Home / МАҚОЛАЛАР / Миссионерлик ва прозелитизмнинг салбий кўринишлари ва оқибатлари

Миссионерлик ва прозелитизмнинг салбий кўринишлари ва оқибатлари

   Миссионерлик сўзи лотинча “юбориш”, “вазифа топшириш”  деган маъноларни англатади. Миссионер эса “вазифани бажарувчи” кишини англатади.

  Прозелитизм эса, бирон бир динга ишонган фуқарони мажбурлаб ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга қаратилган ҳаракатларни англатади. У ўз моҳиятига кўра миссионерликнинг таркибий қисми ва энг юқори кўриниши ҳисобланади.

  Миссионерлик тарихан Буддизмда милоддан аввалги III  асрда намоён бўлган бўлсада, асосан, христианлик дини вакиллари томонидан амалга оширилиб келинган. У дастлаб IV асрда Византия империяси даврида кенг ёйилган. Христиан руҳонийлари даставвал миссионерлик ҳаракатини Европа ва Яқин Шарқдаги кўпхудоликка эътиқод қилиб келган аҳолини яккахудоликка даъват қилиш байроғи остида олиб бордилар. Европа давлатларининг христиан динини қабул қилишида миссионерлик фаолиятининг таъсири катта бўлган.

XIII-XIV асрларда эса, христиан миссионерлиги Ҳиндистон, Хитой, Японияга кириб борди. Католик черковида миссионерлик Испания ва Португалия империялари ташкил топгач (XV-XIV асрлар) фаолиятини кучайтирди.

Миссионерлик фаолияти кўплаб салбий оқибатлар келтириб чиқарган. Чунки уларнинг фаолияти фақатгина бошқа дин вакилларини христианлаштириш билан чекланиб қолмаган. Улар ўз фаолиятида сиёсий мақсадларни ҳам амалга оширишга ҳаракат қилган. Тарихдан маълумки, ўрта асрларда христианлар ва мусулмонлан ўртасида катта зиддиятлар келиб чиқди. Қарийб 2 аср давом этган “салб юришлари” деб номланган урушлар оқибатида икки дин вакиллари орасидаги муносабатлар кескинлашди. Бу урушларнинг келиб чиқиши ҳам айни христиан роҳибларининг миссионерлик фаолиятлари  натижасида бўлди. Улар муқаддас Қуддусда Исо Пайғамбар қабрини мусулмонлардан озод қилиш шиори остида бутун Европа халқларини, қиролларини бирлаштира олдилар. Бу урушлар оқибатида кўплаб вайронагарчиликлар юзага келди.

   Миссионерлик Рим империясига янги ерларни ўз таъсири остига олишда катта ёрдам берди. Католик миссионерлигига раҳбарлик қилиш учун папа Григорий XV 1662 йилда Диний тарғибот конгрегациясини таъсис этди. Бу эса, ушбу фаолиятнинг янада кучайишига таъсир кўрсатди.

Миссионерлик XIX асрда фаоллашди. У сиёсий мақсадларни амалга оширишда ўзига хос қурол воситаси бўлиб хизмат қилди. Айниқса, христиан миссионерлари Африкада фаолиятларини кучайтирдилар ва ўз мамлакатларининг сиёсатини ўтказишга ёрдам бердилар. Миссионерлик фаолияти мустамлакачилик сиёсати билар уйғунлашган ҳолда фаолият олиб борди. Бунинг натижасида кўплаб мустамлака давлатлар халқларининг диний қадриятлари, урф-одатлари ва миллий ўзлигига катта таъсир ўтказилди.

Ҳозирги кунда ҳам миссионерлик фаолияти турли кўрнинишларда амалга оширилиб келинмоқда. Халқаро ҳуқуқ қоидаларига зид тарзда ўз фаолиятларини тарғиб қилиб келмоқда. Гарчи “ижобий кўринишдаги” ишларни амалга ошираётган бўлсада, асл мақсадлари бошқа бўлганлиги сабабли, динлар ўртасида, ҳатто бир динда эътиқод қилаётган  аҳоли ўртасида келишмовчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Масалан, христиан динини қабул қилиб, вафот этган кишининг мусулмон отаси ўғлини мусулмонлар қабристонига дафн этмоқчи бўлганига бошқа мусулмонлар қарши чиқишган. Оқибатда бир дин вакилларининг келишмовчилиги юзага келган.

Бу каби ҳаракатлар ҳуқуқий демократик эркинлик тамойилларига зид ҳисобланади.

Миссионерлар асосий эътиборни аралаш миллат вакилларидан иборат оилаларнинг аъзолари, илгари ҳеч бир динга эътиқод қилмаган, оғир хасталикка, жудоликка,  моддий қийинчиликка дуч келган, ахлоқ тузатиш муассасаларидан чиқиб келган, яъни моддий ва маънавий кўмакка муҳтож кишиларга қаратмоқдалар.

  Маълумотларга кўра, ҳозирда дунёдаги умумий миссионерларнинг 2/3 қисмини христиан миссионерлари ташкил этади. Дастлабки халқаро христиан миссиялари 1910 йилда Шотландиянинг Эдинбург шаҳрида пайдо бўлган. Бугунги кунда юзлаб шундай мақомга эга миссиялар фаолият кўрсатмоқда. Уларни янада ривожлантириш, етарли моддий, маънавий ва инсон ресурслари билан таъминлаш жуда яхши йўлга қўйилган.

Айни дамда, миссионерлик фаолияти билан фаол шуғулланишга ҳаракат қилаётганлар  орасида баҳоийлар, кришначилар билан бир қаторда янги пайдо бўлган секталар борлигини ҳам таъкидлаш зарур.  Секта бу  –  фақат ўзини ҳақ дин, инсонларни нажотга етказувчи деб даъво қиладиган, аслида эса муайян сиёсий ва иқтисодий мақсадларни кўзлайдиган гуруҳ ҳисобланади.

Миссионерликнинг бизнинг республикага хос бўлган хусусиятлардан бири ‒ бу христиан диний ташкилотларида ўзбек ва бошқа маҳаллий тилларда диний ибодатлар олиб боришга ҳаракат қилишдир. Яна маҳаллий миллат вакиллари орасида ўзбек ва бошқа маҳаллий тиллардаги диний адабиётларни тарқатиш ва улардан фойдаланиш ҳолатлари учрайди.

Мазкур кўриинишдаги миссионерлик ҳаракатини энг кўп олиб борадиганлар “Иегово шоҳидлари” диний ташкилоти вакилларидир.

“Иегово шоҳидлари” миссионерликка катта эътибор беради. Жамоа пайдо бўлган даврдан бошлаб, асосан уйма-уй юриш ва адабиётлар тарқатиш билан ўз издошларини кўпайтиришга ҳаракат қилади. Айрим маълумотларга кўра, ҳозирги кунда иеговочи миссионерларнинг сони 700 мингдан ортиқ кишини ташкил этади. Жамоа раҳбарияти томонидан миссионерларни тайёрлаш ишларига катта аҳамият берилади. АҚШ нинг Нью-Йорк шаҳрида, жамоанинг бош офиси билан бир жойда “Галаад” номли миссионерлар тайёрлаш маркази мавжуд. Ушбу марказда ташкил этилган 5 ойлик курсларда бутун дунёдан келган миссионерлар таҳсил олишади.

Ҳозирги кунда “Иегово шоҳидлари” 230 дан ортиқ мамлакатда фаолият олиб боради ва дунё бўйича 111 та минтақавий ваколатхоналарга эга.

Иеговочиликнинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири шуки, унда ҳар бир аъзо миссионерлик фаолиятида қатнашиши шарт. Жумладан, жамоа раҳбарияти томонидан ҳар бир аъзо ойига 10 соатдан 150 соатгача миссионерлик фаолиятига сарфлашлари талаб қилинади. Жамоа аъзолари қанча кўп вақтларини миссионерликка сарфлаганларига қараб ташкилот иерархиясида кўтарилиб боради.

  Маълумотларга кўра, “Иегово шоҳидлари” миссионерларнинг кундалик харажатларига йилига 100 миллион АҚШ долларига яқин маблағ сарфлайдилар. 

Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунга кўра “Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади. Ушбу қоиданинг бузилишига айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиладилар”.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда яшаб келаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат ўз динига эга. Аксарияти мусулмонлардан иборат бўлган фуқароларимиз орасида миссионерлик фаолиятини амалга оширишга бўлган ҳаракатлар давлатимиз, халқимиз тинчлигига раҳна солади ва бу каби ишлар қонунларимизга зид ҳисобланади.

Калом ва фиқҳшунослик шўъбаси раҳбари
Р. Элмуродов
Бош юрисконсулът
Б.Каримов

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …