Home / ЯНГИЛИКЛАР / ДИНИЙ ТАЪЛИМ: МУАММО ВА ЕЧИМЛАР ИЛМИЙ-УСЛУБИЙ КЕНГАШ МУҲОКАМАСИДА

ДИНИЙ ТАЪЛИМ: МУАММО ВА ЕЧИМЛАР ИЛМИЙ-УСЛУБИЙ КЕНГАШ МУҲОКАМАСИДА

Мамлакатимизда сўнгги йилларда барча соҳалар қатори диний-маърифий соҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги “Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори асосида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилиб, илм-маърифат асосига қурилган ислом дини таълимоти бўйича халқаро даражадаги етук мутахассис кадрлар тайёрлаш йўналишида муҳим қадам қўйилди.

Шу маънода, анжуманда дастлаб Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректорлари Ш.Ёвқочев, И.Усмонов, З.Исломов томонидан ўтган қисқа давр мобайнида академиянинг ўтган қисқа давр мобайнидаги фаолияти таҳлил қилинган ҳолда истиқболдаги устувор вазифалар хусусида сўз юритилди дея хабар бермоқда Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўтган қисқа даврда ўз халқаро нуфузи ва мақомига мос равишда мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, буюк алломаларимиз илмий меросини ўрганиш ва ёш авлодга ўқитиш соҳасида бир қатор вазифаларни амалга оширди, — деди ўз нутқида академиянинг Диний-маърифий фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича биринчи проректори Ш.Ёвқочев. — Айниқса, диний таълим ўқув адабиётларини яратиш, таълим стандартларини халқаро меъёрлар асосида такомиллаштириш ва ёш авлодда ёт ғояларга қарши курашиш имунететини ҳосил қилиш юзасидан долзарб педогогик, илмий ва амалий тадқиқотлар бажарилди.

Дарҳақиқат, Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ислом динининг ҳақиқий маърифатпарвар ва бағрикенглик тамойили устувор эканини бутун дунёга тараннум этиш, Марказий Осиё алломаларининг илмий-маънавий меросини фундаментал ўрганиш мақсадида юртимизда Ўзбекистон Ислом цивилизация маркази, Сурхондарёда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Самарқандда Калом ва Ҳадис мактаблари, Бухоро вилоятида Мир Араб олий мадрасаси ҳузурида Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф илмий мактаби очилди. Қашқадарё вилоятида фаолият бошлаган “Абу Муъин ан-Насафий” номидаги ақида илми мактаби ҳам худди шундай диний соҳанинг ҳам тор йўналишидаги етук мутахассис-кадрларни тайёрлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Бундан ташқари, Фарғонада Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Ислом ҳуқуқи мактаби ташкил этилди.

Соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар бутун дунё ҳамжамиятининг ҳам эътирофига сазовор бўлди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти сессиясида Ўзбекистон ташаббуси билан “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли муҳим ҳужжат қабул қилинди.

Илмий-услубий Кенгашда соҳадаги ютуқлар эътироф этилган ҳолда, диний-маърифий соҳада бажарилиши зарур бўлган галдаги вазифалар ва мавжуд муаммолар ҳам таҳлил этилди.

Жумладан, энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан соҳа ислоҳотига доир қабул қилинган қатор фармон ва қарорлар ижросини тўлиқ таъминлаш, диний-маърифий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот марказлари фаолиятини ўзаро мувофиқлаштириш ва  ўқув-услубий, илмий фаолият узлуксизлигини таъминлашдаги айрим муаммоларнинг кўзга ташланиб қолаётгани соҳада етарлича тизим мавжуд эмаслигини кўрсатаётгани таъкидланди. Бу эса таълим муассасалари ўқув ва илмий-амалий тадқиқотлар жараёнида бир-бирини такрорлаш, ўқув дастурларидаги номувофиқликлар юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Бугунги анжуман республикамиздаги диний-маърифий соҳадаги барча олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ҳамда илмий тадқиқот марказлари раҳбарлари иштирокида ўтаётгани билан эътиборлидир, — дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов. — Мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, ёт ғоялар таъсирига тушган фуқароларни соғлом ҳаётга қайтариш, динлараро ва миллатлар ўртасидаги дўстона ва бағрикенглик муносабатлари ўрнатилишида “Ўзбекистонда диний таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси” муҳим аҳамиятга эгадир. Шу нуқтаи назардан, мазкур Илмий-услубий Кенгашнинг доимий фаолият кўрсатиши соҳадаги муаммоларни ўз вақтида бартараф этишда муҳим ўрин тутиши шубҳасиз.

Шундан сўнг Илмий-услубий Кенгашнинг 2020 йилга мўлжалланган режасини тасдиқлаш ва кейинги долзарб вазифалар хусусида фикр-мулоҳазалар юритилиб, эътибор қаратиш лозим жиҳатлар бўйича зарур тавсиялар берилди.

Аввало, олий таълимда ўқув жараёнини кредит-модуль тизимига ўтказиш юзасидан берилган таклифлар ижросини диний-маърифий таълим муассасаларга ҳам татбиқ этиш юзасидан бажарилиши лозим ишлар муҳокамалар марказида бўлди. Олий таълим ўқув дастур ва стандартларини хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, таълим йўналишлари ва ўқитиладиган фанлар қайта кўриб чиқилиши, мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сонини қисқартириш ҳамда диний таълим муассасалари ўқув дастурлари ва дарсликлари ўртасида узвийликни таъминлаш, ўзаро изчил ҳамкорлик тизимини йўлга қўйиш йўналишларида амалга ошириладиган вазифалар хусусида сўз юритилди.

Мамлакатимизда “Жаҳолатга қарши – маърифат”,  эзгу ғояси асосида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб мақсадларга хизмат қилишини тарғиб этиш масалалари мутахассислар диққат марказида бўлди.

Анжуман якунида турли долзарб масалалар қаторида “Давлат ва дин”, “Динийлик ва дунёвийлик”, “Диний эътиқод” китобларини нашрга тавсия этиш хусусида тақдимотлар ўтказилди.

Манба: iiau.uz

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …