кичик гуноҳларингизни кечириб, охиратда сизни жаннатга киритамиз, деганидир.)
Бақара сурасининг 282-оятида:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا تَدَايَنتُم بِدَيْنٍ إِلَىٰ أَجَلٍ مُّسَمًّى فَاكْتُبُوهُ ۚ وَلْيَكْتُب بَّيْنَكُمْ كَاتِبٌ بِالْعَدْلِ ۚ وَلَا يَأْبَ كَاتِبٌ أَن يَكْتُبَ كَمَا عَلَّمَهُ اللَّهُ ۚ فَلْيَكْتُبْ وَلْيُمْلِلِ الَّذِي عَلَيْهِ الْحَقُّ وَلْيَتَّقِ اللَّهَ رَبَّهُ وَلَا يَبْخَسْ مِنْهُ شَيْئًا ۚ فَإِن كَانَ الَّذِي عَلَيْهِ الْحَقُّ سَفِيهًا أَوْ ضَعِيفًا أَوْ لَا يَسْتَطِيعُ أَن يُمِلَّ هُوَ فَلْيُمْلِلْ وَلِيُّهُ بِالْعَدْلِ ۚ وَاسْتَشْهِدُوا شَهِيدَيْنِ مِن رِّجَالِكُمْ ۖ فَإِن لَّمْ يَكُونَا رَجُلَيْنِ فَرَجُلٌ وَامْرَأَتَانِ مِمَّن تَرْضَوْنَ مِنَ الشُّهَدَاءِ أَن تَضِلَّ إِحْدَاهُمَا فَتُذَكِّرَ إِحْدَاهُمَا الْأُخْرَىٰ ۚ وَلَا يَأْبَ الشُّهَدَاءُ إِذَا مَا دُعُوا ۚ وَلَا تَسْأَمُوا أَن تَكْتُبُوهُ صَغِيرًا أَوْ كَبِيرًا إِلَىٰ أَجَلِهِ ۚ ذَٰلِكُمْ أَقْسَطُ عِندَ اللَّهِ وَأَقْوَمُ لِلشَّهَادَةِ وَأَدْنَىٰ أَلَّا تَرْتَابُوا ۖ إِلَّا أَن تَكُونَ تِجَارَةً حَاضِرَةً تُدِيرُونَهَا بَيْنَكُمْ فَلَيْسَ عَلَيْكُمْ جُنَاحٌ أَلَّا تَكْتُبُوهَا ۗ وَأَشْهِدُوا إِذَا تَبَايَعْتُمْ ۚ وَلَا يُضَارَّ كَاتِبٌ وَلَا شَهِيدٌ ۚ وَإِن تَفْعَلُوا فَإِنَّهُ فُسُوقٌ بِكُمْ ۗ وَاتَّقُوا اللَّهَ ۖ وَيُعَلِّمُكُمُ اللَّهُ ۗ وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ
Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда, уни ёзиб қўйинг. Орангизда бир ёзувчи адолат билан ёзсин. Ҳеч бир ёзувчи Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош тортмасин. Бас, ёзсин ва ҳақ зиммасига тушган киши айтиб турсин, Роббига тақво қилсин ва ундан ҳеч нарсани камайтирмасин. Агар ҳақ зиммасига тушган киши эси паст, заиф ёки айтиб тура олмайдиган бўлса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин. Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг. Агар икки эр киши бўлмаса, ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин. Иккови(аёл)дан бирорталари адашса, бирлари бошқасининг эсига солади. Ва чақирилган вақтда гувоҳлар бош тортмасинлар. Кичик бўлса ҳам, катта бўлса ҳам, муддатигача ёзишингизни малол олманг. Шундоқ қилмоғингиз Аллоҳнинг ҳузурида адолатлироқ, гувоҳликка кучлироқ ва шубҳаланмаслигингиз учун яқинроқдир. Магар ораларингизда юриб турган нақд савдо бўлса, ёзмасангиз ҳам, сизга гуноҳ бўлмас. Олди-сотди қилганингизда, гувоҳ келтиринг ва ёзувчи ҳам, гувоҳ ҳам зарар тортмасин. Агар (аксини) қилсангиз, албатта, бу фосиқлигингиздир. Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм беради. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи зотдир.
(Ояти карима «ҳақ зиммасига тушган киши» деганда қарз олувчини назарда тутган. Демак, ўртадаги киши келиб қарз олди-бердини ёзаётган вақтда матнни қарз олувчи айтиб туради. Аввало, қарз олаётганини эътироф қилади. Қарзнинг миқдорини, шартини ва муддатини айтади. Бу нарсаларни қарз берувчи айтиб турса, ўз фойдасига буриб юбормасин, деган эҳтиёт чораси туфайли шундай қилинади. Қарз олувчи муҳтож бўлиб тургани учун бундай қилмаслиги аниқроқ. Чунки у муомаланинг тезроқ амалга ошишига муҳтож. Шундай бўлса ҳам, ояти карима яна бир бор, уни Роббига тақво қилишга ва ҳеч нарсани камайтирмасликка даъват қилмоқда. Агар қарз олаётган одам эси паст, молиявий ишлар тадбирини билмайдиган бўлса, заифлиги (ёши кичикдир ёки ўта кексадир, касалдир) туфайли ёки тилидаги айби, билмаслиги ва бошқа мавжуд айблар туфайли айтиб тура олмаса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин. Чунки валийлар бошқа ишларда ҳам ўз қарамоғидагиларнинг масъулиятини оладилар. Молиявий олди-берди катта аҳамиятга эгадир, чунки бунда орага молу пул аралашади. Бундай ҳолда биров бошқасининг ҳақини еб кетишининг йўлини ҳар жиҳатдан тўсиш лозим. Бунда адолатли котиб ёздириб қўйиш билан кифояланмай, яна мусулмонлардан икки эркак кишини гувоҳ қилишга ҳам амр бўлмоқда. Исломда гувоҳликка доимо адолатли кишилар ўтиши зарур, бу нарса бошқа жойларда кўп таъкидлангани учун бу ерда қайта айтилмади. Аммо барибир бу шарт бекор бўлмайди. Чунки шариат ўлчовида адолатсиз бўлган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмайди.)
Савдо ибодатга халал бермаслиги таъкидланиб, ибодатга йўналтирилган тижорат ҳаёти талаб қилинган.
Бу ҳақда Жума сурасининг 11-оятида шундай дейилган:
وَإِذَا رَأَوْا تِجَارَةً أَوْ لَهْوًا انفَضُّوا إِلَيْهَا وَتَرَكُوكَ قَائِمًا ۚ قُلْ مَا عِندَ اللَّهِ خَيْرٌ مِّنَ اللَّهْوِ وَمِنَ التِّجَارَةِ ۚ وَاللَّهُ خَيْرُ الرَّازِقِينَ
Ва улар тижорат ёки ўйин-кулгу кўрганларида, унга томон ёпирилдилар ва сени тик ҳолда тарк этдилар. Сен: «Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса ўйин-кулгудан ва тижоратдан яхшидир. Ва Аллоҳ энг яхши ризқ берувчидир», деб айт.
(Дунё ташвиши деб ибодатни тарк этиш яхши эмас. Чунки ризқ берувчи Аллоҳнинг Ўзи. Аввал Унинг ибодати адо бўлса, ризқ топишда кейин Ўзи ёрдам беради.)
Мол-дунё ва тижоратни Аллоҳдан кўра кўпроқ севишнинг таҳликали эканлиги ҳақида шундай марҳамат қилинган:
قُلْ إِن كَانَ آبَاؤُكُمْ وَأَبْنَاؤُكُمْ وَإِخْوَانُكُمْ وَأَزْوَاجُكُمْ وَعَشِيرَتُكُمْ وَأَمْوَالٌ اقْتَرَفْتُمُوهَا وَتِجَارَةٌ تَخْشَوْنَ كَسَادَهَا وَمَسَاكِنُ تَرْضَوْنَهَا أَحَبَّ إِلَيْكُم مِّنَ اللَّهِ وَرَسُولِهِ وَجِهَادٍ فِي سَبِيلِهِ فَتَرَبَّصُوا حَتَّىٰ يَأْتِيَ اللَّهُ بِأَمْرِهِ ۗ وَاللَّهُ لَا يَهْدِي الْقَوْمَ الْفَاسِقِينَ
Агар ота-оналарингиз, болаларингиз, ака-укаларингиз, жуфтларингиз, қариндош-уруғларингиз, касб қилган молларингиз, касод бўлишдан қўрққан тижоратларингиз ва хуш кўрган масканларингиз сизга Аллоҳдан, Унинг Расули ва Унинг йўлида жиҳод қилишдан маҳбуброқ бўлса, у ҳолда Аллоҳ Ўз амрини келтургунча кутиб туринг. Аллоҳ фосиқ қавмни ҳидоят қилмас.
(Ояти каримада инсон учун бу дунёда энг қадрли саккиз нарса эслатилиб, улардан ҳам маҳбуброқ нарса Аллоҳ, Унинг Расули ва Унинг йўлида жиҳод қилиш бўлмоғи лозимлиги уқтирилмоқда. Мазкур саккиз нарсанинг ҳаммаси ёки бирортаси инсонга Аллоҳдан, Унинг Расулидан ва Унинг йўлида жиҳод қилишдан маҳбуб бўлса, унда у инсоннинг иймони нуқсонга учрайди. Бу дунёда ота-она инсонлар учун жуда қадрдон ҳисобланадилар. Ислом дини уларга яхшилик қилишни, уларни ҳурматлаш ва эъзозлашни қаттиқ тайинлаган. Аммо шундай бўлса-да, уларнинг муҳаббати Аллоҳдан, Унинг Расулидан ва жиҳоддан устун бўла олмайди. Мусулмон одам бу ҳақиқатни билмоғи лозим.)
Моддий тижорат кишини маънавий тижоратда ҳам моҳир бўлишига сабаб бўлиши керак. Асосийси – маънавий тижоратда ғолиб бўлишдир. Бунинг учун олятларда имоннинг ўрнига инкорни, охират ўрнига дунёни, ҳидоятнинг ўрнига даалолатни ва мағфират ўрнига азобни сотиб олган кимсаларнинг қилган тижоратлари ёмонлиги ҳақида хабарлар берилган.
Оли Имрон сурасининг 177-оятида:
إِنَّ الَّذِينَ اشْتَرَوُا الْكُفْرَ بِالْإِيمَانِ لَن يَضُرُّوا اللَّهَ شَيْئًا وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ
Албатта, куфрни иймонга сотиб олганлар Аллоҳга ҳаргиз бирор зарар етказа олмаслар. Уларга аламли азоб бордир.
Бақара сурасининг 86-оятида:
أُولَٰئِكَ الَّذِينَ اشْتَرَوُا الْحَيَاةَ الدُّنْيَا بِالْآخِرَةِ ۖ فَلَا يُخَفَّفُ عَنْهُمُ الْعَذَابُ وَلَا هُمْ يُنصَرُونَ
Ана ўшалар дунё ҳаётини охиратга сотиб олганлардир. Улардан азоб енгиллатилмас ва уларга ёрдам ҳам берилмас.
Бақара сурасининг 16 ва 175-оятларида:
أُولَٰئِكَ الَّذِينَ اشْتَرَوُا الضَّلَالَةَ بِالْهُدَىٰ فَمَا رَبِحَت تِّجَارَتُهُمْ وَمَا كَانُوا مُهْتَدِينَ
Ана ўшалар, ҳидоятга залолатни сотиб олганлардир. Ва тижоратлари фойда келтирмади ҳамда ҳидоят топганлардан бўлмадилар.
(Ушбу оятда Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳидоятни қўйиб залолат-адашиш йўлини ихтиёр қилганликларини илоҳий таъбирлар билан баён қилмоқда. Агар улар хоҳласалар, ҳидоят қўлларига теккан эди, ундан фойдаланиб юрсалар бўлар эди. Пайғамбар алайҳиссалом бошқалар қатори уларни ҳам даъват қилган эдилар. Аммо улар ҳидоятни бой бериб, залолатни танладилар. Яъни, ҳидоятга залолатни сотиб олдилар. Аммо уларнинг бу тижорат-савдолари фойда келтирмади. Шу билан бирга, улар ҳидоятда-тўғри йўлда юрувчилардан бўлмадилар. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Мунофиқнинг белгиси учдир: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса, сўзида турмайди ва омонатга хиёнат қилади», деганлар. Шунингдек, Имом Бухорий Ибн Амр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Тўрт нарса бор, кимда улар бўлса, тўлиқ мунофиқ бўлади. Кимда улардан бир хислат бўлса, уни ташлагунча, нифоқнинг хислатларидан бири у кишида туради. Омонатга хиёнат қилади, ёлғон гапиради, аҳд қилса, алдайди ва тортишса, фожирлик қилади», дейилган.)
أُولَٰئِكَ الَّذِينَ اشْتَرَوُا الضَّلَالَةَ بِالْهُدَىٰ وَالْعَذَابَ بِالْمَغْفِرَةِ ۚ فَمَا أَصْبَرَهُمْ عَلَى النَّارِ
Ана ўшалар адашувни ҳидоятга, азобни мағфиратга сотиб олганлардир. Дўзах ўтига қандоқ чидайдилар-а?!
Аллоҳга бўлган аҳд ва қасамларини ва Аллоҳнинг китобини озроқ бадал эвазига сотганлар қаттиқ қораланган.
Оли-Имрон сурасининг 77 ва 187-оятларида:
إِنَّ الَّذِينَ يَشْتَرُونَ بِعَهْدِ اللَّهِ وَأَيْمَانِهِمْ ثَمَنًا قَلِيلًا أُولَٰئِكَ لَا خَلَاقَ لَهُمْ فِي الْآخِرَةِ وَلَا يُكَلِّمُهُمُ اللَّهُ وَلَا يَنظُرُ إِلَيْهِمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلَا يُزَكِّيهِمْ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ
Аллоҳнинг аҳдини ва ўз қасамларини арзон баҳога сотадиганлар, албатта, ана ўшаларга охиратда насиба йўқдир, қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмас, назар солмас ва покламас. Уларга аламли азоблар бор.
وَإِذْ أَخَذَ اللَّهُ مِيثَاقَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ لَتُبَيِّنُنَّهُ لِلنَّاسِ وَلَا تَكْتُمُونَهُ فَنَبَذُوهُ وَرَاءَ ظُهُورِهِمْ وَاشْتَرَوْا بِهِ ثَمَنًا قَلِيلًا ۖ فَبِئْسَ مَا يَشْتَرُونَ
Аллоҳ китоб берилганлардан, албатта, уни одамларга баён қиласиз ва беркитмайсиз, деб аҳд олганини эсла. Бас, уни ортларига қаратиб отдилар ва арзон нархга сотдилар. Сотиб олган нарсалари қандай ҳам ёмон!
(Ояти каримада аҳли китобларнинг, хусусан, яҳудийларнинг аҳдни бузиб, хиёнат қилишлари ўзига хос услуб ила баён этиляпти. Аслида, Аллоҳ уларга китоб бераётган пайтда, бу китобни албатта, одамларга баён қиласиз ва беркитмайсиз, деб аҳд олган эди. Жумладан, улар келишининг хабари ўз китобларида берилган Муҳаммад алайҳиссаломнинг васфлари ва у киши ҳақидаги маълумотларни беркитмасдан одамларга баён қилишлари керак эди. Улар рози бўлиб, аҳд бериб олган бўлсалар ҳам, аҳдни буздилар.)
Маънавий жиҳатдан қозониш хусусида эса Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
Шуро сурасининг 20-оятида:
مَن كَانَ يُرِيدُ حَرْثَ الْآخِرَةِ نَزِدْ لَهُ فِي حَرْثِهِ ۖ وَمَن كَانَ يُرِيدُ حَرْثَ الدُّنْيَا نُؤْتِهِ مِنْهَا وَمَا لَهُ فِي الْآخِرَةِ مِن نَّصِيبٍ
Ким охират ҳосилини истаса, Биз унга ҳосилини зиёда қилиб берурмиз. Ким дунё ҳосилини истаса, Биз унга ўшандан берурмиз ва унга охиратда бирон насиба бўлмас.
(Бу дунё ризқини хоҳлаб, ўшанга яраша ҳаракат қилган бандага бу дунё ризқини беради. Аммо бу дунё ризқини истаган ўша бандага охиратдан ҳеч қандай насиба қолмайди. Охират ҳосилини истаган одам эса, бу дунё ҳосилидан ҳам бошқалардан кўра яхшироқ баҳраманд бўлади. Аллоҳга иймон келтириб, Унинг шариатига амал қилганлар яхши оқибатга эришишлари турган гап.)
Фотир сурасининг 29-оятида:
إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَّن تَبُورَ
Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қилганлар, ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар.
Тавба сурасининг 88-89-оятларида:
لَٰكِنِ الرَّسُولُ وَالَّذِينَ آمَنُوا مَعَهُ جَاهَدُوا بِأَمْوَالِهِمْ وَأَنفُسِهِمْ ۚ وَأُولَٰئِكَ لَهُمُ الْخَيْرَاتُ ۖ وَأُولَٰئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
أَعَدَّ اللَّهُ لَهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا ۚ ذَٰلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ
Лекин Пайғамбар ва у билан бирга иймон келтирганлар моллари ва жонлари билан жиҳод қилдилар. Ана ўшаларга, ўзларига яхшиликлар бўладир. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир.
(Булар мунофиқларга ўхшаб молу дунёга берилиб, унинг кетиб қолишидан қўрқиб, бахиллик қилмадилар. Топганларини Аллоҳнинг йўлидаги жиҳодга сарфладилар. Улар мунофиқларга ўхшаб жонлари ширин кўриниб, қўрқиб, урушдан қочиб, хотин-халаж орасига кириб ўтириб олмадилар. Улар Аллоҳнинг розилиги учун, Унинг йўлида шаҳид бўлишни орзу этиб жиҳод қилдилар. Шунинг учун уларга барча яхшиликлар берилади. Шунинг учун улар нажот топадилар.)
Аллоҳ улар учун остида анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Унда абадий қолурлар. Ана шу буюк ютуқдир.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўз ҳидоятидан адаштирмасин!