Home / МАҚОЛАЛАР / Коронавирусда ҳам ҳикмат бор ёхуд буюк аждодларимизга қулоқ тутайлик

Коронавирусда ҳам ҳикмат бор ёхуд буюк аждодларимизга қулоқ тутайлик

Ишонинг, ҳатто Коронавирусда ҳам ҳикмат бор.Очиғи, биз офатга қарши курашда Ибн Синодек бобомизда ноёб дори борлиги, саломатликка оид Ал-Бухорийдек зот сахих ҳадислар ривоят қилганини англаб етаётгандекмиз.

Телевизор-у, радио, газета-ю сайтларда “Тиб қонунлари, “Саломатлик калити” каби лавҳаларни кўряпмиз. Коронавирус ва аксириш ҳақида гап кетганда Ал-Бухорий бобомиз ривоят қилган ҳадисларни эслай бошлаяпмиз.

Жаҳон чемпионатларини онлайн кўрардик, энди онлайн телевизор орқали масофадан таълим беришдек келажак режаларини коронавирус “шарофатидан” бугун амал оширяпмиз. Қойил.

Интернет бормаган қишлоқларга рақамли масофавий таълим кириб келяпти. Ишонасизми, меҳр билан тўғри қўл ювишни бошлаяпмиз. Натижада ўзимиз билиб-билмай юқумли бошқа касалликлар камайишига ҳисса қўшяпмиз.

Уйқудан уйғонгандек сергак тортяпмиз ва хижолат бўлиб пичирлаяпмиз: “Шундай буюк боболаримиз бор экан, вабонинг даъвоси бизда экан-у, мени коронавирус ваҳимаси босганини қаранг. Уят-э”, дея ўзимиздан хижолат бўляпмиз.

ЯНА ЎША “ВАСВАСАГИН” ТАШХИСИ

Бир киши сафарга кетаётиб йўлда вабони учратиб қолибди.

— Йўл бўлсин?

— Қишлоғингдан 5 минг кишини олиб кетишга.

Йил ўтиб яна кўришиб қолишибди.

— Сен алдадинг! 5 минг деб, 55 минг одамни олиб кетибсан!

— Йўқ! Мен 5 минг кишини олиб кетдим. Қолгани қўрққанидан ўлди.

Коронавирус бутун дунёнинг мафкуравий манзарасини ўзгартириб юборгани бор ҳақиқат. Бугун халқаро майдонда сиёсатчилар бактериядан хавфсираб турли усулда қўлини мушт қилиб, тирсагини теккизиб ё қўлини кўксига қўйиб, ё бўлмаса қўлини қовуштириб ҳиндча саломлашмоқда.

Коронавирус ташвиши билан бўлиб Греция соҳилида қолиб кетган миллионлаб қочоқлар тақдири,Токио-2020, Евро-2020 тақдири ҳеч кимни қизиқтирмай қўйди. Бугун анжуманларда ўриндиқлар шахмат усулида жойлаштирилмоқда, лифт тугмалари тиш кавлагич ёрдамида босилиши майлику-я, кўчаларда ҳайкалларга ниқоблар тақиб қўйилмоқда. Харидорлар нон учун эмас ҳожатхона қоғози учун талашяпти.

КОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ ИБН СИНОДАН МУОЛАЖА

Бутун дунёда офат, нима қилмоқ керак? Жавоби оддий. Буюк табиб Ибн Сино бобомиз айтганидек “Безовталик касалликнинг ярмидир. Хотиржамлик давонинг ярмидир. Сабр шифонинг бошланишидир…” шиорига амал қилиш керак.

Бу “Менда коронавирус аломати бўлган иситма йўқмикан”, дея безовталаниб дезинфикция қилинмаган қўлни юз ва пешонага ёпиштирманг, қўлларни тез-тез, яхшилаб совун билан ювинг, уй ҳайвонларини боқишда, асрашда гигиена қоидаларига қатъий риоя қилинг, дегани.

Бу “Мактаблар ёпилди, талаба қизим Тошкентдан келди, тинчликми?” дея ваҳима қилманг, бош омон бўлса, дўппи топилади, Ўзбекистон эмас, бутун дунё синовда, ҳожатхона қоғозидан ясалган пирамида устига ўтирмай, Ибн Синога фақат ватандош эмас, фикрдош бўлинг, бекор ўтирмай, ниқоблар ясаб бепул маҳаллага улашинг дегани.

Бу “Отнинг ўлими итнинг байрами”, деган эътиқод билан босар-тусарини йўқотиб, халқ бошига иш тушганда бозорларда зарур озиқ-овқат маҳсулотларига отнинг калласидек нарх қўйма, коронавирус 26 градус ҳароратдан сўнг чекинади, аммо сен сабр қилмасанг қиёматгача халқнинг нафратига дучор бўласан дегани.

Бу кўчада тўпланиб коронавирус ғийбатидан кўра опажон уйга кириб юзингизни пардоз қилинг,шу баҳона ҳуда-беҳуда қўл билан юзингизга тегинмайсиз касалликка чалиниш фоизи камаяди дегани.

Бу жамоат транспортидан хавфсирагандан кўра ака ертўлада чанг босиб ётган велосипедни қуёшга чиқаринг, ишда велосипедда қатнанг юрак ўйнаши тўхтайди, енгил нафас оласиз, бўғимлар оғримайди, томорқани экин-тикинга тайёрланг хотиржам бўласиз, дегани.

АЛ-БУХОРИЙДАН БИР ҲАДИС РИВОЯТИ

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисга кўра, Пайғамбаримиз с.а.в айтдилар: “Аллоҳ аксиришни яхши кўради, эснашни эса ёмон кўради. Қачонки, бирор шахс аксирса ва “Алҳамдулиллаҳ” деса, уни эшитган мусулмон зиммасида, унга “Ярҳамукаллоҳ” дейиши ҳақ (шарт) бўлади. Эснаш эса шайтон тарафидан бўлади. Қачонки, бирор кимсага эснаш келса, имкон борича уни қайтарсин. Негаки, инсон қачон эснаса, шайтон кулади, яъни хурсанд бўлади. Шунинг учунки, эснаш ялқовлик ва ғафлат белгисидир. Шайтон эса бу каби ишларни яхши кўради”

Коронавирусга қарши курашда айнан аксириш одобларига риоя қилишни тавсия қилаётгани бежиз эмас. Олимлар фикрига кўра, инсон аксираётганда бурни ва оғзини тўсмаса соатига 160 километр тезликда бурун ва оғиздан чиқаётган 100 мингдан ортиқ бактерия ва вируслар 9 метргача бўлган масофага тарқалиб қарийб 150 нафар одамга инфекция ёқтираркан.

Бу аксирганда олдингдаги инсонни учириб юбормаслик, эснаганда ютиб юбормаслик учун қўллар ёки кийимлар билан оғизни тўсишдек суннатга риоя қилиш шарт дегани.

Бу агар аксириш келса-ю, қасддан тўхтатилса, мияда қон қуйилиши содир бўлиб, бу ўлимга олиб келиши мумкин, кўзларимизни очиқ ҳолда қолдирсак, улар ўз чаноғидан чиқиб кетишидек зарба бўлиши мумкин дегани.

Бу инсон аксирганда юрак, нафас олиш, ҳазм қилиш ҳатто пешоб айириш органлари ҳам бир лаҳза тўхтайди, Аллоҳнинг қудрати билан лаҳза ўтмай барча аъзолар ҳеч нарса бўлмагандек ишлаб кетгани учун “Алҳамдулиллаҳ” дея шукрона сўз айтамиз дегани.

КАРАНТИН БАҲОНА ОТА-ОНАЛАРГА ВАЗИФА

Шундай экан, бугун инсониятга келган синовга мардонавор курашиш учун буюк аждодларимиз бой мероси ҳамда покиза Ислом қадриятлари қалқон эканлиги, биз ота-оналар эса шу қалқон билан ҳимояланиш ҳақида бош қотирайлик.

Карантин давридан унумли фойдаланиб, бадиий китоб ўқиб, аждодларимиз меросини ўрганайлик. Мактаб ўқувчилари учун телевидение орқали дарс берилаётганида фарзандларимизга “синфдош” бўлайлик.

Хонадон файзи қарияларимиз бармоғини лабига теккизиб газета, китобни варақлаётганда, рафиқамиз мана шундай усулда пул санамаслиги учун имкон қадар пластик картадан бозор-ўчар қилайлик.

Овқатдан олдин ва кейин қўл ювишдек суннатни тиклайлик, ҳожатхонада гаплашиш фақат фаришталарни ранжитиш эмас, соғлик учун зарарли эканлигидан огоҳлантирайлик,

Бугундан бошлаб ҳожатхонада чекишдек жирканч одатдан халос бўлмасак, “Тарғиботга муҳтож тарғиботчи”га айланиб қоламиз.

Мактабда Ибн Сино Тиб қонунлари, Ал-Бухорийнинг соф исломий меросини ўрганаётган фарзандларимиз коронавирус баҳона уч ҳафталик карантинда аждодларига муносиб ота-онаси уларга тарбия бераётганини ҳис этсин.

Вирус ўчоғи бўлган Хитойнинг бир ярим миллиард аҳолиси ваҳимага берилмади, халқ жипслашди, инфекция чекина бошлади.

Ишонаман, не-не синовларни сувдай симирган буюк халқимиз ўз матонати ва жипслиги билан буюк аждодларга муносиб авлод эканлигини исботлайди.

Талабаларни ота-онаси бағрига омон-эсон етказишдек беминнат хизмати билан намуна бўлган водийлик ҳайдовчилар, маҳалласи учун ҳимоя ниқоби тикаётган ёш келинчаклар, арзон тухум сотаётган воҳалик тадбиркорлардан ибрат олайлик. Эпидемия ўчоғида ноилож қолган фуқароларни олиб келаётган юртимизга камарбаста бўлайлик.

Ҳали йиллар ўтади, коронавирус воқеаларини кулиб ҳам эслаймиз. Қўлимиздан келса, ёрдам берайлик, бўлмаса иғво тарқатмай, дуо қилайлик.

Мана шу энг катта яхшилик!

Манба:ЎзА
Жонибек Шуҳратов,
Навоий вилоят “Тафаккур” ёшлар
тарғибот маркази раҳбари

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …