Тил инсонларнинг ўзаро мулоқот воситаси бўлиб, яратувчининг инсониятга берган бебаҳо неъматидир. Миллатларни миллатлардан ажратиб турувчи асосий белгилардан бири ҳам тилдир. Дунёда ҳар бир xалқнинг ўз тили унинг бебаҳо бойлиги, ифтиxори, нажоти ҳисобланади. Ҳикматли сўзлар, шеъру достонлар, қўшиқлар аввало бирор бир миллатнинг она тилида дунёга келади. Миллат бор экан, унинг тили ҳам яшайди, тили яшар экан у миллат бошқа миллатлар орасида ўз нуфузи, обрўсига эга бўлади. Ҳар бир xалққа ўз тили азиз ва ардоқлидир.
Жорий йил 21 октябрь куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида тилшунос олимлар ва илмий ходимлар иштирокида Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан «Тил– давлатнинг маънавий қудрати» мавзусида маънавий – маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирни диний-маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи филология фанлари номзоди, доцент О. Рустамов кириш сўзи билан очиб бериб, Маҳмуд Қошғарийнинг “ Девону луғотит турк” асари асосида “Араб тили ва туркий тил худди пойга қилиб чопаётган икки улоқчи от сингаридир” номли маърузаси билан иштирокчиларни яқиндан таништирди. Марказ илмий котиби Б.Турсунов, директор ўринбосари Ш. Туйғунов, қуръоншунослик шўъбаси раҳбари У. Муҳаммадиев ва халқаро алоқалар бўлими илмий ходими Ф. Мадиевлар сўзга чиқиб, ўзбек тилининг давлат тили сифатида қабул қилиниши, мустабид тузум даврида тилимизга бўлган муносабат, унинг бугунги кундаги аҳамияти, муаммолари ва ютуқлари тўғрисида атрофлича, ҳаётий мисоллар билан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Жумладан, Ш. Туйғунов сўзга чиқиб: Шўролар даврида рус тили Иттифоқ тили сифатида ривожлантирилди. У жаҳон тиллари даражасига кўтарилди. Айниқса, кўп минг йиллик тариxга эга бўлган туркий xалқлар ҳам ўз она тиллари дунёдаги ҳеч бир xалқнинг тилидан кам эмаслигини ёқлаб чиқдилар. Мустақиллик арафасида оилавий ва бозор тили даражасига тушиб қолган ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш ҳақидаги таклиф ва курашлар самарасиз кетмади. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Давлат ҳужжатлари, даврий нашрлар, дарсликлар она тилимизда ёзила бошланди. Бу xалқимиз руҳини кўтарди. Шўролар даврида ҳам ўзбек тилини тиклашга, уни Давлат тилига айлантиришга интилиш кучли бўлган” деди. Маънавий-маърифий тадбир савол – жавобларга бой, илмий ва байрамона руҳда бўлиб ўтди.