Home / МАҚОЛАЛАР / Ёшларга таълим ва тарбия беришда миллий ва маънавий меросимизнинг ўрни

Ёшларга таълим ва тарбия беришда миллий ва маънавий меросимизнинг ўрни

“Бизни ҳамиша ўйлантириб келадиган яна бир муҳим масала – бу ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, бир сўз билан айтганда, дунёқараши билан боғлиқ. Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким – ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акс-садо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин. Бунга ниманинг ҳисобидан эришамиз? Тарбия, тарбия ва фақат тарбия ҳисобидан” Шавкат Мирзиёев.

Ёшларнинг маънан шаклланиб, вояга етишларида миллий қадриятларимизнинг ўрни бениҳоят каттадир. Мамлакатимиз ривожланишининг моддий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимизни асраб-авайлаш,

айниқса, ёш авлод қалби ва онгига она юртга муҳаббат, миллий мафкуранинг асосий ғояларига садоқат туйғуларини чуқур сингдириш бугунги куннинг долзарб ва амалий масаласи сифатида юзага чиқмоқда.

Халқимизнинг асрлар давомида яратган олтин хазинаси – миллий-маънавий меросларимизни қайта таклаш ва ёшлар онгига сингдириш бугунги куннинг асосий масаласига айланди.

Миллатимиз шакллана бошлаган даврдан буён то ҳозиргача яратилган, ривожлантирилиб, қарор топтирилган, ҳозирги авлод фойдаланаётган ва ардоқлаётган асл қадриятларга “ўзбек миллий қадрияти” деб айтилади. Бундай қадриятлар сирасига шу халқнинг ўзи яратган, бойитган, сақлаб келаётган, авлоддан-авлодга ўтиб, ривожланиб бораётган бойликлар, аждодлардан қолган илмий, фалсафий, маданий, бадий асарлар, анъана, маросим ва бошқа қадриятлар киради.

Мамлакатнинг мустақил тараққиётини таъминлашда ёшларнинг халқимиз миллий-маънавий меросига бўлган муносабати устувор аҳамиятга эга. Бугунги кун ҳар бир ёш изланувчан, билимга чанқоқ, ғайрат-шижоатли ва меҳр-мурувватли бўлиши керак. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, баъзи бир ёшларимизнинг онгини бузғунчи ғоя ва мафкуралар эгаллаган. Шуниси ачинарлик, ёшлар орасида Ватанга бўлган муҳаббат, ватанпарварлик туйғуси, одамларга бўлган меҳр-оқибат камайиб бораяпти. Авваламбор, биз бундай иллатларни йўқотишимиз учун ота-обоболаримизнинг қолдириб кетган бой миллий-маънавий меросларини ёшларимизга ўргатишим лозим. Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат-ё фалокат масаласидир” деган фикри инсониятнинг яшаб туриши учун энг муҳим маънавий ибрат эканлиги бежизга айтилмаган. Бу маърифатпарварнинг ибратли сўзлари ҳозирги кунда ҳам ўзининг аҳамиятини юқотмаган. Халқимизнинг “Ўтмишни унутганнинг келажаги бўлмас” деган нақлига амал қилиб ёшлар тарбиясида ота-боболаримиз ўгитларидан ҳам кенг фойдаланиш орқали демократик тараққиёт ривожига ҳисса қўшувчи ёшларни шакллантиришимиз зарур.

Буюк аждодларимиз, жумладан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замахшарий, Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Фаробий, Абу Али Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий, Бурҳониддин Марғиноний Амир Темур, Хожа Аҳрор Вали, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобурлар бизга ўзларининг маънавий мерослари қолдириб кетганлар. Бу ота-боболаримиз қолдириб кетган меросларининг замирида ватанга муҳаббат, инсонийлик ғояси, умуминсоний қадриятлар мажмуи, одоб-ахлоқ, ватанпарварлик, фидойилик, халқлар ўртасида дўстлик, тинчлик ва умуман эзгуликка даъват этувчи ғоялар ётади.

Ҳозирги кунда ҳар бир миллий ва маънавий меросларимизни кўз қорачиғимиздек асраб-авайлаш, қайта тиклаш ва таъмирлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Эртага бизнинг ўрнимизга келадиган, биз бошлаган олижаноб ишларни муносиб давом эттиришга қодир бўлган ёшларимиз ана шу бебаҳо миллий ва маънавий бойликлармиздан баҳраманд бўлсин ва ўзининг кимлиги, қандай буюк зотларнинг авлоди эканини англаб етсинлар.

Олдимизга қўйган бандай эзга мақсадларга эришишда миллий қадриятларимиз ва ўзлигимизга садоқат билан ҳаёт кечиришда муқаддас динимиз ислом динининг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Нега деганда инсонийлик меҳр-оқибат, ҳалоллик, меҳр-оқибатни ўйлаб яшаш саҳоват ва мурувват сингари халқимизга мансуб бўлган фазилатлар айнан шу заминда илдиз отади ва ривожланади.

Бугунги кунда ислом динига нисбатан бутун дунёда қизиқиш ва интилиш кучайиб, унинг хайрихоҳ ва тарафдорлари кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бунинг асосий сабаби биринчи галда муқаддас динимизнинг ҳақиқий ва поклиги, инсонпарварлиги ва бағрикенглиги одамзодни доимо яхшилик ва эзгуликка чорлаши ҳаёт синовларида ўзини оқлаган қадрият ва анъаналарни аждодлардан авлодларга етказишдаги буюк ўрни ва аҳамияти билан боғлиқ.

 

Ибрагимов Муҳаммад
Наманган шаҳри “Исмоил Махдум” жомеъ масжиди имом хатиби

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …