Басмала нима? Басмала – «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» жумласидир. Худди «ҳамдала» – «Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламийн» бўлгани каби. Бу муборак жумла мусулмонлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланган. Негаки ҳар бир яхши амал у билан бошланади. Унинг Қуръондан эканлигида, муборак ва муҳимлигида шак-шубҳа йўқ. Фақатгина унинг Фотиҳанинг ва бошқа сураларнинг биринчи ояти ёки аксинчалиги борасида ихтилоф бор. Бир қарашда уни Қуръондан деганимиз ва сураларнинг биринчи ояти эканлиги ихтилофли дейишимиз бироз ғалати туюлиши мумкин. Аслида булар бир-бирига зид эмаслигини қуйида ўрганиб оламиз. Бу борада бирор фикр билдиришдан йироқ бўлиб, мўътабар манбаларга мурожаат қиламиз. Замонамизнинг буюк алломаларидан Муҳаммад Али Собунийнинг “Равоиъул баён фи тафсири аятил аҳкам”[1] асарида бу тўғрисида етарли маълумотлар келтирилган.
Басмала Қуръон оятими?
Олимлар бир овоздан «Намл» сурасининг 30-оятида келган Басмала (Албатта, у Сулаймондандир, у Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм) Қуръон оятининг бир қисмидир деган. Аммо Басмала бу Фотиҳанинг ва қолган сураларнинг биринчи оятими ёки йўқ деган савол борасида турли фикрлар айтилган.
Биринчиси: Басмала Фотиҳа ва ҳар бир суранинг оятидир. Бу Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳаби.
Иккинчиси: Басмала Фотиҳанинг ҳам, Қуръондаги бошқа сураларнинг ҳам ояти эмас. Бу имом Молик раҳматуллоҳи алайҳининг фикри.
Учинчиси: Басмала суралар орасини ажратиш учун нозил қилинган Қуръоннинг тўлиқ бир алоҳида ояти ва у Фотиҳанинг ояти эмас. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳаби.
Шофиийларнинг далиллари:
Шофиийлар ўзларининг фикрларига қуйидаги бир неча далилларни келтиради:
Биринчиси – Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сиз «Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламин» (Фотиҳа)ни ўқисангиз, «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» билан ўқинг. У (Фотиҳа) Қуръоннинг онаси, Китобнинг онаси, Сабул масонийдир (етти оятли, икки марта нозил қилинган). «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» унинг бир оятидир» деди.
Иккинчиси – Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадис: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» билан бошлар эди».
Учинчиси: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатлари ҳақида сўралган эди: «У зотнинг қироатлари узун эди дедида «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламийн….» деб қироат қилди» деди.
Тўртинчиси: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг орамизда эди. Тўсатдан ухлагандек кўзларини бироз муддат юмиб турди. Сўнг табассум қилиб бошларини кўтарди. Шунда биз: «Ё Расулуллоҳ, сизни нима кулдирди?» дедик. У зот: «Ҳозиргина менга бир сура нозил қилинди», деди ва Кавсар сурасини Басмала билан ўқиди.
Шофиийлар: «Ушбу ҳадис Басмала Қуръоннининг ҳар бир сурасининг ҳам ояти эканлигига далолатдир», дейди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Кавсар сурасини Басмала билан тиловат қилганини далил қилишади.
Бешинчиси: Улар ақлий далил келтириб: «Бош Мусҳафда Фотиҳа ва ҳар бир суранинг бошида (Тавба сурасидан ташқари) Басмала ёзилган. Ундан кўчирилиб турли жойларга юборилган Мусҳафларда ҳам шундай. Саҳобалар Қуръондан бўлмаган нарсаларни Мусҳафга ёзмаганлар. Улар бу нарсада жуда қаттиқ турганлар. Ҳаттоки қоплама жилдга ёзиш, сура номларини ёзиш ва нуқталарни қўйишдан қайтарганлар. Кейинчалик ёзилган нарсалар Қуръонга бошқа нарсалар қўшилиб қолишидан сақлаш учун бошқа ёзув ва бошқа рангда ёзилган. Демак Басмала Фотиҳа ва бошқа суралар аввалида бор экан, у Қуръондаги ҳар бир суранинг биринчи ояти эканлигига далилдир», дейишади.
Моликийларнинг фикри:
Моликий мазҳаби «Басмала» Фотиҳанинг ҳам, Қуръоннинг ҳам ояти эмас дейди ва қуйидаги далилларни келтиради.
Биринчиси: Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадис. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни такбир билан, қироатни «Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламийн» билан бошлардилар».
Иккинчиси: Анас розияллоҳу анҳудан Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадис. «Мен Пайғамбар алайҳиссалом, Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумларнинг орқасида намоз ўқидим, улар намозни «Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламийн» билан бошлар эдилар».
Муслим ривоятида: «Улар қироатнинг бошида ҳам, охирида ҳам «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм»ни айтмас эдилар» дейилган.
Учинчиси: Фотиҳадан олинган оят эмаслигига далил – Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳ таоло айтди: «Намозни Ўзим билан бандам орасида иккига бўлганман, ярми менга, ярми эса бандамга. Бандамга сўраганини бераман. Агар банда: «Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламийн» деса, Аллоҳ азза ва жалла: «Бандам менга ҳамд айтди» дейди. Агар у: «ар-Роҳманир Роҳийм» деса, Аллоҳ: «Бандам менга сано айтди» дейди. Агар банда: «Малики явмиддийн» деса, Аллоҳ: «Бандам мени улуғлади» дейди. Агар банда: «Иййака наъбуду ва иййака настаъийн» деса, Аллоҳ: «Бу мен билан бандам орасидаги нарса, бандамга сўраганини бераман» дейди. Агар банда: «Иҳдинас сиротол мустақийм, сиротоллазийна анъамта алайҳим ғойрил мағзуби алайҳим ва лаззоллийн», деса Аллоҳ: «Бу бандам учун, бандамга сўраганини бераман», дейди» деганларини ешитганман. Аллоҳ таолонинг: «Намозни иккига бўлдим» деган сўзидан мурод Фотиҳадир, уни намоз деб номлади, чунки усиз намоз дуруст бўлмайди. Агар Басмала Фотиҳанинг ояти бўлганида, албатта ҳадиси қудсийда айтиб ўтилган бўларди.
Тўртинчидан: Агар Басмала Фотиҳанинг ояти бўлганида, икки сифат (Роҳман, Роҳийм)нинг такрорланиши бўлиб сура қуйидагича бўлар: (Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламийн. Арроҳманир роҳийм…) ва бу улуғ балоғат тартибига хилоф бўлар эди.
Бешинчиси: Суралар бошида ёзилиши муборак сўзлиги учун ва ишларни у билан талаб қилиш ва бошлаш учун намунадир. Суралар бошига ёзиш жорий бўлган бўлсада, унинг Қуръон ояти эканлиги мутавотир эмас.
Қуртубий: «Бу сўзлар орасида ишончлиси Имом Моликнинг гапидир. Чунки Қуръон оҳод хабарлар билан собит бўлмайди, далил шак-шубҳасиз, қатъий-мутавотир бўлиши керак» деган.
Ибн Арабий айтадилар: «Одамларнинг Басмала борасида ихтилоф қилишининг ўзи у Қуръондан эмаслигига етарлидир. Қуръон борасида ихтилоф қилинмайди. Заифлик аралашмаган ишончли хабарларга кўра «Басмала» Намлдан бошқа Фотиҳанинг ҳам бошқа сураларнинг ҳам ояти эмаслигини кўрсатади. Мазҳабимиз фикри бу борада катта ақлий далил билан ҳам қўллаб қувватланади. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидан Имом Молик давригача қанча вақт ва замонлар ўтсада, у зотнинг масжидларида суннатга эргашиб ҳеч ким, ҳеч қачон Басмалани қироат қилмади ва бу бошқа фикрларни рад қилади».
Ҳанафийларнинг фикри:
Ҳанафийлар: «Унинг Мусҳафда ёзилгани Қуръон ояти эканлигига ишора қилади, аммо бу қайсидир суранинг ояти эканлигини билдирмайди. Намозда унинг Фотиҳага қўшиб овоз чиқариб ўқилмаслигига ишора қилувчи ҳадислар у Фотиҳадан эмаслигини билдиради. Шундан келиб чиқиб Басмалани Намл сурасидаги оятдан ташқари, суралар орасини ажратиш учун нозил қилинган Қуръондан олинган тўлиқ бир оятдир» деган.
Далиллари.
Саҳобалар: «Басмала нозил қилинмагунча сураларнинг тугашини билмас эдик» деган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадис. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Басмала нозил қилинмагунча сураларни ажратишни билмас эди».
Имом Абу Бакр Розий: “Басмала Фотиҳанинг ояти ёки ояти эмаслиги тўғрисида ихтилоф бор. Куфа қорилари уни Фотиҳадан дейишган. Басра қорилари у Фотиҳанинг ояти эмас дейишган. Шофиий: «У Фотиҳадан. Ким уни ўқимай қолдириб кетса намозини қайтадан ўқийди» деган. Устозимиз Абу Ҳасан Кархий: «У жаҳрий ўқилмайди, агар Фотиҳадан бўлмаса, бошқа суралар билан ҳам шундай. Шофиий у ҳар бир суранинг ҳам ояти деган. Салаф ўртасидаги хилоф унинг Фотиҳанинг ояти ёки ояти эмаслиги тўғрисида. Ҳеч ким уни бошқа сураларнинг ояти деб айтмаган» деган.
Кейин у шундай деди: «Басмаланинг сураларнинг биринчи ояти эмаслигини кўрсатадиган нарса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадис. У зот: «Қуръондаги ўттиз оятдан иборат бир сура бўлиб, у соҳиби (ўқувчиси)ни шафоат қилади ва у мағфират қилинади. У «Табарокаллазий бийадиҳил мулк» (Мулк сураси)дир» деган. Қорилар ва бошқалар Мулк сурасининг Басмаласиз ўттиз оят эканлигига иттифоқ қилишган. Агар Басмала ундан бўлганида ўттиз бир оят бўлиб қолар эди ва бу Пайғамбар алайҳиссаломнинг сўзларига зиддир. Турли юрт қорилари ва фақиҳлари Кавсар сураси уч оят, Ихлос сураси тўрт оят эканлигига иттифоқ қилишган. Агар Басмала суранинг биринчи ояти бўлганда суралар оятлари сони ҳам кўпайган бўлар эди».
Мазҳаб имомларининг сўзлари ва келтирган далилларини ўрганиб чиққандан сўнг, Муҳаммад Али Собуний ҳазратлари: «Фикрлар ичида ҳанафийлар айтган сўз тўғрироқдир. Чунки уларнинг фикри қолган икки фикр орасида ўртачасидир» деган.
Шофиийлар у Фотиҳа ва бошқа сураларнинг дастлабки ояти демоқда. Моликийлар бўлса у Фотиҳанинг ҳам, Қуръоннинг ҳам ояти эмас деган фикрда.
Агар диққат билан қарасак, унинг Қуръонда ёзилганлигини ва ҳеч ким инкор қилмасдан мутавотир бўлганлиги – илм билан бўлган. Саҳобалар Мусҳафни Қуръондан бошқа ҳар қандай нарсадан холи қилишгани – бу Басмаланинг Қуръон ояти эканлигидан далолат беради. Аммо бу, у ҳар бир суранинг ояти ёки Фотиҳанинг аслий ояти эканлигини кўрсатмайди. У суралар ўртасини ажратиш учун нозил бўлган Қуръон оятидир.
Юқорида келтирилган Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм нозил бўлмагунча сураларни ажратишни билмас эди» ҳадиси ҳам шунга далолат қилади ва унинг Қуръон сураларининг дастлабки ояти эмаслигини таъкидлайди.
Қуръон каломда арабларнинг услубида нозил бўлди. Араблар балоғат маҳоратига назар солар эди, айниқса сўз бошига. Агар ҳар бир суранинг ояти бўлганда, барча суранинг бошланиши бир хил услубда бўлар эди ва бу Қуръон мўжизасидан бўлган баённинг беназирлигига зиддир. Уммат Мусҳафда нима бўлса у Қуръондир деб иттифоқ қилишган. Шунга кўра Басмала Қуръоннинг алоҳида оятидир.
Тафсири Насафийда ҳам бу борада мазҳаблар фикрлари, уларнинг далиллари келтирилган ва унда ҳам ҳанафийлар фикри қўллаб-қувватланган. Валлоҳу аълам.