Саҳобалардан Саҳл ибн Саъд ас-Соъидий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишига кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга илтижо килиб: “Эй Аллоҳ, олим (билимдон)га эргашилмайдиган, ҳалим (оқил)дан эса ҳаё қилинмайдиган бир замон устимга келиб қолмасин!”, дея олим ва муаллимлар ҳурмат қилинмайдиган замонда ҳаёт кечиришдан паноҳ сўрар эдилар (Имом Аҳмад ривояти).
Биринчи президентимизнинг фармони билан 1997 йилдан буён 1 октябрнинг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” сифатида кенг нишонланаётгани миллатимизнинг устоз-мураббийларга бўлган ҳурмат-эҳтиромининг амалдаги ёрқин ифодаси бўлди, десак муболаға бўлмайди. Давлатимиз раҳбари устоз мураббийларга таъриф бериб, “Агарки, дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касблар ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир. Чиндан ҳам ўқитувчи наинки, синф хонасига файз ва зиё олиб кирадиган, балки, минг-минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини бахш этадиган, ўз ўқувчиларига ҳақиқатдан ҳам ҳаёт мактабини берадиган мўътабар зотдир”, деган эди.
Чиндан хам устозлар мурғаклигимизданоқ қалбимизга эзгулик уруғларини сочади, қўлимиздан тутиб, маърифат сабоқларини беради, меҳр-муҳаббат улашади. Биз эришаётган улкан ютуқларимиз, қўлга киритаётган ғалабалармизда уларнинг ҳиссаси катта. Шу сабаб уларни мудом шарафлагимиз, ардоқлагимиз келади.
Афсоналарга кўра, машҳур саркарда Искандар Румийдан (Александр Македонский) “Нечун Арастуни (Аристотель) отангиздан ортиқ иззат қиласиз?”, деб сўрадилар. Искандар Румий жавоб берди: “Отам гуёки мени осмондан ерга тушурди. Аммо устозим Арасту мени ердан осмонга кўтарди. Яъни отам мени дунёга келмоғимга сабаб бўлди. Устозим илм ва одоб ўргатиб, мартаба ва иззатимнинг ортмоғига сабаб бўлди”.
Кўриниб турибдики, дунёни ўз илму маърифати билан лол қилган инсонлар ҳам доим устозини юксак қадрлаган, иззат-ҳурматини жойига қўйган.
Муқаддас динимизда илм-маърифатли кишиларнинг мақому мартабалари Аллоҳ томонидан юксакларга кўтариб кўйилиши ҳақида шундай марҳамат қилинади: “Сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган кимсаларни Аллоҳ баланд даражаларга кўтарур”, деди” (Мужодала сураси). Қатор ҳадиси шарифларда муаллимларнинг ҳурматини жойига қўйиш, уларга нисбатан тавозеъли бўлишга чақирилади. Жумладан,
Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: “Илм ўрганинг, илм учун сакинат ва виқорни ҳам ўрганинг. Ва сизларга илм ўргатаётганларга тавозеъ билан ўзингизни паст тутинг!” (Имом Табароний “ал-Авсат”да ривоят қилган).
Муаллимга кибр қилиш, уни менсимаслик тубан хулқ ҳамда нифоқ аломатларидан ҳисобланади. Имом Табароний “ал-Кабир”да ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Уч тоифа инсон борки, уларни фақат мунофиққина хорлайди: Исломда мўйсафид бўлган қария, илм соҳиби ва одил раҳбар”.
Жамиятимизнинг асосий мақсади ҳам Ватанга, халқига, миллатига фидокор мустақил фикрлайдиган, ҳар бир масалани онгли равишда масъулият билан ҳал қиладиган, изланувчан маънавиятли баркамол фарзандлар ўстириш, уларни жисмоний ҳам маънавий-ахлоқий жиҳатдан мукаммал қилиб тарбиялаш ва билимли, маърифатли кишилар этиб вояга етказишдан иборат. Демак, ана шундай иқтидорли талабалар, маънавиятли ёшларгина юртимизнинг таянчи бўлиши ва порлоқ келажагини яратиши мумкин.
Мана шу орзу қилган яхши ниятларимиз бугуннинг ўзида ўз самарасини бера бошлади. Буни барчамиз гувоҳи бўлмоқдамиз. Келажакда бу ислоҳотлар биз таълим-тарбия бераётган соғлом ва баркамол ўқувчи талабаларнинг маънавиятли инсон бўлиб жамиятга кириб бориши тобора кўпайиб боради ва бу вақти келиб янада яққолроқ кўринади.
Устоз ва муаллимга ўзни паст тутиб, хокисор бўлиш нажот эшиги, илм таҳсил қилишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Динимиз шунга буюради, шунга ўргатади. Бу устозларнинг шогирдлари устидаги ҳақларидандир. Уламолар айтадиларки, устоз ва муаллимлар фақат лаънати замон ва лаънати макондагина эҳтиром қилинмайдилар. Чунки, Набий алайҳиссалом олимлар ҳурмат қилинмайдиган замонда яшашдан, шундай бир замонга ризқлари қўшилган бўлишидан Аллоҳга сиғинган эканлар. Пайғамбар алайҳиссалом паноҳ сўраган замон эса энг машъум ва малъун замон бўлиши шубҳасиздир.