Home / ЯНГИЛИКЛАР / Нодир қўлёзмалар нусхаси Ўзбекистонга олиб келинди

Нодир қўлёзмалар нусхаси Ўзбекистонга олиб келинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази делегацияси 2019 йил 8-18 сентябрь кунлари Туркия Республикасининг Анқара ва Истанбул шаҳарларига хизмат сафарини амалга оширди.
Делегация аъзолари Туркия Маданий бойликлар ва музейлар бош бошқармаси, Турк тили ташкилоти, Миллий кутубхона, Турк тарихи ташкилоти, Анқара университети, Туркия қўлёзма асарлар ташкилоти, Сулаймония кутубхонаси, Турк-ислом асарлари музейи, Истанбул университети, Ислом ҳамкорлиги ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази, Фуат Сезгин номидаги Илмлар тарихи кутубхонаси ва музейи каби ўндан ортиқ муассаса-ташкилотларда учрашув ва мулоқотлар ўтказди, ушбу ташкилотларда сақланаётган Ўзбекистонга оид маданий бойликлар билан танишди.
Туркия ёзма асарлар ташкилоти раҳбари Муҳиддин Мажид билан бўлиб ўтган учрашувда ташкилот тасарруфида Туркиядаги деярли барча ёзма асарларнинг электрон нусхалари сақланаётгани борасида маълумот олинди. Унинг айтишича, Туркиянинг қатор шаҳарларида Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистондан етишиб чиққан алломалар қаламига мансуб қўлёзма асарлар мавжуд. Ҳозирги кунда энг кўп қўлёзма асарлар Сулаймония кутубхонасида сақланмоқда.
Делегация раҳбари марказ фаолияти, мақсад ва вазифалари, делегациянинг асосий режалари ҳақида батафсил маълумот берди. Марказ вазифалари баён этилган буклет ҳамда ўзаро ҳамкорлик таклифи илмий изланишларнинг нафақат Ўзбекистон ва Туркияда, балки бошқа мамлакатларда ҳам ёритилишига имкон яратишини алоҳида таъкидлади.
Муҳиддин Мажидга “Собрание восточных рукописей Академии наук Республики Узбекистан. Философия.” ва “Термизлик олимлар асарларининг жаҳон фондларидаги қўлёзмалари” каталогларини тақдим этди. М.Мажид бу каталоглар ҳам Сулаймония кутубхонаси фондидан ўрин олишини маълум қилди.
М.Мажид Ташкилот томонидан Имом ал-Бухорийнинг “Жомиъ ас-саҳиҳ” 550 ҳижрий/1155 йил милодийдаги қўлёзмасининг илмий тадқиқ билан нашр қилинган факсимилесини тақдим этди. Марказ ушбу факсимилени Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказига тақдим этишни режалаштирган.
Делегация аъзолари Ёзма ва нодир асарлар бошқармаси бошлиғи Ҳусайн Кутан ҳамроҳлигида Сулаймония кутубхонасининг қўлёзмалар бўлими билан атрофлича танишди. Делегация раҳбари таклифига биноан Сулаймония ва бошқа қатор кутубхоналарда сақланаётган, хусусан, Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмийнинг “Мафотиҳ ал-улум”, Алишер Навоийнинг ҳаётлиги даврида (1485 йили) кўчирилган “Бадоеъ ул-бидоя” асари, ат-Термизийнинг рисолалари ва бошқа қатор қўлёзмаларнинг рангли электрон нусхалари олинди.
Х асрда яшаб ижод этган буюк аллома Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Йусуф ал-котиб ал-Хоразмий қомусий олим бўлиб, ўз даврининг деярли барча илмларини мужассам қилган “Мафотиҳ ал-улум” (“Илмлар калити”) асарини ёзган. Асарда 15 илмнинг асосий атамаларини шарҳлаш орқали уларнинг моҳияти ва аҳамияти қисқа, аниқ шаклда баён қилинган. Бу асар Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмийдан сўнг ижод қилган илм аҳли томонидан қимматли манба сифатида истифода этилган. Унда келтирилган маълумотлар кейинчалик Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино каби алломалар асарларида янада кенгроқ берилган. Бунинг исботини Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий биринчи бўлиб Ҳиндистонга, аниқроғи, ҳинд касталарига оид маълумотларни келтиргани ва шарҳлаганида кўриш мумкин. Ҳиндистонга оид мукаммал маълумотлар машҳур аллома Абу Райҳон Беруний асарида муфассал келтирилган, аммо Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий Х асрда яшагани ва Абу Райҳон Беруний ўзининг “Ҳиндистон” асарини XI асрда ёзганини эътиборга олсак, Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмийни бемалол биринчи ҳиндшунос олимлар сирасида зикр этишга ҳақлимиз.
“Мафотиҳ ал-улум” асаридан истифода қилиш ва унда баён этилган илмларга қизиқиш Европа мамлакатларида кенг авж олган. Асарнинг танқидий матнини биринчи бўлиб голландиялик шарқшунос Фан Флотен 1895 йилда амалга оширган. Кейинчалик бу асардан илмлар тарихини ёритишда Германия, Франция, АҚШ, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар олимлари фойдаланганлар. Сартон 1927 йилда бу асарни замонавий тилга (ғарб тиллари назарда тутилмоқда – Р.Б.) таржима қилиш зарурлигини алоҳида зикр этган. Юртимиз олимлари ҳам бу асарни чуқур тадқиқ этган, аммо унинг қўлёзмаси Ўзбекистонда йўқ эди. Энди бу буюк алломанинг асари ўз Ватанида ҳам бор.
Марказ делегациясининг Туркияга илмий хизмат сафари натижасида Сулаймония кутубхонасида Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий асарининг 7 нусхаси сақланаётгани аниқланди ва турк олимлари билан ўзаро илмий ҳамкорликнинг илк меваси сифатида ушбу қимматли ва нодир асарнинг 1283 йил июль ойида (ҳижрий 682 йил, Рабиъ ус-соний) кўчирилган нусхасидан тўлиқ шаклдаги рангли электрон варианти олиб келинди. Марказнинг илмий тадқиқотлари режасига, биринчи навбатда, “Мафотиҳ ал-улум”нинг факсимилесини нашр этиш ва, албатта, унинг илмий шарҳлари билан таржимасини амалга ошириш киритилади.
Алишер Навоий ҳаётлиги даврида кўчирилган “Бадоеъ ул-бидоя” девони нусхаси Ўзбекистонга олиб келинди. Навоийшуносликка шу вақтгача Алишер Навоий тартиб берган дастлабки девон – “Бадоеъ ул-бидоя”нинг шоир ҳаётлиги даврида (1480-1486 йиллар) кўчирилган тўрт нусхаси (Париж, Лондон, Боку ва Тошкент қўлёзмалари) маълум эди. Янги изланишлар натижасида “Бадоеъ ул-бидоя”нинг шоир ҳаётлиги даврида кўчирилган янги бир қўлёзмаси мавжудлиги аниқланди. Мазкур қўлёзма Истанбул шаҳридаги Сулаймония кутубхонаси фондида сақланади. Шу боис уни “Бадоеъ ул-бидоя”нинг “Истанбул нусхаси” деган шартли ном билан навоийшунослик фанига олиб кириш мумкин. Энг муҳим жиҳати, мазкур қўлёзмани ҳиротлик машҳур хаттот Султонали Машҳадий (1437-1520) айнан Ҳирот шаҳрида 1485 йили кўчириб тугаллаган. Айнан шу йили Алишер Навоий Ҳиротда ўз “Хамса”сини тугатаётган эди. Шу сабабли “Бадоеъ ул-бидоя”нинг бу қўлёзмаси билан Навоий бевосита таниш бўлган, деб бемалол айтиш мумкин. Алишер Навоийнинг ўзи бевосита танишиб чиққан қўлёзмаси электрон нусхасининг қўлга киритилиши катта илмий ва тарихий янгиликдир. Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази мазкур қўлёзма факсимилесини илмий сўзбоши билан нашр этиш ниятида. Айни йўналишдаги илмий ва амалий фаолият бошлаб юборилди.
Роиқ БАҲОДИРОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Ўзбекистонга оид хориждаги
маданий бойликларни тадқиқ
этиш маркази директори,
фалсафа фанлари доктори, профессор.
Манба: ЎзА

Check Also

ИСЛОМГАЧА БЎЛГАН ДАВРДА СЎҒД ВА МОВАРОУННАҲРНИНГ ИЛК ИСЛОМ ДАВРИДА ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ ВА КАМОНЧИЛИК АНЪАНАСИ

📢 ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅ Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка …