Home / МАҚОЛАЛАР / Болада китобга меҳр уйғотишнинг амалий услублари

Болада китобга меҳр уйғотишнинг амалий услублари

Инсоният Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида саводсизликни бутунлай тугатишга қаратилган илк кампаниянинг шоҳиди бўлди. Ўшанда Пайғамбар алайҳиссалом Бадр жангида асир тушган мушрикларлардан ҳар бирига ўнта мусулмонга ўқиш ва ёзишни таълим беришни уларнинг асирликдан озод бўлишлари учун ягона бадал қилиб белгиладилар. Ўз навбатида ўқиш ва ёзишни ўрганиб олган мусулмонлар ҳам ўзларининг диндош биродарларига бу ишни таълим бердилар.

Ана шундай шонли ўтмиши ва буюк тарихи бор бу уммат ўзининг меросига ва маданиятининг бош омилларига қайтмоғи лозим. Яъни ўқиш, англаш, китоблар ёзиш, асарлар битиш ва ихтиролар қилишга қайтмоғи керак.

Биз ушбу мақола орқали китобхон, илму маърифатни севадиган бир авлодни тарбиялашни чин дилдан истайдиган ота-оналар учун аҳамиятли бўлган айрим тавсияларни тақдим этмоқчимиз. Шундай экан, бизга қўшилсангиз ва ушбу тавсияларга амал қилсангиз, фарзандларингизнинг бахтли келажаги учун улкан замин тайёрлаб берган бўласиз:

– Ишни ҳозирдан бошланг. Болангизнинг ёши неччидалигининг аҳамияти йўқ. Икки ойликми ё ўсмирлик ёшидами, барибир. Аммо муносиб услуб билан иш кўринг. Зеро, ҳар бир ёшнинг ўзига хос ва мос китоблари ва ҳар бир шахснинг ўз қизиқишлари бўлади. Лекин сиз ҳали болам китоб варақлайдиган ёшда эмас, деб ўтирманг. Катта бўлганида эса имконни қўлдан бой берганингизни англаб етганингизда кеч бўлади.

– Оилавий бўлиб китобхонлик қилиш учун муайян бир вақтни тайин қилиб олинг. Уларга овозингизни чиқариб китоб ўқиб беринг. Масалан, бирор эртак ёки ҳикоянинг охиридан бир озгина қисмини эртага қолдириш билан уларнинг диққатини ўзингизга жалб қилинг. “Қолганини ўзингиз ўқиб оласиз ёки бирортангиз ўқиб берсин. Кейин эртак ёки ҳикоя нима билан тугаганини менга айтиб берасиз”, деб қўйинг.

– Китобни овоз чиқариб ўқинг ва оилангиз аъзолари сизга шерик бўлиб қулоқ солсинлар. Зеро, болалар ўзларига ота-оналари ё боболари ёки акалари ёхуд опалари китоб ўқиб беришини яхши кўрадилар. Аста-секинлик билан улар ўз тенгқурларига ёхуд ўзларидан кичик болаларга китоб ўқиб бераётганларини кўрасиз.

– Болаларингизнинг ёшига мос китобларни уларнинг қўллари етадиган жойларда қолдиринг. Чунки тадқиқотлар боланинг китоблари кўп бўлган уйда вояга етиши унинг ўқишни эртароқ ўрганиб олишини кўрсатди.

– Болаларингиз учун яхши китобларни танланг. Болалар ўз қизиқишлари, ёшлари ва иқтидорларига мос келадиган китобларга эҳтиёж сезадилар. Шунингдек, ҳар хил китобларни ўқишни истайдилар. Шунинг учун ҳам ёш болаларнинг китоблари ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туриши лозим. Масалан, муқоваси, саҳифалари, ёзувлари ранг-баранг, ўқилаётган эртак ёки ҳикоя қаҳрамонлари акс эттирилган сувратлари бўлиши, фақат оқ ва қора билан чекланиб қолинган бўлмаслиги тавсия этилади.

– Болаларингизга газета ва журналларнинг турли жойларидан ўқиб беринг. Уйга сотиб олиб келган ширинлик ва ичимликларнинг қутиларидаги ёзувларни биргалашиб ўқишга уларни қизиқтиринг. Бу услуб уларда сўз бойлигининг ошишига хизмат қилади.

– Болаларингизни ўқиладиган китобга қизиқтириш мақсадида уларга китобни ўқиб беришни бошлашдан аввал унинг муқовасини тааммул қилишларига қўйиб беринг. Кўзлари билан кўриб турган бу нарсани ўз иборалари билан сўзлаб беришларини сўранг. Унинг муқовасида ёзилган номидан китоб нима ҳақида эканини англаб етишга ҳаракат қилдиринг. Китобда келган ҳар бир қиссага оид расмларни кўрсатиб: “Бу ерда нима бўлади деб ўйлайсиз?” деб савол ташланг. Бирор эртак ёки ҳикоя тугагач, улардан: “Сизлардан ҳар бирингиз бу ҳикоянинг қандай тугашини хоҳлар эдингиз?” деб сўранг. Зеро, бунақа фаол услуб боланинг тилини ривожлантиради. Эрта тафаккур юритишга шижоатлантиради. Ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, ҳали мактабга чиқмаган болаларига  давомли ва таъсирли услубда китоб ўқиб берадиган ота-оналарнинг фарзандлари ўз тенгқурларидан жудда катта фарқ билан ажралиб турадилар.

– Болаларингиз ўзлари мустақил равишда китоб ўқишни бошлагунларига қадар ўзингиз ўқиб беришда сабрли бўлинг. Уларга ўзингиз ўқиб берсангиз тушунишларига ёрдам бўлади. Уларнинг хотираларини кучайтиради.

– Болаларингиз ўн икки ёшга етганларида улардан сизга ёки укаларига китоб ўқиб беришларини талаб қилинг. Бунда Қуръони каримни ҳам ёддан чиқарманг. Сиз уларга ўқиб беринг, улар эса сизга. Ёки сиз ёддан ўқинг, болаларингиз эса Қуръонга қараб ўқисинлар. Зотан, бу иш билан Аллоҳнинг ҳузурида улкан савобларга эга бўласиз.

– Болаларингизнинг қизиқишларини ўқишга бўлган муҳаббатни кучайтиришга йўналтиринг. Агар қизингиз бичиб-тикиш каби қўл меҳнатини яхши кўрса, сиз унга қўл меҳнатини таълим берадиган китоблар олиб беринг. Агар ўғлингиз шеъриятни яхши кўрса, унга ёшига мос шеърий китобларни олиб беринг.

– Уйингизда кутубхона бўлсин ва янги олиб келган китобларингизни қизиқарли услублар орқали уларга тақдим қилинг. Олиб келган китобингиз нима ҳақида эканини уларга сўзлаб беринг ёки ундаги бирор хатбошини ўқиб беринг ва қолганини болаларингизга қўйинг.

– Болаларингизга китоб олиб беришда муносиб вақтларни ғанимат билинг. Масалан, аъло баҳо олган ёки бирор яхши иш қилган вақти унга совға қилиб беринг. Уларни доимий равишда китоблар кўргазмасига олиб боринг.

– Уларнинг ўқишларини кузатиб туринг. Нима ўқиётганларини сўранг ва ўзингиз қандай китоб ўқиганингизни уларга айтиб беринг.

– Машинада оилавий бўлиб узоқроқ ерга бораётганингизда вақтни ғанимат билинг ва кўп китоб ўқиш ва илмнинг гўзал натижалари акс эттирилган қиссаларни уларга сўзлаб беринг.

– Улар билан сўз ўйинлари ўйнаб туринг. Биргалашиб болалар учун тайёрланган бошқотирмалар ечинг.

– Болаларингиз билан биргалашиб бирор мавзуда ҳикоя ёзишни машқ қилдиринг. Ёшлари каттароқлари билан эса шеърлар тўқиш устида ишланг. Бу ишлар болаларнинг хотирасини кучайтиради ва уларни китобга ошно қилади.

– Шуни ёдда тутингки, боланинг қизиқишини юксалтириш ва йўналтириш мумкин. Боланинг ижобий рағбатларини кашф қилиш ҳамда тараққий топтириш ундаги янги қизиқишларнинг кашф бўлишига олиб келади. Масалан, футболга қизиқадиган болага футбол тарихи, унинг маҳоратлари ва қонун-қоидалари ҳақидаги китобларни совға қилишингиз мумкин.  Шу билан бирга, унга йўналиш берасиз, кузатасиз ва ундан китоб ўқишни яхши кўрадиган бола тайёрлайсиз. Ана ундан сўнг болангиз учун фойдаси кўпроқ тегадиган китоблар танлаб олсангиз бўлади.

– Болаларингиздан бирор луғат китобини очиб, бирон бир калимани топишларини ёки шаҳарлар ҳақидаги энциклопедияни олиб, бирор бир шаҳарни кўрсатиб беришларини ёхуд библиографик китоблардан бирини очиб, бирор шахс ҳақидаги маълумотни излаб топишни талаб қилинг. Бу ишингиз билан болаларингизга маърифатнинг янги эшикларини очиб берган бўласиз.

– Газета ва журналлар ўқиётганингизда болаларингизнинг ёшига мувофиқ уларни ҳам ўзингизга шерик қилинг. Уларни қизиқтиринг ва мусобақалар ташкил қилиб туринг.

– Аудиокитобларга ҳам алоҳида аҳамият беринг. Зеро, фойдали нарсаларни эшитиш боланинг зеҳнини мустаҳкамлайди. Эшитган мавзусини китобдан ўқиб қолганида теранроқ тушунишига ёрдам беради.

– Ҳар куни бомдод ёки аср намозидан сўнг оилавий китобхонлик қилишга одатланинг. Ибодат бўлсин деган ниятда китобхонликни Қуръон ўқишдан бошланг. Ана ундан сўнг тарихга оид китобларни ўқинг. Қизиқарли ва фантастик китоблардан ҳам оз-оздан ўқиб боришга ҳаракат қилинг.

-Болаларингизни замонавий техник воситалардан фаол фойдаланишга ўргатинг. Интернет, мисол учун, болаларда китоб ўқишга бўлган муҳаббатни бошлаб беришнинг энг янги воситаси бўлиши мумкин.

Хулоса ўрнида сизга тавсияларимиз шуки, болаларингиз ақлини, тафаккурини ва туғма ҳис-туйғуларини тарбия қилишга дарҳол киришинг. Ўзларининг бой илмий меросини яхши биладиган ва шонли тарихини унутмайдиган китобсевар авлодни тарбиялаб вояга етказишда ўз ҳиссангизни қўшиш учун болаларингизга муносиб бўлган услубларни ишга солинг. Донишманд халқимиз “Бола бошидан…”, деб бежизга айтмаган.

Бу ишда Аллоҳ таолонинг Ўзи барчамизга ёр ва мададкор бўлсин!

Алоуддин Ҳофий
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
кичик илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …