Home / МАҚОЛАЛАР / Ёшларни ёт ғояларга қарши курашишида тарбиянинг аҳамияти

Ёшларни ёт ғояларга қарши курашишида тарбиянинг аҳамияти

Дунёда ота-она энг улуғ зотлар ҳисобланади. Чунки улар ўз фарзандлари учун ҳаётини, меҳрини бағишлайди. Фарзанди катта бўлиб, оила қуриб кетгандан кейин ҳам у ҳақда қайғуришдан тўхтамайди.

Ота-она фарзанди дунёга келиши билан уни парвариш қилиб, катта қилади, касал бўлса, даволайди, едиради, кийдиради, уни оқ ювиб, оқ тарайди. Умуман, фарзандини ҳаётда керакли барча нарсалар билан таъминлашга ҳаракат қилади. Ҳатто бунинг учун ўзлари ейиш-ичиш, кийиниш ва шу каби нарсалардан маҳрум бўлсалар ёки кечалари уйқудан қолсалар ҳам.

Бугун ёшларимиз бахтли, чунки уларнинг ота-оналари бошида, улар учун керакли нарсаларни ортиғи билан олиб бермоқда. Тўғри, бу ишлар ота-онанинг фарзанд олдидаги асосий вазифаларидан ҳисобланади. Афсуски, баъзи ота-оналар ўзларининг вазифалари фақат шу деб ўйлашади. Ҳолбуки, булардан ҳам муҳим, булардан ҳам қийин ва булардан ҳам асосий вазифа ҳам бор, бу фарзанднинг маънавий-ахлоқий тарбиясидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бундай марҳамат қиладилар: “Ота-она фарзандига яхши хулқдан ҳам ортиқроқ нарса бера олмайди”. Демак, ота-она фарзандига берадиган энг яхши нарсаси қимматбаҳо кийим, яхши таом ёки ажойиб совға эмас, балки гўзал хулқ ва яхши тарбияси экан. Чунки кийим, таом ёки совға болага маълум вақт фойда беради, вақт ўтиши билан эса эскиради. Гўзал хулқ, яхши тарбия эса фарзандга умри давомида фойда беради. Нафақат умри давомида, балки вафотидан кейин охиратда ҳам наф келтиради. Зеро, ҳадиси шарифда: “Банда гўзал хулқи ила кечалари ибодатда қоим бўлувчи ҳамда кундузи рўза тутувчининг даражаси – савобига эришади”, дейилган.

Тан олиш керакки, баъзи оилаларда ота-она эрталабдан кечгача ишлаб, кўча-кўйда юради, уйда бўлган вақтларида ҳам ўз ишлари билан овора бўлиб фарзандларига вақт ажрата олмайди. Натижада фарзанд тарбияни телефон, интернет, телевизор ҳамда кўча-кўйдан олмоқда. Шундай тарзда улғайган бола яхши хулқли, одобли, илм-маърифатли ва келажакда эл-юртига хизмат қилиб, ота-онасига раҳмат олиб келадиган бўлиб улғайишига ким кафолат бера олади?!

Фарзандларимиз, бўш вақтларида нима билан шуғулланмоқда, куни билан вақтини нималарга сарфлаяпти, уйдаги телевизор ёки компютерда нималарни томоша қилаяпти, сиз олиб берган телефондан яна қандай ишларда фойдаланмоқда, интернетда қандай маълумотларни ўқиб, қандай лавҳаларни кўрмоқда, кўчада кимлар билан дўст бўлиб, улар билан вақтини қандай ўтказмоқда ёки сиз бераётган пулларни қаерларга сарфлаяпти?! Бундай ишларда фарзандни назоратсиз қолдириш мумкин эмас. Ҳар бир ота-она фарзандларининг тарбиясига кўпроқ эътибор бериши, уларга алоҳида вақт ажратиб, одоб-ахлоқдан таълим бериши, уларни доимо назорат қилиб бориши, ёмонларга яқин йўлатмаслиги лозим экан. Ана шунда улар ота-онаси ва эл-юртига хизмат қиладиган, уларга икки дунёда обрў олиб келадиган, юзларини ёруғ ва бошларини юқори қиладиган фарзандлар бўлиб катта бўлишади.

Ҳозирги кунда чет элга ишга кетган юртдошларимизнинг ўзга юртлардаги яшаш тарзи хавотирга солмоқда. Чунки улар жамиятимиздан ажралиб, ўзга юртда яшамоқда. Уларнинг ётиш-туришлари, овқатланишлари, соғлиқларига эътибор беришлари қай ҳолатда? Агар улар расмий идоралар орқали кетган бўлса, бунга хавотир йўқ, албатта. Аммо норасмий йўллар билан ёки таниш-билишлари орқали кетган бўлса, одам савдоси балосига гирифтор бўлмаганмикан, мустақил Ўзбекистоннинг тинчлигини, тараққиётини, фаравонлигини кўролмайдиганлар қўлига тушиб, онги заҳарланмаётганмикан, деган саволлар кўндаланг бўлмоқда.

Норасмий йўл билан чет элга ишга кетганлар ичида фарзандларининг роҳатини кўрмасдан, ота-она, яқин қариндошларининг розилигини ололмасдан ёш умрларини хазон қилиб вафот этганларнинг жанозаларида турганда одам ич-ичидан эзилиб кетади. Сўнгги вақтларда аёлларимизни чет элга чиқиб ишлашлари ўтиб кетган ота-боболаримизнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган бўлса керак. Момоларимиз борига қаноат қилиб яшаб ўтганлар. Ҳеч қачон у йўқ, бу йўқ деб нолимаганлар. Аслида аёл зоти Аллоҳнинг яратган гўзал хилқати бўлиб, Имом Бухорий, Имом Термизий, Алишер Навоийга ўхшаган улуғ зотларни дунёга келтириб, тарбиялаб, етук инсон бўлишида жонбозлик кўрсатишгани тарихдан маълум ва машҳурдир. Аммо ҳозирги кунда аёлларимиз ўз масъулиятларини унутиб, фарзанд тарбиясига лоқайд бўлишаяпти.

Ислом таълимотида юрти, халқи ва ватанига ҳамда ота-онасига хиёнат қилиш оғир гуноҳ саналади. Ислом дини, нафақат ўз ота-онаси, балки бегоналарга ҳам яхшилик қилишга буюради. Лекин айрим ёшлар орасида бузғунчи оқимларнинг тузоғига илиниб, гўё дин йўлида ҳижрат қиламан, жиҳодга бораман, деб ота-онасини норози қилиб, оиласини ташлаб, ҳалокат йўлига юрган, натижаси, мақсади пуч бўлган бузғунчи ғояларнинг тузоғига илиниб қолаётганганларни борлиги ачинарли ҳол.

Дарҳақиқат, гўзал хулқ, тўғри ақида асосида тарбияланган, соғлом фикрлай оладиган фарзанд ҳаётда ақл-идрок билан иш тута олади. Имон эътиқодда собит туради, эркин ва мустақил фикрлай олади, ҳар хил алдовларга учмайди ҳамда ғаразли ташвиқотларга берилмайди. Демак, фарзанд ёшлигидан соғлом эътиқодли, билимли, одобли ва шижоатли бўлиб вояга етиши учун фойдали илм ва кўникмалар билан банд бўлишлари муҳим вазифадир.

Ислом динининг жаҳолатдан кўра каттароқ, қўрқинчлироқ душмани йўқдир. Шундай экан, барчамизни, оиламиз ва фарзандларимизни Аллоҳнинг ўзи тўғри йўлидан адаштирмасин. 

Солиев Кенжабек
Чуст туман “Ғойиб Эронлар”жомеъ масжиди имом хатиби

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …