Аллоҳ таоло айтди: Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни барру-баҳрда — қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик. (Исро 70).
Демак инсон азизу-мукаррам ва кўп жонзотлардан афзал-усун бўлиши учун шунга лойиқ бўлиши керак. Бироқ йигирма биринчи асрга келиб инсониятнинг ичидаги баъзи унсурлар ҳайвон ҳам ор қиладиган ишларни қилиб, инсон деган номга доғ туширмоқда. Оммавий ахборот воситаларида фарзандини дунёга келтириб ташлаб кетган, дунёга келган чақалоқни сотган ёки ўлдириб юборган ваҳшийлар ҳақида бот-бот гапирилмоқда. Бундай жирканч ишлардан тавба қилиб қайтиш ўрнига янги-янгилари чиқмоқда. Кимдир тирноққа зор, кимдир эса Аллоҳ берган неъматни сотиб, харом пул топиш билан оввора. Агар ҳайвонот олами инсонни қилаётган ваҳшийлиги ҳақида билганида эди, юраги ёрилиб ўлган бўларди. Олимларнинг такидлашича она қўйнинг олдида боласини бўғизланса жигари қуриб борар экан. Ёши улуғларимиз айтишадики, агар сигирни боласи туғаётганда ўлиб қолса ёки ўлик туғилса бузоқнинг терисига сомон тиқиб, боланг тирик деган мазмунда сигирни соғишар эди. Қаранг ҳайвон боласи ўлганидан ёки ёнида йўқлигидан изтиробда. Инсон зоти эса қурқмасдан туғиб ташлаб кетса ёки ўлдирса ёки бўлмасам сотиб юборса, алҳазар!. Ислом келмасдан аввал арабларда қиз бола туғилса тириклайн кўмиб юборишган. Майли уларни Исломдан харабари йўқ эди десак. Бугун эса дунёнининг энг чекка бурчагидагилар ҳам мусулмончиликдан хабари бўла туриб, энг азиз неъмат бўлган фарзандни қадрига етишмаяпти.
Хулоса ўрнида Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Набий солаллоҳу алайҳи васаллам: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ё яхшиликка буюрасиз ва ёмонликдан қайтарасиз, ёки бўлмаса, Аллоҳ таоло устингизга бир балони юборадики, ундан кейин қанча дуо қилсангиз ҳам дуоингиз қабул бўлмайди”, – деб огоҳлантирганлар (Имом Термизий ривояти).