Home / МАҚОЛАЛАР / Устозлар доим ҳурмат ва иззатдадир

Устозлар доим ҳурмат ва иззатдадир

Устозлар шундай улуғ мақомларга эга зотлар экан, киши шундай юқори даражаларга эришишлиги учун ва устозликка лойиқ (муносиб) зот бўлиши учун нималар қилиши керак? – деган саволга улуғларимиздан бири шундай жавоб қилган эканлар: «Киши устоз бўлишлиги ва бошқаларга таълим беришлиги учун аввало ўзи олим бўлишлиги, тақводор бўлишлиги, унда дунё севгиси ва шон – шуҳратга ҳирс бўлмаслиги, яшаётган ҳудудида доимо тўғрилик ва ҳалоллик билан машҳур бўлишлиги лозим» деган эканлар. Шундай экан, инсон бировга таълим беришликдан олдин ўзи олим бўлишлиги керак экан. Ҳаммамизга маълумки, олимлик, илм талаб қилишлик ва уни мукаммал ўрганишлик билан бўлади. Илмни талаб қилишлик ҳақида Қуръони каримда Аллоҳ таъоло марҳамат қиладики:

فَاسْأَلُواْ أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لاَ تَعْلَمُونَ

Яъни: « Агар билмайдиган бўлсангизлар, аҳли илмлардан сўранглар» ( Наҳл сураси 43 – оят). Бу ояти каримада инсонларни илм олишга ва уни ўрганишда бир – бирига ёрдам беришга тарғиб қиляпти. Биз билган илмимизни бошқаларга ҳам ўргатишлигимиз, билмаганимизни эса бошқа биладиган кишилардан сўрашлигимиз лозим экан. Шундай қилсак, биз аҳли илм ҳисобланар эканмиз. Халқимизда ажойиб бир мақол бор:

Билмаганни сўраб, ўрганган олим,

Орланиб сўрамаган, ўзига золим.

Демак, биз олим бўлишлигимиз учун тинмай изланишда, илм талаб қилишда ва билмаган нарсаларимизни ўрганишда бардавом бўлишлигимиз керак бўлар экан. Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в) нинг ҳадиси мубораклари борки:

 طلب العلم فريضة على كلِّ مسلم ومسلمة

Пайғамбаримиз (с.а.в) айтдилар: «Илм талаб қилишлик ҳар бир мусулмон ва муслимага фарздир». Яъни, илм олишлик (ўрганишлик) ҳаммага хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин, хоҳ ёш бўлсин, хоҳ кекса бўлсин барчага бирдек фарз яъни шарт) экан.

Албатта, ҳар биримиз исталган соҳада меҳнат қилмайлик, устоз ва мураббийларга эҳтиёж сезамиз. Аввалига мактабгача таълим муассасаси, кейин мактаб, навбати билан олий ўқув юртида устозлардан сабоқ оламиз.

Ота-оналаримиз эса бу борада бизнинг бир умрлик йўлдошимиз. Уларнинг ўгитлари эса алоҳида мавзу. Фарзандлар таълим-тарбияси, ёш авлодни баркамол инсонлар этиб камолга етказишга алоҳида эътибор қаратиш халқимизга хос эзгу фазилатлардан. Халқимизнинг устоз отангдек улуғ, деган пурҳикмат нақлида ҳам ўқитувчи ва мураббийларга бўлган самимий эҳтиром намоён. Бу байрам, аввало, ўзининг билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳорати, инсоний фазилатларини, кўз нури ва қалб қўри, бутун борлиғини аямасдан, маърифат йўлида беминнат хизмат қиладиган устоз ва мураббийларимизга нисбатан халқимизнинг азалий ҳурмат-эҳтиромининг яққол намунасидир.

Бир неча йилдирки, юртимизда 1 октябрь – Ўқитувчилар ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. Минг-минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини сочадиган, ўз шогирдларига ҳаёт мактабини берадиган мўтабар зот – ўқитувчи ва мураббийларимизга бугунги касб байрамингиз муборак бўлсин, деймиз!

Ҳақиқатан ҳам, кўз нури ва қалб қўрини, бутун онгли ҳаётини ёш авлодга билим ва тарбия беришга, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга бағишлаган, бир сўз билан айтганда, Ватанимизнинг эртанги кунининг пойдеворини яратаётган бу инсонларнинг олижаноб меҳнатига ҳар қанча таҳсин айтсак оз. 

Бекназар Абдуллаев
Хазорасп тумани “Шайх Ҳусайн бобо” масжиди имом хатиби

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …